Ислом динида етимларга ёрдам бериш қадрлаган шарафли ва ниҳоятда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Етимларга таом бериш, кийим-кечак улашиш, таълим ва тарбия бериш энг хайрли ишдир.
Шу маънода Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги билан вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Бўка туманидаги 15-сонли Меҳрибонлик уйида ва Бўстонлиқ туманидаги Сижжак оромгоҳида Болалар уйи тарбияланувчиларига байрам тадбири ўтказиб берилди.
Тадбирда асносида болларга байрам дастурхони ташкил этилиб, тансиқ таомлар тортилди. Шунингдек, ҳомийлик ҳисобидан жами 7,5 млн сўмликсумка, дафтар, ручка ва бошқа совға-саломлар тарқатилди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло етимни кафилликка олишни яхшиликлар қаторида санаб шундай деган: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга... яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).
Етимнинг бошини силаш, унга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!” дедилар. Имом Аҳмад ривояти.
Маълумот учун, Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан нуфузли халқаро илмий конференция ўтказилади. 2026 йил 9–11 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур анжуман мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу халқаро анжуманни ўтказиш чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ-46-сон қарорига мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижроси доирасида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияни юқори даражада ташкил этиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов раислигида ўтказилган йиғилишда Марказ илмий кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда мутахассислар ва ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мазкур халқаро анжуманнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу оддий илмий тадбир эмас, балки темурийлар даври цивилизациясини замонавий илмий ёндашувлар асосида қайта англаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этишга хизмат қилувчи стратегик платформа сифатида баҳолади.
Мазкур халқаро анжуман бир қатор ҳамкор ташкилотлар, илмий даргоҳлар иштирокида ўтказилади. Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, Фанлар академияси мазкур халқаро конференцияни ташкил этишда барча илмий ва ташкилий ресурслар билан қўллаб-қувватлашга тайёр.
Конференция доирасида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумладан:
• “Амир Темур ва темурийлар даври қўлёзмалари” кўргазмаси
• “Темурийлар нумизматик мероси” кўргазмаси
• Европа музейлари билан ҳамкорликда тайёрланган махсус экспозициялар
Шунингдек, “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида:
• Амир Темур даврига оид кинолойиҳалар
• Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳаётига бағишланган фильмлар намойиши ҳам режалаштирилган.
Анжуманда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка давлатларидан 100 нафардан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференция доирасида хориждан олиб келинадиган темурийлар даврига оид нодир артефактларни вақтинчалик намойиш этиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳам алоҳида ташкилий чоралар белгиланди.
Йиғилиш якунида таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий конференция Амир Темур ва темурийлар даври меросини, замонавий илмий ёндашув асосида қайта таҳлил қилиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этиш йўлида муҳим илмий ва маданий воқеа бўлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази