Мақолалар

Нега ғийбат қиладилар?

Кўчадан кетар экансиз, агар тўғри йўлингиздан юрсангиз ҳеч ким сизга эътибор бермайди. "Ўз йўлидан кетаётган бир инсонда", деб қўяди. Мабодо кетиш жараёнида йўлдан чиқиб, йўл четидаги ўт-ўланларни босиб ёки гоҳ ўнга, гоҳ чапга чайқалиб ҳаракат қила бошласангиз одамларни назарини торта бошлайсиз. Демак, киши ўзининг баъзи ножўя юриш-туришлари билан кишиларнинг гап-сўзига сабабчи бўлиб қолиши мумкин экан. Бу ҳар ким ўзининг ҳатти-ҳаракатига эътиборли бўлиш кераклига далолат қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ушбу ояти каримага кўра ғийбат қилиш мутлақо ҳаром амалдир. Уни ҳалол санашга ҳеч қандай баҳона йўқ. Аммо инсонлар нега ғийбат қилаверадилар? Бунга асосий сабаб аввало илм ёки тақвони йўқлиги бўлса, ҳасад, ўзаро гина, кудрат ва бошқа нарсалар ҳам ғийбатга сабаб бўлиши мумкин. Агар ғийбатлар энг кўп учрийдиган жойларга назар солсак, бу маҳалла-гузар, иш жой ва ижтимоий тармоқлар бўлиб чиқади. Чунки ушбу жойлар инсонлар ҳамда манфаатлар кўп тўқнаш келадиган жойлар ҳисобланади. Энди буларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

  1. Маҳалла. Маҳаллада баъзи инсонларнинг анъанавий ва диний қадриятларни ҳурмат қилмасликлари, масалан, аёл-қизларни ҳаддан зиёд беҳаё кийиниб юришлари, "унаштирилган" деган баҳонада баъзи йигит қизларнинг кўчада бирга дайдиб юришлари (ваҳоланки, улар ҳали бир-бирига шаръий никоҳи йўқ номаҳрам ҳисобланадилар) ёки спиртли ичимликларни ичиб олиб кўчада, уйда баланд овоз билан жанжал кўтаришлар ва баъзи тарбиясиз, уятсиз қилиқлар ўз-ўзидан маҳаллада ғийбатларни кўпайишига сабаб бўлади.
  2. Иш жой ёки корхона. Иш жойда раҳбар кишиларни корхонага тушган даромадни, мукофот пулларини адолат билан тақсим қилмасдан, катта қисмини ўзлаштириб дабдаба маишатга берилиб кетиб, қўл остидагиларига зулм қилишлари. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг" (Бақара сураси, 188-оят). Бундай ҳолларда корхонанинг зулм кўрган оддий ходимлар "юракларини бўшатиб олиш" баҳонасида ғийбатга берила бошлайдилар. Раҳбарлари эса буни сезсалар ҳам ўзларини юриш-туришларини ўнглаш ўрнига гап қилувчиларни "ичи қора"ликда "кўра олмовчи"ликда айблаб юраверадилар.
  3. Ижтимоий тармоқлар. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб инсонларни ахборот алмашинуви осонлашгани кўпгина қийинчиликлари бартараф бўлгани айни ҳақиқат. Аммо масаланинг иккинчи томони шуки, ҳали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини кўпчиликни ўзлаштирмаганлиги баъзи ножўя ҳатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаётимизда ножоиз саналадиган ғийбат, жосуслик, бировни обрўсини тўкиш, уятсизлик, ҳақорат ижтимоий тармоқда ҳам ҳаром, ножоиз саналади. Кўз кузга тушиб турганда айта олмайдиган сўзларини ижтимоий тармоқ орқали бемалол айтиб юбораверадилар.

Мана кўриб турибмизки, орқамиздан ғийбатларни урчишига фақатгина "ичи қора" ва ҳасадгўйлар эмас, балки ўзимизнинг баъзи ножўя ҳатти- ҳаракатларимиз ҳам сабаб бўлади. Унвонул баён китобида "Кимнинг айби кўпайса ғийбати узун бўлади" дейилади. Баъзилар эса ғийбат қилинганда кишини гуноҳи ғийбатчига ўтиши тўғрисидаги ҳадисни нотўғри талқин қилиб "Орқамдан гапирса гапираверсин гуноҳларим тўкилади" деб ўйлайди . Ваҳоланки Исломда гуноҳдан бу йўл билан фориғ бўлинмайди. Мусулмон киши бундай гуноҳга сабаб бўладиган ҳолатларга ўзи тугул бошқаларнинг ҳам тушиб қолишига асло рози бўлмайди. Қуръони карим оятларида:

 

"Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз" (Ҳужурот сураси, 10-оят) ва бошқа оятда: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир" (Моида сураси, 2-оят) дейилади.

Аллоҳ таоло барчамизни зоҳир ва ботинимизни ислоҳ қилсин. Фақатгина Ўзи хоҳлаган ва рози бўладиган йўлдан юришни насиб қилсин!

 

Аъзамжон МУСАЕВ

1414 марта ўқилди

Мақолалар

Top