Мақолалар

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК!

1 сентябрь – мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 17 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор бу байрамни файзига файз, нурига нур бахшида этди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳеч бир истисносиз бутун бир халқимиз томонидан эътироф этилаётгани истиқлолимизнинг нафақат умуминсоний, балки, умумжаҳоний қадрият сифатида баҳоланаётганидан далолатдир.

Биз ўтиз йиллик тўйини нишонлаш арафасида турган буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида қандай воқеалар бўлиб турганидан барчамиз хабардормиз. Нотинч вазият туфайли инсонлар азият чекмоқда. Ана шундай бир шароитда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади, десак, асло янглишмаймиз.

Албатта, Парвардигори олам ҳеч нарсани бесабаб яратмаган. Юртимизнинг тинчлигига ўз навбатида мамлакатимиз раҳбарининг бу соҳада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим омиллардан саналади. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, ушбу неъмат сояси остида, тинчлик ва осойишталикдан оқилона фойдаланган ҳолда диёримизда қисқа фурсат ичида мислсиз ютуқларга эришмоқдамиз.

Бугун мустақил юртимизда халқимиз тантанавор шиорларни айта олиш неъматига сазовор бўлмоқда. Сўзимизнинг далили сифатида юртимизнинг барча гўшаларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”деган эзгу шиор, эзгу ғоя тантанаси жарангламоқда. Жойлардаги сайлларда, тадбирларда, давра суҳбатларида бу ғоя  фахрланиб, кўтаринки овоз билан зикр қилинмоқда, қалбларга руҳ бахш этмоқда.  Чунки, Ватандан азизроқ макон йўқ бу дунёда. Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона, биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос бўлади.

Мустақиллик, бу йилда бир марта, фақат мустақиллик байрамида эмас, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидек асраб-авайланадиган бебаҳо неъматдир. Унинг шарофати билан ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очилди. Мустақиллик бизга ўзлигимизни қайтарди. Мустақиллик бизга дину диёнатимизни қайтарди. Мустақиллик – эркин эътиқод ва ибодатларимизни қайтарди. 

Дин соҳасида янгидан-янги хайрли ислоҳотлар давом этмоқда-ки, соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни замон талабига мослаштириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу амалга оширилаётган хайрли фаолиятдан мақсад дин соҳасини сифатни яхшилаш, унинг мутахассисларини тайёрлаш, динимизни муқаддас, пок эканлигини, имон-эътиқодимизни мусаффо бўлишини таъминлашдан иборат. 

Юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш имкониятлари яратилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва Мир Араб олий мадрасаси каби янги муассасаларнинг ташкил этилгани, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф мактабларига асос солингани, ўнлаб янги масжидлар очилаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан далолат беради.

Инсонларга берилган барча борлиқ ҳаёт Аллоҳ таолонинг неъмати саналади. Шунга кўра оқил инсон илм ва чиройли хулқни, жоҳил эса лаззат ва шаҳватни неъмат деб билади. Истиқлолимиз биз диний ходимларга орзулаб ҳам бўлмайдиган неъматларни берди. Бу ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитларда яққол кўзга ташланади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз томонидан амалга оширилган бу улкан яратувчанлик, инсонпарварлик тамойили натижасида ҳар бир фуқаронинг миллий ва диний асрий орзу-умидлари рўёбга чиқишига мустаҳкам асосланди. Қувонарлиси, бугунги озод ва обод юртимизда миллий қадриятлар ҳам, диний қадриятлар ҳам кенг жамоатчилик қабул қилган қонун билан кафолатланган. Биз миллий ва диний эҳтиёжлар етарли даражада қондирилганлигини, эришаётган ютуқларимизни ҳар қанча эътироф этсак арзийди.    

Шу ўринда, юртдошларимизни Ватанимиз тинчлигини, хотиржамлигини асрашга, мустақиллигимизни қадрлашга чорлаймиз. Фурсатдан фойдаланиб мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик тўйи билан бутун ватандошларимизни муборакбод этамиз.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

3269 марта ўқилди

Мақолалар

Top