Мақолалар

Рамазондан сўнг нима қиламан? (олтинчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўғри сўзлик ва тилини ва аъзоларини Аллоҳ харом қилган ишлардан тийиш

Рамазон ойида тўғри сўзликни одат қилган ва тилни ёлғон, ғийбат, чақимчиликдан эҳтиёт қилган мусулмон йилнинг бошқа даврида ҳам бу маъсиятлидан эҳтиёт бўлиши ва бу ишларга қайтмаслиги керак. Аллоҳ таоло бу борада шундай дейди:

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”! (Тавба сураси 119-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта тўғри сўзлик яхшиликка етаклайди, ва албатта яхшилик жаннатга етаклайди. Бир инсон доимо тўғри сўзлайди, натижада у содиқлардан бўлади. Ёлғон эса фожирликка етаклайди, фожирлик эса дўзахга етаклайди ва бир киши доимо ёлғон гапирса у Аллоҳ олдида ёлғончи деб ёзилади”.

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Аллоҳ таоло айтади: Эй мўъминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейпшни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. (Ҳужурот сураси 12-оят).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”- деганларини эшитдим.

Муслим ривоят қилган.

Силаи раҳм қилиш

Рамазон ойида қариндошлик ришталари боғлиқ бўлиб турган бўлса, мусулмон инсон бу ришталарни давом эттириши керак ва билиши керакки Аллоҳ таоло қариндошларга яхшилик қилишга амр қилган ва бу амал ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу борада шундай дейди: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз. Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир”. (Нисо сураси 1-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: “Кимки ризқи кенг бўлишини, ўзгаларга таъсири узоқ бўлишини ҳоҳласа силаи раҳм қилсин”.

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Силаи раҳм аршга муаллақ туради ва дейди кимки мени боғласа Аллоҳ уни боғлайди, кимки мени узса Аллоҳ уни узади”.

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

(Давоми бор)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

1449 марта ўқилди

Мақолалар

Top