Мақолалар

Силаи раҳм – қариндошлик муносабатларини яхшилаш

“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони билдиради.

Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар ичида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингил каби яқин қариндошлардир.

Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак хадисларида бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:

“Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

“Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари).

Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: 

“Кесувчи жаннатга кирмайди”.

Силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир.

Динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар. , динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар.

Бир куни Сулаймон ибн Абдулмалик Дамашқ масжидига кирди. Унда қария бир мўйсафид ўтирганини кўрди. Унинг олдига бориб:

 - “Эй қария! Ўлишни хоҳлайсизми?” -  деди. У:

 - “Асло, йўқ. Эй Амирул мўминийн” -  деди. Сулаймон:

 - “Нега. Ёшингиз бир жойга бориб қолибдику?” -  деб сўради. У:

 - “Ёшлик ва унинг ёмонликлари кетди. Қарилик ва унинг яхшиликлари келди. Турсам ҳам Аллоҳга ҳамд айтяпман, ўтирсам ҳам Аллоҳга ҳамд айтяпман. Шу икки ҳолат давом этишини истайман” -  деди. Халифа:

 - “Умрингизнинг узун бўлишига қайси амалингиз сабаб бўляпти, айта оласизми?” -  деди. У:

 - “Эй Амирул мўминийн! Таҳоратни мукаммал қиламан. Намозни чиройли адо қиламан. Силаи раҳм одатим. Кўзим ва маълум аъзоларимни иффатда сақлайман. Аллоҳ берган ризқлардан ўзгаларга мурувват қиламан” -  деб жавоб берди. Шунда Сулаймон ибн Абдулмалик:

 - “Бежизга ўлим сизни четлаб ўтмаяпти экан” -  деди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир”, дедилар. 

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. 

Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни берар экан. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:

  1. Аллоҳнинг муҳаббати.

Ким Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

  1. Мол-мулкнинг кўплиги.

     Ким кўп мол-мулкка эришмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

  1. Умрнинг зиёдалиги.

Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин.

Аллоҳ таоло барчамизни силаи-раҳм қилувчилардан қилсин, ризқимизни мўл, амалимизни солиҳ, умримизни узун қилсин!

 

Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби Одилжон Нарзуллаев

1337 марта ўқилди

Мақолалар

Top