Мақолалар

Даврий нашрларда: Сўз қадри 

Ҳар куни ўзаро мулоқотда минглаб сўзларни ифодалаймиз. Вақир-вуқур қайнаётган қозон, тинмай қақағлаётган товуқ, тинмай гапирадиган одам... — Булар бир-бирига ўхшамайдими? Ҳеч ўйламасдан, оғзига келганини гапиравериш ниманинг аломати?..

Давлат муассасаларида, кўча-кўйда шунчаки гап сотувчи шахслар нега сўзнинг қадр-қимматини туширадилар, нега гапираётган гаплари учун масъулиятни ҳис қилмайдилар? Наҳотки бошқа мавжудотлар билан орамиздаги фарқ Сўз туфайли эканини англаб етмасак. Ҳазрат Навоий бир рубоийсида:

Сўздурки нишон берур ўлукка жондин,

Сўздурки берур жонға хабар жонондин,

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Инсон ҳам аслида бошқа жониворлар каби бир жонзотлиги, уни шарафлаган ҳодиса тил, сўз қудрати экани айтилади. Содир этилажак барча ишларнинг негизида сўз ётади. Сўз ёрдамида буйруқ берамиз, тилак билдирамиз. Аслида бу ўн саккиз минг олам Тангрининг биргина “Бўл!” деган хитобидан яралганлигини эсланг. Айтилишича, гуноҳи кабираларнинг аксарияти тил туфайли экан. Сўзнинг заҳри тиғнинг заҳридан минг чандон оғир. Энг ёмони, сўздан етган жароҳат осонликча битмайди ёки кўнгилда доғ бўлиб қолади. Кўнгилга олиб борувчи восита нима? Албатта, сўз ва унинг сеҳрли кучи. Биз учун арзимасдай туюлган бир оғизгина сўз билан ки шиларнинг юрак-бағрига гўёки тиғ санчамиз, бемаъни феъл-атворимиз туфайли азият етказамиз, чунки бизнинг танамиз ўзгаларнинг баданидаги оғриқларни сезмайди-да!

Ҳазрат Жалолиддин Румий илмсиз кишиларни ичи бўм-бўш хумга қиёслаган. Шаддод шамол бўш хум ичида ҳуштак чалиб айланади, ундан фақат асабни тирнайдиган нохуш, увиллаган овоз таралади. Энди ичи тўла хумнинг ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг-а, у сокин, қамрови тўқ, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам оби ҳаёт билан суғора олади. Қиссадан ҳисса, илм сўз ёрдамида тарғиб қилинади, бир хумдан иккинчи хумга, яъни қалбдан қалбга шифо ўлароқ оқиб киради. Руҳшунос ўз илми, руҳиятимизни ижобий маънода ҳаракатга келтирувчи ширин каломи билан муолажа белгилайди. Яъни ўзимизга бўлган ишончимизни қайта мустаҳкамлайди. Эркак ва аёл сўз ёрдамида никоҳланади. Бир оғиз калима билан мусулмонга айланади инсон, ёки аксинча. Энг сўнги нафасда ҳам бир оғиз калима асқотади одамга.

Сўз кўпайган жойда мантиқ чекинади. Кераксиз сўзлар худди улкан денгизнинг кўпикланган шўр сувидек чайқалиб ётадию ундан ичишнинг имкони йўқ. Ичсангиз, баданга фақат оғриқ ва азоб беради.

Энг қадимги инсонларнинг ўзаро ижтимоий муносабатларга киришувида сўз айтиш эҳтиёжи буюк ҳодиса сифатида маънавий инқилобни юзага келтирган. Бу – сўз айтишга бўлган эҳтиёж эди. Эҳтимол, кўҳна дунёда илк аждодларимиз ҳали кийинишни билишмагандир, аммо ҳозиргидек, бизчалик сўзга эътиборсиз қарашмагани рост. Илк одамнинг тийнатида Аллоҳ берган маданият, маърифат бор эди. Бироқ тарих саҳнида кечган давру давронлар, турли хил тузумлар, “маданият”лар инсониятни асл мақсаддан чалғитди, оқибатда, аксарият инсонлар асл маданиятдан бебаҳра бўлиб қолди.

Ён-атрофингиздаги суҳбатдошларнинг сўзларидан баъзан этингиз жунжикиб кетади. Тиқилинч автобусга чиққан икки ёш йигитнинг бири шеригига: “Энди то манзилга боргунча ўлиб кетар эканмизда”, деди. Шеригининг гапини яхши эшитмай қолган иккинчиси “Нима” деб қайта сўради. У яна шу гапни такрорлади. Бу гаплардан кейин манзилга етгунча юрак ҳовучлаб бордим. Бўлмағур хаёллардан кўнгил озади. Худди ҳозир нимадир юз берадигандек. Ишқилиб, унинг гапи башорат бўлмасин-да! Уларнинг нуқси бошқаларга урмасин-да! Ахир, айтилган сўз – отилган ўқ. Сўз – ҳукм!

Киши билиб-билмай ўзига-ўзи ҳукм қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Кўпгина шоирлар шеърларида ўз қисматларини башорат қилганликлари янгилик эмас.

Миллий университетнинг маъруза ўқиладиган зали. Биласиз, залнинг олд қисми ҳовуздек чуқур бўлади. Бир курсдош қиз залга – дарсга кираркан, хаёлига келган гапни, “Уҳ, роса думалайдиган зина экан!” деб айтгани ҳамон қўққисдан пастга қараб думалаб кетди. Сўз ва амалнинг бир келганидан ҳайрон бўлдик ва билиб-билмай гапиравермаслик керак экан, деган хулосага келдик.

Инсонлар бир-бирлари учун гўё ойна кабидир. Мудом бир-бировларига кимлигини эслатиб турадилар. Унда барча қусур ва камчиликларимиз намоён бўлади. Тарози ўзини ўзи тортмаганидек, ойна ҳам ўзини ўзи акслантира олмайди. Албатта, иккинчи бир восита керак. Хулоса шуки, замондошларимизнинг кўзига энг яхши сифатларимиз билан пешвоз чиқиб, энг кўҳлик сувратда кўринайлик! Қолганини вақтнинг ўзи даволайди.

 

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

O’zbekiston adabiyoti va san dabiyoti va san’ati

газетасининг 34-сонидан олинди

1359 марта ўқилди

Мақолалар

Top