Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2025   |   26 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:22
Аср
16:38
Шом
18:31
Хуфтон
19:44
Bismillah
18 Сентябр, 2025, 26 Рабиъул аввал, 1447

Тик туриб бавл қилишнинг тиббий зарарлари маълум қилинди

03.03.2021   5568   4 min.
Тик туриб бавл қилишнинг тиббий зарарлари маълум қилинди

Бир неча йил олдин Швециянинг парламенти мамлакатда эркаклар учун жамоат жойлари ва ҳожатхоналарида туриб сийишни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, улар гигиена нуқтаи назаридан шундай хулосага келишган. Умумий ҳожатхоналарда туриб сийиш оқибатида ҳожатхона ҳудуди сийдик билан тўлиб, турли нохушликларни келтириб чиқаради. Ўтириб ҳожат чиқарилганда эса, бундай ҳолат келиб чиқмайди.

Ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган Швеция парламентидаги Сўллар партияси фракциясининг маълум қилишича, махсус ўтказилган тадқиқот тиббий хулосаларига кўра, ўтириб сийганда простатит, сийдик йўллари касалликларининг олди олинади, эркакнинг жинсий фаоллиги мустаҳкамланади. Тик туриб сийиш эркакнинг жинсий соғлигига ёмон таъсир кўрсатади. «Шунингдек, биз одамларга покиза ҳожатхоналардан фойдаланишга имконият яратамиз», — дейди партия вакили. Бу ҳақда Islamonline.uz хабар берди.

14 аср илгари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам эркакларга ўтириб сийишни таълим берган эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Сизларга ким: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб сийган эдилар, деса ишонманглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирибгина сийган эдилар» деб айтган эдилар (Имом Аҳмад 1/192, Термизий 1/27, ибн Можа 307).

Ушбу ҳадис ровийси Термизий раҳимаҳуллоҳ: «Бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг саҳиҳи шу ҳадисдир. Чунки бундай қилиш авратни тўсувчироқ ва пешобнинг сачрашидан ҳимоя қилувчироқдир» – деганлар.

Исломда фан билан шуғулланиш рағбатлантирилади, чунки ҳақиқат исломда экани, фан эса Қуръон ва суннатда айтилган нарсаларни фақат тасдиқлашини билишади.

Буни ғарблик мутафаккир Ш. Мисмар ҳам қайд этган: "Насронийлар фан туфайли дин-этиқодни йўқотмоқда, мусулмонлар эса аксинча, кучайтирмоқда". Фан бундан 1400 йил олдин Қуръон ва суннатда айтилган нарсаларни доимо тасдиқлайди, бу билан ҳатто бутун бошли фан бўлими - Қуръон ва суннатда илмий эъжоз ҳам шуғулланади.

Яқинда тиббиётга оид нашрларда пайдо бўлган хабарга кўра, тик турган ҳолда сийиш сийдик йўллари саратонига олиб келиши мумкин экан. Гап шундаки, тик турган ҳолда сийишда сийдик пуфаги сийдикдан тўлалигича бўшамас экан. Сийдик қолиб кетиши эса саратонга олиб келиши мумкин экан. Ўтирган ҳолда сийганда эса сийдик пуфаги тўлалигича сийдикдан бўшайди.

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) табиб ҳам, шифокор ҳам, олим ҳам бўлмаганлар, на ўқишни ва на ёзишни билганлар. Ундай бўлса, олимлар эндигина кашф қилган нарсани улар қаердан билганлар? Чунки буни ҳар нарсани билгувчи Аллоҳ билдирган. Аллоҳ бизни тўғри йўлдан – суннатдан адаштирмасин.
***
Сийиш билан боғлиқ нозик масалани жавобсиз қолдириш мумкин эмас, чунки «унитаз» билан боғлиқ муаммолар эркаклар соғлиғи умумий ҳолати ҳақида далолат беради. Бизнинг экспертлар - уролог, сексолог Катерина Комаревцева ва уролог, хирург Игорь Пирожок қай ҳолатда сийиш яхшироқ эканлиги ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Катерина Комаревцева: «Нидерландиялик олимларнинг тадқиқот натижалари шуни тасдиқлайдики, ўтирган ҳолда сийиш эркаклар учун фойдали экан. Бу ҳолатда тос ости мушаклар бўшашади, мос равишда, сийдик оқими яхшиланади ва сийдик пуфайги яхшироқ бўшатилади».

«Эркак киши шикоят билан келганда сийдик қолдиғи қанча қолганлигини аниқлаш учун у сийишдан олдин ва сийгандан кейин УЗИ текширувига юборилади. У умуман қолмаган бўлиши ҳам, бир литр чиқиши ҳам мумкин. Айнан ўтирган ҳолда сийиш сийдикнинг тўлиқ чиқиб кетишини таъминлайди», – қўшимча қилди уролог.

Мутахассиснинг сўзларини Игорь Пирожок ҳам тасдиқлади: «Мен операциядан кейин мижозларимга айнан утирган ҳолда сийишни тавсия қиламан. Уларнинг ўзлари ҳам бу анча қулай эканлиги ҳақида ҳикоя қиладилар – сийдик пуфаги бундай ҳолатда камроқ оғриркан. Ўтирган ҳолда сийиш эркакларда сийдикни ҳайдайдиган мушакларга яхшироқ таъсир этади, тос туби мушакларининг бўшашини яхшилайди. Агар эркак киши ўтирган ҳолда сиядиган бўлса, сийдик пуфагидаги босим пасаяди ва сийдик қайтариладиган оқим бўлмайди – рефлюкс ҳам, пиелонефрит ҳужуми ҳам йўқ. Ша сабабли бундай муаммоси бўлган эркаклар ўтирган ҳолда сийганлари маъқул. Эҳтимол, бу ғайриодатий бўлиб туюлар, лекин тиббиёт нуқтаи назаридан бу мутлақо асослангандир».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бомдод намозидаги суннат амаллар

17.09.2025   2562   3 min.
Бомдод намозидаги суннат амаллар

1. Бомдод намозининг суннатини енгил ўқиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида азон ва иқомат орасида енгил икки ракат ўқир эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

2. Биринчи ракатда Кафирун, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракатида “Қул йаа айюҳал каафирун” ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқирдилар» (Имом Муслим ривояти).

 

3. Суннатдан сўнг озгина ёнбошлаш.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозининг суннатидан кейин ўнг тарафлари билан озгина ёнбошлаб ётар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

4. Ёсин сурасини ва Ҳашр сурасининг охирги уч оятини тиловат қилиш.

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Ёсин” Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Ким “Ёсин”ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади» дедилар (Имом Термизий, Имом Байҳақий ривояти).

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким субҳ чоғида уч марта “Аъузу бисмиллаҳис самийъил алийм, минаш шайтонир рожийм” деб, Ҳашр сураси охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

5. Бомдод намозидан кейин ўша жойда ўтириш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг намоз ўқиган жойларида то қуёш яхши чиқиб олгунича ўтирар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

 

6. Қуёш чиққанидан сўнг икки ракат ишроқ (қуёш чиқиши) намозини ўқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

7.Сўнгра зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
 

Даврон НУРМУҲАММАД