Версия для печати

Мақолалар

Ичимиздаги ёвуз бўрини ўлдириш фурсати келди: кўзингни оч, ватандош!

ТАҲЛИЛ ВА ТАҚҚОС

Ер куррасидан 5,5 миллион километр наридан учиб ўтадиган метеорит ҳам бугун бизни таҳликага сола олади. Нега? Чунки жон ширин...

Тўрт ой аввал Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида жанжаллар бошланганида кўпчилик юрак ҳовучлаб ўтирди. Биз бу талотўпларнинг ичидамидик? Йўқ! Аммо хавотир ҳисси фитратимизда бор...

Афғон заминида уруш авж олган дамларда пойтахтимизда отилган салют овозини ўқ товушидан фарқлолмай қолганлар қанча?! Гўё автомат тариллаб отилгандай юрагимиз така-пука бўлдию уйқумизни йўқотдик. Нима учун? Негаки, қўрқув аталмиш туйғу ҳар замон ичимизда...

Шундоққина ён қўшнимиз ёки яқин қариндошимиз коронавирусга чалиниб, жон таслим қилганида бир зум бўлсада, ўзимиз, жону жигарларимиз саломатлигидан ташвиш чекиб қолмадикми?..

Бўрон тураркан, деган хабарни эшитиб, машинаси устига дарахт қулаб тушиши ёхуд уйининг томини шамол учириб кетишидан ҳайиқиб, дамба-дам кўчага қулоқ тутадиганлар аҳволи сизга ҳам маълумдир?!

Тўрт томонимизни таҳдид ва хавф-хатарлар чулғаб олган ҳозирги таҳликали замонда ер шари худди ғовак дарахтнинг мўрт шохига осилиб турган мевага ўхшайди. Бу меванинг сал кучлироқ шамол туфайли ҳам ўз бандидан чирс этиб узилиб тушиши ҳеч гап эмас. Устига-устак, унинг ичини сония сайин қурт кемираётган бўлса...

Бу мисолларни келтиришдан муддао нима? Гап — шу кунларда қадри янаям ошиб бораётган бир бебаҳо неъмат— ТИНЧЛИК ҳақида!

СЕНГА НИМА КЕРАК, ЭЙ ЖАФОКАШ ХАЛҚ?

Ўша кунларда ижтимоий тармоқлар «портлади». Ҳар бир шумхабар, ҳар бир фожиали лавҳа юракларни ларзага солди.

...Қобул аэропорти арининг инидек ғувиллайди. Бир ёқда учоғини қўриқлаётган қуролли ҳарбийлар автомати билан ўдағайлаган. Бошқа томонда худкушларнинг инсон ақлига сиғмас хунрезликлари... Яна бир тарафда «қадам боссанг, отаман», деган таҳдидлар...

Лекин шундаям оламон бу манзилга ошиқаверди. Жамодону тўрвахалталарини елкаларига илиб олган қариялар, аёллару болалар миналаштирилган майдондек хавфли бу зонага «оқиб» келаверади. Урҳо-ур билан лайнерга кириб олганларни омади чопганлар атадик. Қолганлар ичида ҳатто самолёт қанотига, оёқларига осилиб манзилга етмоқчи бўлганларни кузатдик. Учоқ заминдан кўтарилиши билан ерга қулаб чилпарчин бўлган бу шўрликлар била туриб нега жонини хатарга қўйди? Улар ўша олис Америка диёрига орзу-ҳавас, молу давлат илинжида кетаётганмиди? Асло! Бу жафокаш халқ фарзандларининг излагани ҳам, истагани ҳам битта — тинчлик!

УРУШНИНГ БОШИ — ЎЙИН, ОХИРИ — ЎЛИМ!  

Қаранг, Афғонистон тупроғи қирқ уч йилдан буён қонли уруш ичида. Аввал совет қўшинлари, кейинроқ АҚШ армияси мамлакатда тинчлик байроғини тикиш учун узоқ йил кураш олиб борди. Аммо барча уринишлар зое кетди. Бу ўлкада жангу жадаллар бошланган йилларда йўргакда ётган ҳозир соқоли кўксига тушган 43 яшар киши. Аммо унинг бу ҳаётда кўз очиб кўргани уруш, нотинчлик, хавфу хатар бўлди. Бу бахтиқаро одам қўлига қалам тутиб, илм эгаллашни ўрганолмагандир эҳтимол, аммо автоматдан ўқ отиш, душманни ўлдириш, портлатиш илмини сув қилиб ичиб юборди. Ҳозир ҳам у тунлари қуролини маҳкам қучоқлаб ухлашга маҳкум. Чунки болаларининг илму маърифати, таълим-тарбияси, касбу камолидан кўра жигарбандларининг тирик қолиши ҳақида кўпроқ қайғуришга мажбур...

Урушнинг боши ўйин, охири ўлим, деган нақл бор халқ орасида. Афғонистон эса Шарқ ва Ғарб манфаатлари кесишган нуқтада жойлашган. Шундай экан, баъзи «ўйинчи» давлатлар бу юртда тинчлик бўлишидан манфаатдор эмас. Сабаби, ҳозир афғон заминида 200 миллион тонна нефть ва 137 миллиард кубометр газ ресурслари мавжуд. Биргина Ҳажи Гек конида 240 миллион тонна мис ҳамда 428 миллион тонна темир захираси борлиги айтилади. Ўз даврида совет иттифоқи геологлари бу диёр тупроғида табиатда кам учрайдиган кўплаб ноёб металл турларини аниқлаганлар. Кейинчалик ушбу маълумотларни АҚШ Геология қўмитаси ҳам тасдиқлаган. Айни пайтда мамлакатдаги мавжуд ресурслар қиймати 3 триллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Қолаверса, бу юртни наркобизнес, қурол савдоси ўчоғига айлантириб, жарақ-жарақ пул ишлашни хоҳловчи кучлар қанча?..

Биз Афғонистондаги бугунги вазият хусусида қозилик қилиш фикридан йироқмиз. Қолаверса, давлатимиз бу борадаги сиёсий позициясини аллақачон эълон қилган. Чунки Ўзбекистон биродар ва жафокаш афғон халқига, биринчи навбатда, тинчлик, хотиржамлик тилайди. Бу заминда фаровонлик ва тараққиёт бўлишини истайди.

Лекин бугун биз айтмоқчи бўлган гап бошқа: юз минглаб, эҳтимол миллионлаб афғон болалари, ёшлари тинчлик учун қўлига қурол олган бир пайтда Ўзбекистонда 650 минг нафарга яқин ўғил-қиз бу йил илк бор мактаб остонасини ҳатлаб, қўлига қалам тутиб, қарийб 650 мингта «Президент совғаси»ни қабул қилиб олди. Икки юз мингга яқин йигит-қиз олий ўқув юртлари талабалари сафига қўшилди.

Минглаб афғон ўғил-қизлари ота-онасидан, яқинларидан бевақт айрилиб, бахтли ҳаёт кечиришдан мосуво бўлиб, кўксида алам ўтини ёққанида, бизнинг умидли фарзандларимиз Токиода бўлиб ўтган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларидан бўйнига шода-шода медаллар тақиб қайтди. Яна юзлаб йигит-қизларимиз Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ ўйинларида 100 га яқин ғолиблик медалини нақд қилиб қўйди...

МОЛ ТАЛАШ, МАЙДОН ТАЛАШ...

Қаерлардадир мол талаш, жон талаш... Яна қаерлардадир бир бурда нонни бўлишолмай ёқавайрон бўлаётганлар бор. Жанубий Кавказда эса ўтган йили майдон талаш бўлди. Бу — Тоғли Қорабоғ.

Уруш — томошабингагина осон, дейишгани рост. Дўсту биродар давлатлар, қондошу жондош халқларни бир-бирига қайраётганлар, ўртасига нифоқ солаётганлар томоша талаблар эмасми?

Шу туфайли Тоғли Қорабоғ қонли Қорабоғга айланди. Бир ёнда Арманистон, бир томонда Озарбайжон! Икки давлат ҳарбий кучлари ўртасидаги қарама-қаршилик борган сари кескин тус олди. Оғир артиллерия, танклар, ракета ва дронлар ишга тушди. Энг ёмони, қурбонлар кўп бўлди. Ҳар икки томондан жами 10 мингга яқин аскар ҳалок бўлди.

Аслида бундай зиддиятлар авваллари ҳам бўлган. Аммо бу галгиси жуда хавфли тус олди. 1990 йиллардан буён бу ерга ракеталар келиб тушмаганди. Навбатдаги жангларда эса тинч аҳоли уйлари, уларга тегишли объектлар ҳам нишонга олинди.

Тинчлик сулҳигаку охир-оқибат эришилди. Томонлардан бири ғолибликни, бири мағлубиятни тан олди. Аммо ўртада қурбон бўлганлар, катта талафот ва адоватлар қолди.

Афсуски, жорий йилда бундай қонли тўқнашувларга ён қўшниларимиз — Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳам гувоҳ бўлдик. Икки томоннинг ҳам важлари қанчалик ўринли, сабаблари нақадар асосли бўлмасин, ўртага совуқчилик оралаб бўлди. Қанчадан-қанча қурбонлар берилди, 100 дан зиёд биноларга ўт қўйилди, мактаблар, боғчалар, дўконлар, маҳкамалар аланга ичида қолди. Ўзбекистон ана шу сўнгги можаролар юзасидан биринчилардан бўлиб жиддий хавотир билдириб чиққан давлат бўлди. Вазиятни тезроқ ўнглаш учун қўлдан келган барча чораларни кўрди. Лекин, минг таассуфки, ўлганларни ортга қайтариб бўлмайди. Сўнгги пушаймон эса ўзимизга душман.

— Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Исро» сураси, 83-оятида тинчлик-осойишталик хусусида шундай марҳамат қилган, — дейди Қибрай туманидаги Тўқайтепа масжиди имом-хатиби Сайдулло Мамадалиев. — «Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур». Муҳаддис бобомиз Имом Бухорий эса «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», дея ривоят қилганлар. Ушбу муқаддас битиклардан келиб чиқадиган якдил хулоса шундай: тинчлик ва осойишталик — башариятга инъом этилган улуғ неъмат. Бошимизга мусибат ё кулфат ёғилмасидан аввал унинг қадрига етишни ўрганишимиз лозим. Шукроналикнинг асл мағзи шу аслида. Дунёда, ён-атрофимизда юз бераётган воқеаларни қаранг. Қаердадир масжиду қадамжолар устига ракеталар келиб тушмоқда. Бизда эса янги-янги масжидлар, мадрасаю илм масканлари қуриляпти. Қайсидир ўлкада тураржойлар, иморатлар вайрон қилиняпти. Бизда эса кейинги беш йилнинг ичида 140 мингдан зиёд арзон ва сифатли уй-жойлар қурилибди. Шундан аксарияти турмуш шароити оғир оилаларга бошланғич бадали давлат томонидан тўланиб, имтиёзли шартлар асосида тақдим этилибди. Жорий йилнинг ўзида яна 50 мингга яқин оила шундай имкониятга эга бўларкан. Энди ўзингиз холис айтинг, тинчлик-осойишталик ҳукм сурмаган, инсон қадр-қиммати устувор бўлмаган юртда шундай ўзгариш ва янгиланишларни амалга ошириш мумкинми?!

ҲАҚ ГАП...

Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади, дейди халқимиз. Ҳақ гап. Бу ҳикматнинг исботини кунда-кунора ойнаи жаҳон, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, билиб турибмиз. Айрим давлатлардаги беқарорлик, қуролли тўқнашувлар оқибатида минг-минглаб бегуноҳ одамлар қони тўкилаётгани, ёстиғи қуриётганидан хабардормиз. Улар орасида аёллар, болалар, кексалар энг кўп жабр чекаётганига нима дейсиз?! Мана, шу йилнинг май ойида биргина Исроил-Ғазо урушида камида 65 нафар бола нобуд бўлди.

...Якшанба тонги. Ғазо шаҳри марказидаги ал-Виҳда кўчасига Исроил зарба берди. Ракета ҳужумидан Ал-Кавалик оиласининг 13 нафар аъзоси вафот этди. Қурбонларнинг аксарияти болалар, ҳатто бири олти ойлик чақалоқ...

... Муборак жума. Ҳайит байрами арафаси. Муҳаммад ал-Ҳадидийнинг тўрт фарзанди — 13 ёшли Суҳайб, 11 яшар Яҳё, 8 ёшли Абдураҳмон ва эндигина 6 баҳорни қарши олган Яшар Ғазо шаҳри ташқарисида яшовчи амакиваччалари уйига меҳмонга боришди. Бироқ эртаси куни улар турган бино ҳужумга учради. Хонадон ичида бўлганлардан фақат беш ойлик чақалоқ — Умаргина омон қолди. Уни бино остидан, онасининг жасади ёнидан чиқариб олишди. Шунингдек, уй вайроналари остидан болалар ўйинчоқлари, «Монополия» тахта ўйини, ошхона столидаги ликопчаларда қолган, байрам куни охиригача ейилмаган таомлар топилди...

Худди шундай аянчли кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу зиддиятлар ҳақида ўз хулосасини баён қилди:

«Фаластин ва Исроилдаги воқеалар, Ал-ақсо масжиди атрофидаги ҳаракатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ҳар қандай масала бир стол атрофида ўтириб, муроса қилинсагина ҳал бўлади».

— Уруш ва нотинчлик ҳукм сураётган мамлакатларда одамларнинг келажакка бўлган ишончи сўниб бормоқда, — дейди пойтахтимиздаги «Янгиобод» МФЙ раиси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Манзура Валиева — Чунки қонли тўқнашувлар юз бераётган давлатлар иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан эллик йил, балки ундан ҳам кўпроқ орқага кетиши бор гап. Шуларни янада теранроқ англатиш мақсадида тунов куни набираларимни «Янги Ўзбекистон» боғига олиб бордим. Мустақиллик монументини кўрсатдим. Мажмуада буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймолари акс эттирилибди. Мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёт, қатағон сиёсати, Иккинчи жаҳон урушида халқимиз кўрсатган жасорат ва матонат таъсирчан лавҳаларда жамланибди. Буларнинг барчаси халқимиз, айниқса ёшларимизни тинч ва фаровон ҳаётимизни янада қадрлаб яшашга даъват этиши керак.

Осойишта юртга байрамлар ярашади, деймиз. Бу — баландпарвоз гапга ўхшар эҳтимол. Аммо бугун юртимизда 2017 йилга нисбатан жиноятлар сони 12 мингтага камайгани, жорий йилнинг олти ойи якунига кўра, мавжуд 9 минг 251 та маҳалланинг 50 фоизида биронта ҳам жиноятга йўл қўйилмагани жуда қувончли натижа эмасми?! Бунинг қадрини дайди ўқ келиб манглайини тешишидан, хонадони бомбалар остида қолиб кетишидан хавотирланиб ва мурғаккина гўдагининг йиғисини яна бир бор эшитиш умиди билан яшаётганлар янада теранроқ англаса не ажаб?!

ЎТ ВА СУВ БАЛОСИДАН АСРАСИН!  

Бу йилги ёз ҳар қачонгидан иссиқ келди. Шундай паллада Эронда ҳам кучли қурғоқчилик кузатилди. Кундузлари кўчага чиқиш имконсиз. Сув тақчил, чироқ ҳам тез-тез ўчмоқда. Мамлакат аҳли эса кетма-кет олтинчи тунки, кўчаларга чиқиб, ҳукуматдан сув талаб қилаётир.

Шу тариқа норозилик намойишлари авж олди. Полиция йиғинга чиққанларни кўздан ёш сиздирувчи газ билан ҳайдади. Ҳузистон, Изеҳ ва Шодигонда тўрт йигит ўқотар қуролдан яраланиб, вафот этди. Ҳузистон сўнгги оммавий намойишлар марказига айланди. Хабарларга кўра, ўша кунлари бу ерда 700 дан ортиқ тураржой мавзеси сув таъминотидан узилиб қолган.

Бу каби кўнгилсизликларни йил давомида бошқа мамлакатларда ҳам кузатдик. Гаитида юз берган 7,2 балга тенг зилзила 2 минг одамнинг умрига зомин бўлди, 10 минг одам жароҳатланди, 100 мингдан зиёд бино вайрон бўлди.

Германия ғарбида юз берган сув тошқинлари эса ўша кунларда 200 нафарга яқин кишини ҳаётдан олиб кетди. Мингдан зиёд одам бедарак йўқолди. 40 мингга яқин автомобиль шикастланди, 10 мингта тураржойга зарар етди. Мамлакат биргина саноат соҳасида 6,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида зиён кўрди.

Худди шундай табиий офат тури Россия, Испания ва бошқа мамлакатларда ҳам кузатилди. Ҳатто Ўзбекистон ҳам бу йил кучли ёғингарчиликлар туфайли келиб чиққан сел тошқинларидан жиддий талафот кўрди.

Туркияда аввалроқ юз берган сув тошқинлари юзга яқин одамнинг ҳаётига нуқта қўйган бўлса, қарийб 100 минг гектар майдондаги ўрмон ёнғинлари ўнга яқин инсон умрига зомин бўлди.

— Кексаларимиз сув ва ўт балосидан асрасин, деб дуо қилиши бежиз эмас, — дейди Каттақўрғон туманининг «Мўминхўжа» маҳалласида яшовчи 83 ёшли отахон Маматкарим Аслонов. — Ҳозир дунёда бўлаётган табиий офатлар ҳақида эшитиб, юрагим эзилиб кетади. Биз қийин даврларда яшаганмиз. Оғзимиз ошга етганидан хурсанд эдик. Мактабга акамиз ё опамизнинг йиртиқ калишини судраб борсак ҳам, ҳаётимиздан нолимаганмиз. Ҳозир эса ёшлар учун ҳамма нарса муҳайё. Мана, набираларимдан бири Америкада ўқияпти. Яна бири кеча қайсидир халқаро университетга кирдим, деб суюнчилаб келди. Ўғилларимнинг ҳаммаси уйли-жойли, машинали. Касб-корига барака берсин! Лекин, кузатсам, ҳозирги авлод жуда сабрсиз бўлиб бораётгандай. Уч-тўрт соат чироқ ўчса борми, дунё кўзига қоронғи бўлиб кетади. Ақли етса-етмаса, сиёсатга ҳам бир тош отиб ўтади. Эй нодон, дейман, шундайларга рўпара келсам, тўрт-беш йил олдин даминг ичингда эди, кунлаб чироқ бўлмасаям, ойлигинг ойлаб кечиксаям, ғинг дея олмасдинг, мана, энди топганингга барака кирди, еганинг олдингда, нимадан нолийсан, деб сўрасам, елка қисади. Баъзан жуда ношукр бўлиб кетаётгандаймизда, болам. Худонинг қаҳри келмаса, бўлди...

«ФИТНА НАЗАРИЯСИ» ҚУРБОНЛАРИ...

Иккинчи жаҳон урушида сайёрамиздаги мавжуд 73 давлатдан 61 таси иштирок этган. 110 миллиондан зиёд аскар жалб қилинган жангу жадалларда 25 миллионга яқин ҳарбий ҳалок бўлган. Бу — инсоният тарихидаги энг мудҳиш уруш оқибатларига доир мухтасаргина маълумот.

Аммо икки йил аввал башарият рўбарў келган «СOVID-19» аталмиш офат кўлами бундан зиёд бўлса борки, асло кам эмас. Қаранг, Иккинчи жаҳон урушида жами 73 давлатдан 110 миллион аскар қатнашган бўлса, коронавирус ер юзининг барча ҳудудларини тўлиқ қамраб олди. 225 миллион киши шу хасталикка чалинди. Касалликдан вафот этганлар сони эса қарийб 4 миллион 700 минг нафарга етди. Энг ёмони, бу офат миллат ҳам, мамлакат ҳам, наслу насаб ҳам танлаб ўтиргани йўқ, учраганнинг бўғзига ёпишяпти. Пандемия қаердадир бир муддат сусайгандай бўлдию, қаердадир авж олаверди.

Мана, бир неча ой олдин интернетда тарқалган хабардан иқтибос келтирамиз:

“...Индонезияда аҳвол оғир. «COVID»дан ўлганларни тупроққа қўйиш учун одам ҳам, қабристон ҳам етишмаяпти. Бир кун олдин 2000 мингдан ортиқ ўлим ҳолати кузатилди ва кунлик рекорд қайд қилинди. Касаллик юқтириш кўрсаткичлари ҳам ошди.

Ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари уйда ўлаётганларнинг жасадларини дафн қилишга жалб қилинди. Уларнинг кўпчилиги аллақачон тўлиб қолган шифохоналардан ортга қайтарилган. Ҳукумат Жакартанинг ўзида «СOVID-19» қурбонлари учун камида 7 та қабристон тайёрлади.

«Менинг ортимдаги экскаватор янги қабрлар қазимоқда, иккинчи экскаватор эса жасадларни кўммоқда. Иккаласи ҳам бир вақтда ишлаяпти. Жасадларни ташиётган «Тез ёрдам» машиналари кетма-кет келаётир. Бу ердаги ишчилар кунига 200 дан ортиқ жасадни кўмиши мумкин...&

Шукрки, Ўзбекистон пандемия билан боғлиқ синовларни мардонавор енгиб ўтмоқда. Аста-секин касалланиш кўрсаткичлари ҳам пасаймоқда. Давлатимиз бунинг учун мавжуд куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этди. Триллионлаб маблағлар пандемия шароитида юртдошларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Муҳими, бугун коронавирусга қарши таъсирчан воситалар бор. Вакцина захиралари етарлича ғамлаб қўйилаётир. Лекин шунга қарамай, орамизда “COVID-19» бир четда қолиб, «фитна назарияси» қурбонига айланаётган кўпайиб бораётгани ачинарли. «Эмлансангиз, ўласиз», «Вакцина таркибида чип бор экан» қабилидаги ёлғон-яшиқ хабарлар, уйдирмалар ҳатто баъзи ақлу ҳуши жойида инсонларимиз онгини ҳам заҳарлаб улгургани барчамизни ташвишга солмай қўймайди.

«Фитна назариясида «қудратли шахсларнинг яширин гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ёвуз режа» юқори таъсир кучига эга бўлади, — дейди Лондондаги Опен университети олими Жован Бифорд. Яна унинг қайд этишича, бу назария «оммани авраш» ёки «манипуляция» қилиш, илм-фан, ҳукумат ёки медиа ташкилотлар орқали амалга оширилиши мумкин.

Шу ўринда кекса ҳинд донишмандининг набирасига берган ўгити ёдга тушади:

— Ҳар бир одам вужудида икки бўрининг курашига ўхшаш жанг кетади. Битта бўри ёвузликни англатса, бошқа бўри яхшиликни ифодалайди.

Бобосининг сўзларидан ажабланган набира сўрайди:

— Охирида қайси бўри ғолиб чиқади?

Кекса ҳинд табассум билан жавоб қилади:

Сен боққан бўри доим ғалаба қозонади, болам.

Қиссадан ҳисса шуки, бугун Ўзбекистон янгиланиш даврига қадам қўйган. Давлатимиз очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиб келаётир. Ўтган қисқа даврда эришганларимиз кўп. Келгусида ҳал этиладиган муаммоларимиз ҳам талайгина. Буни давлатимиз раҳбарининг ўзи тан олиб айтмоқда. Аммо ҳамжиҳат бўлмас эканмиз, олдинга силжишимиз жуда қийин кечади. Тирноқ ичидан кир қидириш осон. Аммо шу юрт равнақи учун бир иш қилишга қодир бўлмасак, бора-бора тарқоқ элга айланамиз. Душман махф этиш учун излайдиган нозик нуқталардан бири — айнан шу! Жилла қурса, Ватанимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишимиз шарт! Зотан, ичимиздаги ёвуз бўрини ўлдириш фурсати келди. Бу бўрининг отини Шайтон деймиз!

 

Фаррух БЎТАЕВ,

журналист

УзА

473 марта ўқилди