Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2026   |   12 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:36
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:42
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2026, 12 Шаъбон, 1447

Хотира: Хайруллоҳ домла жонкуяр, фидойи, дин ғамини еювчи, зийрак олим эдилар...

16.09.2021   2119   5 min.
Хотира: Хайруллоҳ домла жонкуяр, фидойи, дин ғамини еювчи, зийрак олим эдилар...

Хотира

Кўринмас ёв – коронавирус бутун дунё аҳолисининг сабрини синовдан ўтказди. Бу вабо жаҳон халқларига жуда катта талафотлар етказди, башариятнинг силласини, тинка-мадорини қуритди. Моддий зарарлар қопланар, молиявий харажатларнинг ўрни тўлар, бироқ... Бироқ маънавий йўқотишлар-чи?..

2020 йил худди шу бугун, яъни 16 сентябрь куни таниқли уламо, кучли воиз, дин йўлида қайғурган олим, Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов коронавирус инфекциясини юқтириш оқибатида боқий дунёга риҳлат қилган эди.

Хайруллоҳ домланинг ва бошқа илм аҳллари, улаомларимиз, имом домлаларимизнинг вафотларини эшитиб, хаёлимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, Аллоҳ таоло илмни бандалари (қалбидан) бир тортишда суғуриб олмайди. Лекин унга уламоларни вафот эттириш ила барҳам беради...” (Имом Муслим ривояти), деган муборак ҳадислари келди.

Хайруллоҳ домла Турматов 1976 йил 16 август куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида таваллуд топган эди. У 1994–2003 йилларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Чет Сув” жоме масжиди имом-хатиби ҳамда Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, 20-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси; 1998–2003 йилларда Тошкент вилояти педагогика институти талабаси; 2000–2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси; 2003–2014 йилларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳри “Қорабоғ” жоме масжиди имом-хатиби ҳамда Ангрен шаҳар бош имом-хатиби; 2014–2020 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакили ҳамда Зангиота тумани “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаган.

Хайруллоҳ домла Тошкент вилоятига бош имом-хатиб бўлганларида кўплаб масжидлар обод бўлди, кўплари қайта қурилди, таъмирланди. Бу ишлар эса, ҳақиқатан, вилоятимиз мўмин-мусулмонларини чексиз хушнуд этди.

Домла 2014–2020 йиллар мобайнида Тошкент вилояти бош имом-хатиби сифатида жуда кўп савобли ишларни қилишга улгурди. Вилоятимиздаги 57 та масжидни қайта қуриш ва реконструкция қилишга бош-қош бўлди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда кўплаб талабаларнинг ўқув-шартнома пулларини тўлашга кўмаклашди.

Биргина умрининг сўнгги уч ойида домла иккита масжид: Олмалиқ шаҳридаги “Ҳилол” ва Юқори Чирчиқ туманидаги “Муъоз ибн Жабал” жомеларини очиб бергани ҳам у кишининг доимо савоб ишларнинг пешида юрганларига далилдир.

Хайруллоҳ домланинг маърузалари, мавъизаларини кўпчилик намозхонлар, мўмин-мусулмонлар интиқлик билан кутишар эди. Чунки у кишининг гапларида маъно бор, сўзларида куюнчаклик яққол сезилар эди. Мисол учун, “Ҳидоят” журналининг 2020 йил 4-сонида домланинг суҳбати чоп этилди. Унда айтилган сўзлар ҳар бир мусулмонни янада уйғоқ ва тиришқоқ бўлишга чорлайди:

«Яқинда Исломободдаги илмий тадқиқот маркази профессори Доктор Фаррух Салим ҳайратли маълумотларни тақдим қилди. Сайёрамизда мусулмонларнинг умумий сони 1 476 250 000 кишидан ортиқроқ экан. Демак, дунёдаги беш кишидан бири мусулмон. Энди ўзимизга савол бериб кўрайлик. Нима учун биз мусулмонлар тараққиётдан орқада қолиб, ўзаро ихтилофга киришиб кетдик?

Менинг фикримча, муаммонинг илдизи таълимда. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига 57 та давлат аъзо. Улар ҳудудида умумий 500 та университет бор. Ҳар уч миллион мусулмонга битта университет тўғри келади. Қизиғи, дунёнинг 500 та энг кучли университети рўйхатида мусулмон давлатларининг бирорта университети йўқ. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда ҳар бир миллион мусулмонга 230 нафар олим тўғри келади. Бу кўрсаткич АҚШда 4000, Японияда 5000 ни ташкил этади.

Мамлакатда илм-фан қанчалик ривожланганини ушбу мамлакатдан экспорт қилинадиган юқори технология воситалари сонидан билиб олса бўлади. Масалан, Покистон давлатининг бир йиллик экспорт маҳсулотларининг фақатгина 1 фоизи юқори технологияларга тўғри келади. Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоирда вазият янада ачинарли. Ушбу мамлакатлар экспортининг фақатгина 0,3 фоизигина юқори технологияларга тўғри келади. Сингапурда ушбу кўрсаткич 58 фоиз. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг 57 аъзосининг бир йиллик умумий ялпи ички маҳсулоти 3 трлн. долларга бормас экан. Биз 57 давлат бир бўлиб биргина Германиянинг ялпи ички маҳсулотини ишлаб чиқара олмас эканмиз...»

Хайруллоҳ домла ана шундай жонкуяр, фидойи, дин ғамини еювчи, нуктадон олим, ташаббускор раҳбар эди. У кишининг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек, олим вафот этса, қиёматгача ўрни тўлмайдиган бўшлиқ пайдо бўлади.

Аллоҳ таоло у кишининг раҳмати ва мағфиратига буркасин. Маконини Фирдавс жаннатларидан қилсин. Омин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси яқинлашмоқда...

12.02.2025   22131   5 min.
Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси яқинлашмоқда...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: ризқлар тақсимланади, қисматлар белгиланади, гуноҳлар мағфират этилади
 

Эслатма! Бу йилги бароат кечаси 2 февраль душанба кунидан 3 февраль сешанбага ўтар кечасига тўғри келмоқда, иншаАЛЛОҲ.

 

Бароат сўзи қандай маънони англатади?

“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.

 

Бароат кечаси қандай кеча?

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида дуолар қабул бўлади

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.

 

Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.

2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.

“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.

3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.

Айниқса,

أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ جَلَّ وَجْهُكَ لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ

“Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.

4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.

Хусусан,

سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حولَ ولا قوةَ إلا بالله العلي العظيم

“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.

5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди), дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

 

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар