Мақолалар

Оилаларимиз роҳат ва фароғат маскани бўлсин!

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида оила мустаҳкамлиги ҳақида қайғуриш фазилатли амаллардан энг савоблиси ҳисобланади. Чунки оила – инсон ҳаловат ва фароғат оладиган маскандир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл сураси, 80-оят).  Ҳақиқатан инсон ҳақиқий оромни ўз уйида топади. Даладан ишдан ҳориб келган киши уйига келиши билан жажжи набирасини ўпиб эркалаган заҳоти унинг барча чарчоқлари чиқиб кетади.

Иш жойидан кайфияти бузилиб қайтган киши яқинда уйлантирган ўғли ва келинининг бир-бирига бўлган ширин муомаласини кўрган вақтида ҳамма воқеани унутади. Оиланинг ҳақиқий оромгоҳ эканига сон саноқсиз мисоллар бор.

Туркияга саёҳатга бориб, ўн кун дам олиб қайтган ҳожи отанинг айтиб берган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. Чипта олгач, кампиримга телефон қилиб, ярим соатдан сўнг самолёт Тошкентга учади. Боришимга набираларимни тўплаб қўйинглар. Улар билан маза қилиб бир овқатланай, деган экан. Ҳожи ота Туркияда диққатга сазовор жойларни томоша қилган, шароитлари яхши меҳмонхоналарда дам олган, тансиқ таомлардан тановул қилган. Шунча қулайликлар, ором олишлар, ҳордиқ чиқаришлардан сўнг ўз уйида набиралари билан бир марта овқатланишни “маза” демоқда. Ҳа, азизлар, Ҳақ таоло: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб ҳақиқатни айтган.

Оила ҳақиқий оромгоҳ бўлиши учун у ерда меҳр-шафқат ҳукм суриши зарур. Муҳтарама ўзбек аёли – оналаримиз меҳр-шафқат тимсоллари бўлишган. Бир оилада келин оғироёқ бўлиб, туғуруқ яқинлашганда юришга қийналади. Шунда боқиманда бўлиб қолганидан хижолат тортган келин эрига: “Мени отамникига олиб бориб қўйинг, келин бўлиб хизмат қила олмай қолдим”, деб турганини қайнона эшитиб: “Болам, ундай деманг, сиз наслимиз давомчисини дунёга келтираман деб шу ҳолга тушдингиз. Хизмат қилиш навбати энди менга келди”, деб келинига меҳр-шафқат кўрсатади. Қайнонанинг меҳри ҳақиқий ўзбек аёлининг зийнатидир.

Бугунги кунда кўпчилик оилавий ажримларнинг сабабчилари ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёшлар эмас, балки келинларнинг озгина хатоларидан фил ясайдиган қайноналар ва уларни ўз вақтида қайтариб, холисона насиҳатлар қилиб, муаммонинг ечимини топа олмаётган қайноталар бўлиб қолаётгани афсусланарли ҳолатдир.

Ҳаётий тажрибамда бир ҳаёли, иболи келинни ўғлига ёмонлаб, охири талоқ қилдирган қайнонани ва бу нохолис вазиятга ечим топмаган, ўз хотинини йўлдан қайтара олмаган қайнотани биламан. Ўша қайнонага келинига зулм қилганини такрор-такрор айтсам ҳам, ўз фикридан қайтмади. Охир-оқибат золим қайнонанинг ўғли ҳаёти давомида онаси сабабли бир неча маротаба уйланиб, уларнинг ҳеч бири билан турмуши давомли бўлмади. Беш фарзанднинг отаси бўлган ўша йигит қирқ ёшида вафот этиб кетганининг гувоҳи бўлдим. Бу аянчли оқибат итоаткор биринчи хотинга ўтказилган зулмнинг жазоси бўлса, ажаб эмас, деган фикрга борасан киши.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мазлумнинг дуоси сўзсиз ижобат бўлиши ҳақида хабар берганлар.

Ноҳақ қувилган, тазйиққа учраган келин ўша оилани, собиқ эрини, қайнона ва қайноталарини албатта дуои бад қилиши аниқ. Мазлум келиннинг дуоси ижобат бўлиши ҳам аниқ. Шундай экан, ўғлига келинини ёмонотлиқ қилиб кўрсатмоқчи бўлган қайноналар юқоридаги аччиқ ҳаётий воқеадан сабоқ олиб, келинларни ўз қизлари каби кўрсалар, иншоаллоҳ, оилалари тинч-тотув, ҳаётлари фаровон, уйлари роҳат ва фароғат масканига айланади.

 

Раҳмонқул МАМАТҚУЛОВ,

Бахмал тумани бош имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди

1315 марта ўқилди

Мақолалар

Top