Аллоҳ Таоло оламларни бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.
Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан.
Биринчиси эр учун – аёл, аёл учун – эр. Чунки аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби, аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.
Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.
Башарият фарзанди учун учинчи улуғ нарса бу китоб экан. Зеро Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказганлари, мусулмонлар дилига сингдирганлари маълумдир. Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи – Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.
Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний кадриятларимиз эса буларнинг ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!
Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан, демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.
Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.
Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.
Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.
Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жахон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:
1) ота;
2) она;
3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);
4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);
5) Қуръони каримдан хабардор киши;
6) мўйсафид одам;
7) адолатли раҳбар.
Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни хурматлашга тарғиб этади.
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.
Бизнинг доно халқимиз
«Устоз – отангдек улуғ»,
«Уста борида қўлингни тий,
Устоз борида – тилингни»,
«Уста бўлсанг, устозингни унутма»,
«Устозингга тик қарасанг, тўзасан,
Ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан»,
деб бежизга айтмаган.
Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса,
“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),
мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР !
Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР ! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...
Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.
Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар... Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.
Каломуллоҳ Қуръони каримнинг ояти муборакларига ва Жаноб Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларига биноан «устоз»нинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Миралишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:
“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.
Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеъи кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди.
Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий
Сайр айламакни қилди ихтиёр.
Мулозимлар ила чиқдилар йўлга
Ва кичик болага келдилар дучор.
Ўшанда Навоий отидан тушиб,
Ўша ёш болага қилибди таъзим.
Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –
Бундай учрашувдан қолибдилар жим.
Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,
Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?
Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,
Салом бериши душвор!»
Навоий дебдики, мен кўрган бола
Устозим – боланинг бобоси эди.
Олисларда қолиб кетган дамларнинг
Узоқлардан келган садоси эди…
Устозим мен учун отадан улуғ,
Шунингчун болага қилдим мен таъзим.
Устозимдан қолган неварасига
Салом бермаслигим – гуноҳу азим!
Доно халқимизни ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўхлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Ғусл қилиш хушбўйланиш, энг чиройли либосларни кийиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.
2. Эрталаб тонгда ушбу дуони ўқиш:
“Астағфируллоҳ аллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”
“Ҳай ва қайюм сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин: “Астағфируллоҳ аллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”, деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривояти).
3. Эртароқ, пиёда юриб бориш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар.
4. Масжидга киришда ушбу дуони ўқиш:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни масжидга кирсалар, эшикнинг кесакисидан ушлаб:
“Аллоҳуммажъалний авжаҳа ман таважжаҳа илайка ва ақроба ман тақорроба илайка ва афзола ман саьалака ва роғиба илайк”
“Аллоҳим, мени ўзингга юзланувчиларнинг юзланувчироғи, яқин бўлгувчиларнинг яқинроғи, сўровчи ва рағбат этгувчиларнинг афзалроғи қил”, деб айтар эдилар» (Имом Ибн Сунний ривояти).
5. Жума кечаси ва кундузи Каҳф сурасини ўқиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.
6. Кўп дуо қилиш. Чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом жума кунини зикр қилатуриб: “Унда бир соат бор. Бир мусулмон банда намозда қоим бўлса ва бу (ибодати) ана шу пайтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”, дедилар ва у фурсат жуда оз эканини қўллари билан кўрсатдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “У соат имом минбарга ўтиришидан намозини тугатгунгача бўлган вақт”, деган (Имом Муслим ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш. Авс ибн Авс Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кунларингизнинг энг яхшиси жума кунидир. Ана шу кунда менга салавотни кўпайтиринглар. Чунки менга шу куни салавотларингиз кўрсатилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, сизнинг суякларингиз чириб кетса, қандай қилиб кўрсатилади?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривояти).
8. Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума намозидан кейин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни кейинги жумагача ёмонликдан сақлайди», дедилар. (Ибн Сунний ривояти).
9. Жума намозидан кейин Аллоҳни кўп зикр қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Энди қачон намоз адо қилингач, ер-юзига тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар” (Жумъа сураси, 10-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД