Мақолалар

Муфтий ҳазрат Косонсой туманидаги “Аълохон Махдум” жоме масжидига ташриф буюрдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Косонсой туманидажойлашган “Аълохон Махдум” жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари меҳр ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб келишди.


Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида бугунги кунда юртимизда диний-маърифий соҳада, хусусан, масжидлар ободончилиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар, зиёрат туризми борасида йўлга қўйилаётган янги-янги хизматлар замирида халқ фаровонлиги, динимиз ривожини янада юксалтириш мақсад қилинаётгани жонли мисоллар билан ёритиб бердилар. Бу билан чекланиб қолмай, ҳали олдинда бунданда хайрли ишлар ташаббус қилинаётгани, вақти билан булар амалга ошиши қайд этилди.


Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларга муфтий ҳазратлари Аллоҳ таборака ва таолонинг ўлкамизга берган неъматлари ҳақида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазрат сўзлари бу кунларни қадрлаш, муҳтарам Президентимиз томонларидан берилаётган шарт-шароитлар учун Парвардигоримизга шукроналар айтиш, бу неъматларнинг давомли бўлиши учун дуолар қилишни сўзладилар.


Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида диний соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, Мир Араб мадрасасининг дунёдаги нуфузини инобатга олган ҳолда олий мақомга кўтарилгани, 500 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар ўз фаолиятлари йўлга қўйилгани, яқинда ташкил этилган Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юрти тўрт йилдан кейин олий бўлиши, Имом Бухорий ҳазратларига мос шаклда мажмуа қайта бунёд этилаётгани, Етти Пир обод қилинаётгани ҳақида сўз қилиб бердилар. Мана шундай ўзгаришларни кенг халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш зарурлиги тўғрисида гапирдилар.


Муфтий ҳазратлари сўзлари якунида Аллоҳ таоло насиб этса, яқин кунларда мўмин-мусулмонларимиз учун яхши хушхабарлар бўлиши ҳақида сўз қилиб, Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Шунингдек, суҳбат ниҳоясида намозхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ЎМИ матбуот хизмати

1636 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Гўзал хулқ Навоий ижодида ҳадислар ўрни »

Мақолалар

Top