Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:
“Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Аҳли илмлар – зиёлиларни бежизга “анбиёларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Агар инсон вафот қилса, унинг барча амали тўхтайди, фақат уч нарсада тўхтамай номаи аъмолига ёзиб борилади: 1) садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган мадраса, кўприк, ариқ кабиларга сарфланган садақа, эҳсон; 2) манфаатли илм, яъни ўргатилган илм ёки ёзиб қолдирилган асар; 3) ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирилиши" (Имом Муслим ривояти). Бундан маълум бўладики, устозлар тарқатган илм уларнинг вафотидан кейин ҳам савоб келтираверади.
Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак бўлади. бу эса устозни қалбидаги, онг-шууридаги бор билимини беришига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муаллимнинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Муаллим шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади.
Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратлари бор. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Худди шунингдек, ўз даврининг икки буюк алломаси Қозизода Румий билан Мирзо Улуғбекнинг устоз-шогирдлик муносабатлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Ўрта асрларнинг улуғ фақиҳи Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибрат бўларлидир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул-фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фи тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) дея номлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Сўнгги йилларда рақамли технологияларнинг ривожланиши натижасида қимор ўйинлари ва онлайн букмекерлик платформалари кенг оммалашди. Илгари казино ёки махсус муассасаларга бориш талаб қилинган бўлса, бугун смартфон орқали исталган вақтда ва исталган жойдан қимор ўйнаш имконияти мавжуд. Бу эса қиморга қарамликнинг кенгайишига, молиявий муаммоларнинг ортишига ва оилавий низоларнинг кўпайишига олиб келмоқда.
Қиморга қарамлик – тан олинган касаллик
Қиморга қарамлик халқаро тиббий таснифларда хулқ-атворга боғлиқ бузилиш сифатида эътироф этилади. Мутахассислар фикрига кўра, инсон ютқазгани сари яна ўйнаш истаги кучаяди.
Молиявий оқибатлар
Қиморнинг энг биринчи зарари инсоннинг молиявий ҳолатига таъсир қилади. Кўплаб ўйинчилар дастлаб кичик маблағ билан бошлайди. Бироқ йўқотилган пулни қайтариш умидида янада каттароқ пул тика бошлайди. Бу ҳолат: қарздорликнинг ошиб кетиши, банк кредитларининг тўланмай қолиши, оила бюджети издан чиқиши, ҳатто уй-жой ва мол-мулкни йўқотишгача олиб келади.
Тадқиқотларда қимор сабабли айрим инсонлар озиқ-овқат, таълим ва тиббий хизмат учун ажратилган маблағни ҳам ставкаларга сарфлаши аниқланган.
Руҳий саломатликка таъсири
Қиморга қарам инсонларда доимий хавотир, депрессия, уйқусизлик, асабийлик, ўзини айбдор ҳис қилиш каби ҳолатлар тез-тез учрайди.
Энг хавотирлиси – қиморга қарамлик билан суицид хавфи ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд. Масалан, Швецияда ўтказилган тадқиқотда қиморга қарам шахсларда ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли бошқаларга нисбатан 15 баробар юқори экани аниқланган.
Оила ва жамиятга таъсири
Қиморнинг зарари фақат ўйинчи билан чекланмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қиморбознинг ҳар бири ўртача яна олти нафар инсонга – оила аъзолари, дўстлари ёки ҳамкасбларига салбий таъсир кўрсатади.
Қимор оқибатида: эр-хотин ўртасида ажримлар, оилавий зўравонлик, фарзандлар тарбиясига эътибор берилмаслик, иш жойида самарадорликнинг пасайиши, фирибгарлик ва ўғирлик каби жиноятлар содир бўлади.
Онлайн қиморнинг хавфи
Интернет ва мобил иловалар қиморни янада хавфли қилди. Мутахассислар уни “чўнтакдаги казино” деб таърифлайдилар. Энди инсон сутканинг исталган вақтида бир неча тугма орқали қимор ўйнаши мумкин.
Иқтисодий зарар
Кўпчилик қимор давлат бюджетига солиқ тушуми келтиради, деб ҳисоблайди. Бироқ иқтисодчилар қимор ортидан келадиган яширин харажатлар – соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам, жиноятчилик ва меҳнат унумдорлигининг пасайиши – даромаддан ҳам юқори бўлишини таъкидлайдилар.
Қимор – шайтоннинг иши
Ислом динида қимор инсоннинг мол-мулки, ақли, оиласи ва жамият барқарорлигига зарар етказувчи амал сифатида қатъий тақиқланган. Қуръони каримда қиморнинг инсон ҳаётига салбий таъсири очиқ баён қилинган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Кейинги оятда эса қиморнинг ижтимоий ва маънавий оқибатлари баён қилинади: “Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 91-оят).
Ушбу оятлардан маълум бўладики, қиморнинг зарари фақат молиявий эмас, балки инсоннинг маънавий ҳаёти, ибодати ва жамиятдаги муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Хулоса
Қимор ўйинлари қисқа муддатда катта ютуқ ваъда қилса-да, уларнинг оқибати кўпинча инсоннинг молиявий барқарорлиги, руҳий саломатлиги ва оилавий муносабатларига жиддий зарар етказади. Илмий тадқиқотлар қиморни шахсий танлов эмас, балки аҳоли саломатлигига таъсир қилувчи ижтимоий муаммо сифатида кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда....
Маълумотлар линки:
https://www.who.int
https://www.theguardian.com
https://www.ft.com
Даврон НУРМУҲАММАД