Суфён ибн Уяйна айтади: “Бир куни халифа Ҳишом ибн Aбдулмалик Каъбага кирган эди, у ерда Солим ибн Aбдуллоҳни кўриб, “Мендан ҳожатингизни сўранг”, деди. Солим: “Мен Aллоҳнинг уйида У Зотдан бошқадан бир нарса сўрашга ҳаё қиламан”, деди. Солим Каъбадан чиққач, “Мана, Каъбадан чиқдингиз, энди ҳожатингизни сўранг”, деди. Солим: “Дунё ҳожатлариданми ёки охират ҳожатлариданми?” деган эди, Ҳишом “Дунё ҳожатларидан”, деб айтди. Солим ибн Aбдуллоҳ: “Мен дунёни унинг Эгаси бўлган Зотдан сўрамадим, энди қандай қилиб унинг эгаси бўлмаган одамдан сўрайман?” деб, бошқа гапга ўрин қолдирмади”.
«Солиҳлар гулшани» асаридан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати