Мақолалар

Рўзага доир 3 саволга 3 жавоб

Савол: Рўзадор одам қон анализи топширса бўладими ? 

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, рўзадор одам турли мақсадларда қон топшириши мумкин, бу иш билан унинг рўзаси очилмайди. Чунки рўза ичга кирувчи нарсалар сабабли бузилади. Лекин рўзадор қон топширса, заифлашиб қоладиган бўлса, макруҳ бўлади. Бу ҳолатда қон топширишни ифтордан кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.

 

Савол: Рўзадор таҳоратда оғиз-бурнини чайиши мумкин?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор ҳам таҳорат қилганда оғиз ва бурнини чайиши жоиз, лекин муболаға қилиб, ғарғара қилмайди, бурнига қаттиқ сув тортмайди. Таҳорат пайтида рўзадорнинг оғзидан ва димоғидан ичига сув ўтиб кетса, рўзаси бузилади. Рамазондан кейин бир кун қазо рўзасини тутиб беради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.

 

Савол: Саҳарликда таҳоратсиз рўзани ният қилса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта, саҳарликда таҳоратсиз бўлсада рўзани ният қилиш мумкин. Ният дуруст бўлиши учун таҳорат шарт қилинмайди. Таҳорат – намоз ўқиш ва Қуръони каримни ушлаш каби ибодатларда шарт бўлади. Ҳатто, жунуб киши баданидан нажосатни кетказиб, қўл-бетини ювиб, оғиз бурнини чайиб, саҳарлик қилиши ва рўзани ният қилиши жоиз. Табиийки, оғиз ёпгандан кейин ғусл қилиб олади.  Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.

1781 марта ўқилди

Мақолалар

Top