Мақолалар

Даврий нашрларда: Савоби йўққа чиқмасин!

Халқимиз саховатли, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам беришга доимо шай. Юртдошларимиз орасида савоб ишлар қилиб, одамларга, элга нафи тегишини ҳаётининг мазмунига айлантирган солиҳлар кўп. Бироқ орамизда яхшиликларини миннат қилиб, савоб амалларини йўққа чиқарувчилар ҳам учраб туради.

Миннат туфайли қилган эзгу амалларимизга соя тушади, саховатимизга путур етади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Остидан анҳорлар оқиб турадиган, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл боғ эгаси кексайиб, нотавон (ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими?! Тафаккур қилурсиз деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади» (Бақара сураси, 266-оят).

Оятда Аллоҳ йўлида қилинган хайрли ишлар, савоб амаллар мевазор боққа қиёсланиб, ўтли бўрон боғни куйдирганидек, садақа ва саховат кетидан қилинган миннат солиҳ амалларни йўққа чиқариши айтилган. Демак, мўмин киши, “мен сенга фалон яхшиликни қилган эдим, лекин сен билмадинг”, деб ҳеч қачон миннат қилмаслиги керак. Аввало, яхшилик биров билиши учун қилинмаслигини теранроқ англаш зарур. Зеро, “Яхшилик қил – дарёга ташла, балиқ билади, балиқ билмаса – Холиқ”, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” каби ҳикматли гаплар бежиз айтилмаган.

Миннат яхшилигимиздан манфаат кўрган кишига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгли ўксийди, қаттиқ ранжийди. Бобомиз Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида бундай кишиларнинг кўнглидан нималар кечишини гўзал тарзда баён қилган:

Бу бедод аҳлидин гар жон бериб махлас эрур мумкин,
Қилиб жонни фидо, биллаҳки, миннат қўйғамен жонға.

Яъни, мутафаккир шоир миннат қилувчи кимсаларни золимга тенглайди. Улардан ҳатто жонини бериш эвазига халос бўлиш мумкин бўлса ҳам, бунга бажонидил тайёр эканини айтади.

Миннат барча хайрли амалларимизни ювиб кетар экан, бунга доимо эътиборли бўлайлик. Беш кунлик дунёда билиб-билмай бировнинг кўнглини оғритиб қўйишдан ўзимизни тияйлик. Яхшилигимизни пеш қилиб, Яратганга гуноҳкор бўлмайлик.

Каримқул МАВЛОНОВ,
Бекобод тумани

1367 марта ўқилди

Мақолалар

Top