Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Март, 2026   |   18 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:31
Қуёш
06:49
Пешин
12:39
Аср
16:35
Шом
18:24
Хуфтон
19:36
Bismillah
07 Март, 2026, 18 Рамазон, 1447

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат биҳиштға (Қирқ учинчи мавзу)

26.02.2021   1986   2 min.
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат биҳиштға (Қирқ учинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

     

Даража жаннат ичрадур секкиз,

Тенгри гар лутф қилса, еткайсиз.

Тенгри жаннатқа кимниким тергай,

Амалиға яраша ер бергай.

Анда ҳуру қусуру ғилмондур,

Неча лаззатки, ақл ҳайрондур.

Ҳар фароғатки эл хаёл этар,

Андин ортиқ биҳишт элига етар.

Жовидон ерларида бўлғайлар,

Ғам била ғуссадин қутулғайлар.

Барчадин яхши лаззати дийдор,

Бизга қилғай насиб, ё Ғаффор!

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Жаннат (ҳақлиги) баёни

 

Жаннат ичида саккизта даража бор, агар Аллоҳ лутфу карам қилса, унга етгайсизлар. Аллоҳ жаннат учун кимни танласа, унга амалига яраша (жаннатдан) жой беради. У ерда ҳурлар, қасрлар, ғилмонлар бор, яна ақл ҳайрон қоладиган неча лаззатлар бор.

 

Одамлар хаёл қилган ҳар неки фароғат – роҳат-ҳаловат бор бўлса, жаннат аҳлига ундан ортиқроғи тегади. (У мўъминлар) жаннат ерларида абадий қоладилар, ғам ва ғуссадан (мангу) қутуладилар.

 

Ҳаммасидан яхшиси Аллоҳнинг дийдори лаззатидир. Эй Ғаффор – мағфирати чексиз бўлмиш кечиримли Зот! Бизга ҳам у неъматни насиб айла!

 

ИЗОҲ. Аҳли суннат эътиқодига кўра, мўъминлар охиратда Аллоҳни кўрадилар, кофирлар кўрмайдилар (Байзовий). “Барчадин яхши лаззати дийдор” сатрига далил ушбу ояти карималардир:

 

Қиёмат сураси, 22-23-оятлар Маъноси: «Бир қанча юзлар у кун Раббилари (жамоли)га боқиб, ял-ял яшнаб тургувчидир».

 

Юнус сураси, 26-оят маъноси: «Яхшилик қилувчилар ва гўзал ҳаракат этувчилар учун янада гўзалроғи ва зиёдаси (Аллоҳнинг жамоли) бордир». 

 

“Бу ояти каримадаги «зиёда» сўзи Аллоҳни (охиратда) кўз билан кўрмоқ деган маънода тафсир қилинган” (Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий: «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди», 1-китоб, с. 39).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дам олиш кунларингизни қандай ўтказасиз?

27.12.2024   51435   3 min.
Дам олиш кунларингизни қандай ўтказасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Ибодатларни бажариш

1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.

1.2. Рўза тутиш. 

1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.

1.4. Таровеҳ ва таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).

 

2. Оилага яхшилик қилиш

2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).

2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

3. Илм олиш, китоб ўқиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.

 

4. Тафаккурга вақт ажратиш

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.

 

5. Муҳтожларга ёрдам бериш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).

 

6. Силаи раҳм қилиш

Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин) (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).

 

7. Спорт билан шуғулланиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.

 

8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).


Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар