Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Апрел, 2026   |   15 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:02
Пешин
12:31
Аср
16:58
Шом
18:55
Хуфтон
20:09
Bismillah
04 Апрел, 2026, 15 Шаввол, 1447

Охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир...

26.02.2021   2707   1 min.
Охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир...

Энг гўзал ғазал шарҳи:

  1. Масканинг охир чу туфроғдур,

не ўткармакдурур
Мадфанинг айвониға

кўк гунбазидин иртифоъ.

“Масканинг, охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир. Шундоқ экан, дафнгоҳинг, яъни қабринг айвонига кўк гумбаздан баланд бино кўтарганинг – юксак мақбара қурганинг нимаси? Бунинг нима нафи бор?”

Нуҳ сураси 17–18-оятларида айтилади (маъноси): “Аллоҳ, наботот каби, сизларни ердан ундириб чиқарди. Сўнгра сизларни яна унга қайтарур ва яна (маҳшар куни қабрлардан тирилтириб) чиқарур”.

 ИЗОҲ. “Аллоҳ, наботот каби, сизларни ердан ундириб чиқарди”, яъни: «Отангиз Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратди» (Жалолайн тафсири).  Оятларда келганидек, қабрдан тирилиб чиқишлар охиратдаги тирилишдир. 

         *   *   *

“Тазкиратул-авлиё” китобидан: “Нақлдирки, Ҳасан Басрий ҳазратлари бир гал бир жанозага борди. Маййитни дафн қилганларидан кейин Ҳасан мозор бошида ўтириб, шу қадар йиғладики,  тупроқ лой бўлди. Сўнгра деди: «Эй инсонлар! Ишнинг авали ҳам, охири ҳам лаҳаддир! Қарангиз, дунё манзилининг охири қабрдир, охират манзилининг боши ҳам қабрдир. Зеро (айтилгандир)ки: «Қабр – охират манзилларидан бир манзилдир». Охири шу лаҳад бўлган дунёда қандай шод бўлиб кезарсизлар?! Нечун авали шу лаҳад бўлган оламдан қўрқмассизлар?! Модомики, сизларнинг аввалу охирларингиз шу мозор экан, эй ғафлат аҳли, аввалги ва охирги манзил учун ҳозирлик кўрингиз!»

Мирзо Кенжабек,

“Навоий муҳаббати”

китобидан.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Улуғ хулқ қандай бўлади?

03.04.2026   6068   1 min.
Улуғ хулқ қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Хушхулқлик – бандаликнинг энг улуғ даражаси бўлиб, унда мардликнинг чин сурати намоён бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб фазилатлар ато этганига қарамасдан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқи хушлари билан мадҳ этди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).

Олимлар қайд этадилар: “Улуғ хулқ дегани шундай хулқ ҳисобланадики, бундай хулқ соҳиби ҳеч кимга нисбатан адоватда бўлмайди ва унда одамларнинг нафратига сабаб бўладиган заррача бўлса ҳам ёмон иллатнинг ўзи бўлмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳни танишнинг юксак даражалари туфайлидир”.

Бошқа олимлар дейдилар: “Улуғ хулқ – бу одамларнинг унга нисбатан қилган жабру жафоларини Аллоҳдан деб билганлиги сабаб улардан ранжимаслигидир”.

Олимларнинг қуйидагича фикрлари ҳам бор: “Улуғ хулқ – бу кишининг бутун борлиғию эътиборини фақат Аллоҳга қаратмоғидир!”.


Шунингдек, илоҳиёт олимлари юқоридаги оятни батафсил мана бу тарзда изоҳлаган эканлар:

“Эй Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиз улуғ хулқ соҳибисиз! Бу даража фақат сизгагина насиб этган. Бошқа ҳеч бир яралмиш хулқнинг бу даражасига кўтарила олмайди. Шунинг учун ҳам Сиз бошқаларнинг қўлидан келиши маҳол бўлган даражада матонатли, сабр соҳибисиз”.

Олимлардан яна бири бу оятни қуйдагича изоҳлаган экан: "Аллоҳнинг хулқи билан хулқланганингиз учун одамларнинг туҳмати, таънаю маломати Сизга салбий таъсир этолмайди ва Сиз уларнинг ёмонликларидан етажак уқубатдан фориғсиз. Зероки, ўз кучингиз билан эмас, Аллоҳ айтганидек, Аллоҳнинг ёрдами билан тоқат қиласиз".

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.