Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Октябр, 2026   |   2 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:14
Қуёш
06:32
Пешин
12:09
Аср
16:02
Шом
17:50
Хуфтон
19:04
Bismillah
13 Октябр, 2026, 2 Жумадул аввал, 1448

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ ВА ЎЗБЕКИСТОН

02.03.2021   3693   8 min.
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ ВА ЎЗБЕКИСТОН

 (2 март 1992 йилдан бери байроғимиз БМТда) 

 

“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга

киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!

Албатта у сизларга аниқ душмандир”.

Қуръони Карим, Бақара сураси 208 оят

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (инглиз. United Nations) БМТ – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.

 

 

БМТ Устави – барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро хужжатдир.

Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий хуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу хужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган хужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур хужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон хуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти мухтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

 

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72­-сессиясида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек,  давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсонни хуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва химоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужахон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон хуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ходисаларда халок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф мухитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камоли ва масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рахнамоликларида  хукуматимиз,  Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз рахбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар хали хамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари  

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

IRCICA бош директори: Ўзбекистоннинг маънавий-илмий мероси келажак тараққиёти учун муҳим манба

13.10.2026   26073   5 min.
IRCICA бош директори: Ўзбекистоннинг маънавий-илмий мероси келажак тараққиёти учун муҳим манба

Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида 7 октябрь куни "Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари" мавзусида анжуман бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.

Тадбир доирасида Ислом тарихи, илм-фани ва маданияти, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, бой маънавий мероснинг замонавий тараққиётдаги ўрни ҳамда маданиятлараро мулоқот масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази — IRCICA Бош директори, профессор доктор Маҳмуд Эрол Килич “Маънавий-маърифий мерос ва замонавий тараққиёт” мавзусида маъруза қилди.

Маърузачи ўз нутқида ўтмишнинг илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш инсоният учун нафақат тарихий хотирани асраш, балки тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, турли халқлар ва маданиятларнинг умуминсоний цивилизацияга қўшган ҳиссини холисона ўрганиш инсониятнинг умумий билим ва тажрибасини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Айниқса, буюк олимлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг асрлар давомида шаклланган таълимотлари бугунги дунёда маънавият, ахлоқ ва инсонпарварлик қадриятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ҳудуди жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутганини қайд этиб, Мовароуннаҳр, Хуросон ва умуман Марказий Осиё асрлар давомида илм-фан ва маърифатнинг муҳим марказларидан бири бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳудуди цивилизациянинг асосий ўчоқларидан бири бўлиб, бу ерда инсониятнинг турли соҳаларда тўплаган билим ва тажрибалари қабул қилинди, такомиллаштирилди, ривожлантирилди ва кейинги авлодларга етказилди. Турли эътиқод ва маданиятлар уйғун яшаган бу заминда ҳукмдорларнинг илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаши илмий изланишларнинг ривожига кенг йўл очди. Ана шу муҳитда шаклланган уч муҳим тамойил — турли манбалардан илғор ғояларни қабул қилишга очиқлик, тайёр ақидалардан кўра ақл ва тафаккурга таяниш ҳамда илм-фан ва диний билимларни бирлаштирувчи яхлит билим тушунчаси — бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.

Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Беруний каби буюк алломаларнинг мероси ана шу интеллектуал муҳитнинг юксак натижаси бўлди. Уларнинг илмий қарашлари нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатди. Шунингдек, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро, Яҳё Боку́вий Ширвоний ва Боязид Бистомий каби буюк маънавий алломаларнинг инсонлар ўртасида бирлик, тенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этган таълимотлари бугун ҳам жаҳон учун муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун ушбу меросни ўрганиш ва унинг замонавий дунё учун аҳамиятини қайта англаш ниҳоятда муҳим. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Учинчи Ренессанс ғояси ўтмишнинг бой маданий меросидан келажак тараққиёти учун илҳом олишга қаратилган узоқни кўзлаган стратегияни намоён этади. Бу жиҳатдан мазкур форум ҳам алоҳида аҳамиятга эга: у Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан цивилизацион меросни жаҳон илмий ва маданий маконига олиб чиқиш билан бирга, маданий дипломатия, ўзаро тажриба алмашинуви ва халқлар ўртасидаги мулоқотга хизмат қилади.

2026 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан расман очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу кенг кўламли ташаббусларнинг ёрқин намунасидир. Бу Марказ Марказий Осиёнинг исломгача бўлган даврдан замонавий давргача бўлган тарихини намоён этувчи, бой илмий ва маданий меросни бир жойга жамлаган муҳташам мажмуа ҳисобланади. Мен унинг очилиш маросимида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ҳали ушбу марказга ташриф буюрмаган барчани у билан танишишга самимий тавсия қиламан, — деди IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Килич.

У, шунингдек, IRCICA фаолияти ҳам ушбу мақсадлар билан уйғун эканини қайд этди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги халқаро ташкилот сифатида IRCICA 57 та аъзо давлат ўртасида умумий маданий ва тарихий мерос асосида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида билимга асосланган маданий алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Профессор Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ва IRCICA ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайганини ҳам қайд этди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари билан қўшма илмий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

IRCICA Бош директори бундай ҳамкорликлар буюк алломаларнинг илмий ва маънавий меросини бугунги ва келажак авлодларга етказиш, уларнинг ғояларини замонавий дунёда янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.

Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон, ЮНЕСКО ва халқаро ташкилотлар томонидан тадбирни ташкил этишдаги ҳамкорлик, шунингдек, форумда иштирок этган экспертларга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун: IRCICA — Ислом ҳамкорлик ташкилоти тизимидаги халқаро илмий-тадқиқот ва маданий ташкилот бўлиб, ислом тарихи, маданияти, санъати ва цивилизациясини ўрганиш, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари