Мақолалар

Даврий нашрларда: Қадр сурасининг тасаввуфий тафсирлари 

«Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул Маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси).

* * *

Мутасаввиф муфассирлар Нажмиддин Кубро, Хожа Муҳаммад Порсо, Яъқуб Чархий ва Ҳусайн Воиз Кошифий тафсирларидан Қадр сураси фазилатлари баёнини қисқача келтирамиз.

Нажмиддин Кубро “Ат-таъвилот ан-Нажмийя” асарида ёзади: «Эй қадр кечасининг толиби, қалби ва кўксининг кенг бўлишини талаб қилувчи! Билгинки, Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул Маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик», деган.

Қуръон шундай нурки, у билан қалб кенг ва хотиржам бўлади. Бу махсус жамол бўлиб, камолот аҳли қалбига, яъни танасига берилган омонат нурдир. Унинг танасидаги соя зулматнинг эмас, нурнинг соясидир. Ўзга таналар бундай эмас, чунки уларда зулматнинг соялари бор. Руҳ қуёши чиққач, зулмат соялари йўқолади.

«(Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?!»: “У кеча тананинг зулмати маскан топган кечадир. У кеча минг ойдан яхшидир”.

«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир»: “Зулматнинг ҳайбатидан қўрқиш лозим. Самимий зикр ила илтижо қилиш ва Набий алайҳиссаломга эргашиш керак. Ҳодий ва маҳдий бўлмиш бир шайхнинг этагини тутиш зарур. Ўшанда ҳаёт сувлари қайнаб чиқадиган булоқ, чашма кўзига етамиз. Унинг сувидан Ҳабиб алайҳиссаломнинг муборак идишлари билан ичамиз. Шунда фаришталар нозил бўлаётганини руҳониятимиз билан мушоҳада қиламиз. Қудсий, махфий қувват руҳини мушоҳада қиламиз.

Тўртинчи оятда: «У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар», дея фаришталар ва Руҳнинг тушиш хабари берилган.

Фаришталар фақат оламлар Парвардигорининг изни билан адашишлардан фориғ, ботил офатлардан саломат бўлган қалбга нозил бўлади. Улар соғлом қалб эгаларига: “Сизга салом бўлсин!” дейишади. Чунки бу кеча то тонг отгунча саломатлик, яхшиликдир: «У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир».

Нажмиддин Кубро ҳазратлари сура тафсирини қуйидаги дуо билан тугатади: “Ё Аллоҳ, қадримизни юксалтир, доимо Сени зикр қиладиган бандаларингдан айла. Ҳабибинг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурмати туфайли қалбларимизни кенг қил!”

* * *

Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу “Тафсири Хожа Муҳаммад Порсо” китобида Қадр сурасининг фазилати ҳақида Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу ривоят қилган: “Ким Қадр сурасини ўқиса, унга шунча кўп ажр бериладики, худди Рамазон ойи рўзасини тўлиқ тутиб, Қадр кечасини ибодат билан бедор ўтказганчалик савобга эга бўлади”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирган.

Сўнгра “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни изоҳлаб, “Ҳақ Маъбуднинг номи билан. У кечирувчи, халойиққа раҳм қилувчи улуғ Зотдир. Унинг Каломини ўқийман. Унинг номи билан бошлайман. Бу ўринда Аллоҳ таолонинг Исми Аъзамига ишора бор. Аллоҳ лафзи Исми Аъзамдир. Раҳмон ва Раҳим эса Унинг сифатларидир”, деб ёзади.

“Бисмиллаҳ” уламоларнинг қалбларини мушоҳада қилишга чорлайди. Орифларнинг қалбларини муҳаббат шарбати билан маст қилади.

* * *

Ёқуб ибн Усмон ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Ғазнавий Чархий “Тафсири Чархий” асарида Қадр сурасининг тафсирида ёзади: «Албатта, биз тақдир қилинган кечада Қуръони каримни юбордик. Жаброил алайҳиссалом “Лавҳул маҳфуз”дан Қуръони каримнинг ҳаммасини Қадр кечасида тўртинчи осмонга, яъни, “Байтул иззага” олиб тушди. Ундан кейин ٢٢ йил, баъзиларнинг сўзларига кўра, ٢٣ йил давомида оят-оят қилиб Расулуллоҳ алайҳиссаломга келтириб турди.

Муфассир дастлаб Қадр сурасининг мазмунини келтиради. Бир йилда бир келадиган Рамазон ойида бўлган ушбу минг ойдан афзал кечада кундузи рўза тутиб, кечаси намоз ўқиб, бедор бўлиш лозим. Олимларнинг кўпчилиги Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида, тоқ саналарда, дейдилар. Баъзилари 27-кеча, дейишган.

Ким Қадр кечасида шом ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқиса, ушбу кечада бериладиган савобларнинг ярмини топади. Кечанинг яширилганлиги Рамазон кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишнинг ҳикмати катта эканига ишорадир.

Муфассир Қадр кечасини улуғлаб:

Агар тиласанг ҳилол, тоатинг бўлса бадр,

Рамазон бил ҳар ойни, ҳар кечани бил Қадр,

деб шеър ёзган.

Бу кечада Аллоҳ амри билан Жаброил алайҳиссалом бошчилигида фаришталар Ер юзига тушиб, кун ботганидан то тонг отгунича бир йиллик ишларни белгилашади. Барча ёмонликлардан холи, шайтон ҳеч қандай найранг қила олмайдиган кечада фаришталар солиҳ кишиларга кўп салом йўллайдилар.

* * *

Ҳусайн Воиз Кошифий “Тафсири Ҳусайний” асарида: «Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Бани Исроил қавмида минг ой қурол кўтариб, жанг қилган кишилар бўлгани ҳақида айтадилар. Саҳобалар ажабланиб, биз қисқа умримизда бундай кўп хайрли ишларни қандай қиламиз, деб сўраганларида, Аллоҳ таоло Қадр сурасини нозил қилди.

«Албатта, биз шу пайтгача зикр қилинмаган, қудрат ва шуҳратга далолат қиладиган, улуғ ва шарафга бой Қуръонни муборак кечада туширдик». Қадрли кеча, яъни Қуръон нозил бўлишининг бошланиши шу кечада эди. Ёки Қуръоннинг ҳаммаси шу кечада нозил бўлди. Ёхуд шу кечада Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига туширилди. Байтул иззадан юборилди. Руҳул амин 23 йил давомида оят-оят ва сура-сура қилиб, тартибли ҳисобда дунёга олиб тушди.

«Сизга билдирмасак, нимани ҳам била оласиз».

Қадр кечаси иззатли ва шарафли вақтдир, уни тоатда ўтказиш иззат топишга васила бўлади. У кечада қилинган яхши амал Аллоҳ таолога яқин бўлиши билан қадрлидир. “Қадр” бу ерда ҳукм маъносидадир. Уни бир неча қисмга бўлиш мумкин. Барча яхшиликларга тўлдирилган, камчиликдан холи экани билан ҳикматлидир. Яна бир номи танг (тўла)дир. Чунки бу кечада бутун Ер юзи фаришталарга тўлиб кетади».

Кўпчилик уламолар бу кеча Рамазон ойининг охирги ўн куни кечаларидан бири эканини умид қилганлар. Ҳанафий уламолари Рамазоннинг ٢٧-кечасини “Лайлатул Қадр” сўзлари (арабчаси)нинг ҳарфларини учга кўпайтириш ва сурадаги калима (сўз)лар сонини ҳисоблаш орқали чиқарганлар.

Шеър:

Қадр кечасида одат айласанг тоат,

Билки, сенга ҳар кеч, қадрли ҳар соат.

Ҳазрат Хожа Муҳаммад Порсо тафсирида зикр қилинишича, Одам алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳлари ҳам Қадр кечаси Ер юзига тушади.

“Басоир” (тафсири)да келтирилишича, Жаброил алайҳиссалом бошқа фаришталар билан бирга ерга туширилади. Улар мўминларнинг уйларига кирадилар ва улар билан саломлашадилар. Жаброил алайҳиссалом салом беришининг белгиси мўминларда баданнинг титраши, қалбларининг юмшаши ва кўзларининг ёшланиши билан бўлади.

Уламолар ва орифлар айтишича, бу суранинг сирлари жуда кўп. “Жавоҳир”да бу ҳақда тўлароқ зикр қилинган.

Масъудхон ИСМОИЛОВ,

ЎзХИА доценти, тарих фанлари номзоди,

Абдумалик ЭГАМОВ,

ЎзХИА таянч докторанти

1856 марта ўқилди

Мақолалар

Top