Мақолалар

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

“Лайлатул қадр” кечасининг қандай фазилатлари бор? Унда қандай амалларни бажариш керак?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.Қадр кечаси ва ундаги фазилатлар тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Қадр” номли бутун бир сура нозил қилган: "Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 1-5 оятлар).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Саҳобалар Расули акрам алайҳиссаломдан уни қайси кеча эканини сўраганларида ойнинг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кечани тунлари ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, Рамазон ойининг ушбу фазилатли кечаларини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳиммат қилишимиз, кўпроқ ибодат, намоз, зикр, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Айниқса, ушбу кечада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек: “Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи Зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт” дуосини кўп айтиш мақсадга мувофиқ.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

1623 марта ўқилди

Мақолалар

Top