Мақолалар

Ҳилол исломнинг рамзи ҳисобланиши, маъноси, қачон жорий бўлгани ҳақида

Ярим ой Исломнинг халқаро миқёсда тан олинган рамзи ҳисобланади. Дунё бўйлаб насронийларни хоч, яҳудийларни Довуд юлдузи ва мусулмонларни янги ой билан тасаввур этишади. Аммо ҳилол Ислом рамзи сифатида қачондан жорий бўлган?

Исломнинг илк даврлари

Илк мусулмон жамиятида тан олинган бирор бир рамз йўқ эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом даврида ислом қўшинлари ва карвонлари ўзларини танитиш мақсадида оддий рангли, одатда яшил, оқ, баъзан қора байроқлардан фойдаланганлар. Кейинги авлод мусулмон етакчилари ҳам оддий оқ, қора, қизил ва яшил рангли байроқлардан фойдаланишда давом этдилар, уларда бирор бир белги, ёзув ёки рамз йўқ эди.
Масалан, Умавийлар қора, Аббосийлар эса оқ байроқ ишлатган. Саудиянинг ҳозирги яшил байроғи Аббосийларнинг еттинчи ҳукмдори Халифа Маъмун томонидан илк бор яшил байроқ сифатида қабул қилинган.
Усмонийлар аввал мовий байроқдан фойдаланиб, кейин уни қизил билан алмаштирган.

Усмонлилар давлати

Усмонлилар даврида ярим ой ва юлдуз рамз сифатида мусулмон дунёсига кириб келди. Милодий 1453 йилда Усмонлилар Константинополни (Истанбул) забт этганда, улар байроғи ва рамзига ҳилол-янги ойни акс эттирдилар.

Сабаби Қустонтиния қалъаси 3 қаватли мустаҳкам девор бўлгани сабабли бир неча асрлар давомида уни ҳеч ким забт эта олмаган. Шунда Султон Муҳаммад Фотиҳ юзлаб км узоқликда жойлашган қўшинини қалъанинг барча томонидан келтириб, қуруқликдан ҳам, сувдан ҳам бир вақтнинг ўзида ҳужум қилиб қалъани ишғол қилишни режа қилади. Бу ҳужум ҳамма бўлинмаларнинг қўмондонлари шом вақтида янги ойни кўришлари билан кечаси йўл юриб, ўзлари учун қалъанинг белгиланган нуқтасига бориб тонг отиши вақтига тўғри келди.

Мислсиз ғалаба сабаб янги ой ислом рамзи сифатида байроқларга кўчди. Ундан олдин на Қустонтинияда ва на бошқа дин вакилларида ой диний рамз сифатида олинганлиги бирор бир манбада исботланган эмас!

Бошқа маълумотларга кўра, Усмонли давлати бошлиғи Фотиҳ Султон шаҳарга қўшин киритишдан олдин тушида ҳилолни кўради ва буни зафарга мужда сифатида қабул қилиб, ярим ойни ўз давлатига рамз деб эълон қилади. Ярим ой ичидаги беш юлдуз Исломнинг беш устунини англатади. Беш нуқта Усмонли байроқларида доим ҳам тасвирланмаган ва баъзан битта юлдуз белгиси ҳам ишлатилган ва бугунги кунда ҳам мусулмон дунёси ва шарқ халқларида ишлатиладиган байроқларда ҳам уларнинг сони ҳар хил.

Юзлаб йиллар давомида Усмонлилар давлати мусулмон оламини бошқарган ва ушбу рамз Ислом дини белгиси сифатида одамлар онгига сингиб борди. Ой рамзи, аслида, ислом динига эмас, Усмонлилар давлати билан боғлиқ.

Исломда рамзга муносабат қандай?

Ушбу тарихий маълумотга асосланиб, баъзи мусулмонлар ярим ойни Исломнинг рамзи сифатида ишлатмайдилар. Исломда тарихан ҳеч қандай рамз бўлмаган деб ҳисоблайдилар. Кўпчилик Каъбани, хаттотлик ёзувини ёки масжиднинг оддий тасвирини Ислом рамзи сифатида ишлатишни афзал кўришади.

Уламолар ҳилолни рамз сифатида ишлатилиш борасида бирор кароҳият мавжуд эмас деганлар, шунингдек, ҳилол янги ойни бошланишини билдиради ва уни кўриш орқали Рамазон эълон қилинади.

Ғарб тарихчилари Исломдан бир неча минг йил олдин ҳам бу белги, яъни ҳилол ой рамзи бор эканлиги ва қадимги халқлар ўзларининг рамзи сифатида ишлатганлиги тўғрисида маълумотларни илгари суради. Рамзнинг келиб чиқиши ва қандай маъноларни акс эттиргани тўғрисида эса маълумотларни тасдиқлашнинг имкони йўқ, дейдилар.

 

А.Тошпўлатов
Ислом институти «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси мудири

2055 марта ўқилди

Мақолалар

Top