Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат олиб: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Таҳоратнинг баданни тетиклаштириш, чиниқтириш, турли касалликлар ва руҳий иллатларни бартараф этишда жуда кўп фойдалари бор. Таҳоратда икки қўлни ювганда қўл мускуллари, билаклар ҳаракатланади. Оғиз ва бурунни чайганда жағ, қўл мускуллари, елка ҳаракатланади. Нафас йўллари очилади.
Бошга масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидан бири қилиб белгиланишида кўп ҳикматлар бор. Қўл бармоқларини ҳўллаб масҳ тортганда бошдаги томирлар кенгайиб, оғриқлар йўқолади. Киши ўзида хотиржамлик ва роҳатни ҳис қилади.
Бош оғриғининг 95 фоизида айнан бошдаги томирларнинг сиқилиши туфайли оғриқ пайдо бўлади. Бошга ва гарданга масҳ тортиш билан қон айланиши, асаб тизими фаолияти яхшиланади. Бош оғриғи йўқолади. Ғазабланиб турган ҳар қандай киши таҳорат олгач, ҳовуридан тушади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон оловдан яралган. Олов сув билан ўчади. Агар сизлардан бирингиз ғазабланса, таҳорат олсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Даврон НУРМУҲАММАД
Яхшилар ёди
Муҳаммадлатиф домла дастлабки таълимни отаси Шайх мулла Олим раҳматуллоҳи алайҳдан ўрганиш баробарида у зотнинг дуоларини ҳам олишга муваффақ бўлган. Ана шу дуонинг шарофати билан у киши катта олим бўлиб етишди.
Мактабни олтин медаль билан тамомлаган устоз ҳарбий хизматдан қайтгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасида, сўнгра Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олди. Ўша кезларда маъҳадга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мудир эди.
Муҳаммадлатиф домла институтни тугатгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасига талабаларга сабоқ бериш учун юборилади. Кейинчалик яна Тошкентга қайтиб, маъҳадда мударрис бўлиб ишлайди. Ўша пайтда Тошкент ислом институтида эронлик, тожикистонлик ва афғонистонлик талабалар ҳам таълим олишган. Муҳаммадлатиф домла форс тилини яхши билгани учун чет эллик талабаларга шу тилдан дарс берган. Қаттиққўллиги боис айрим дангаса талабалар домланинг устидан шикоят қилишган.
Шикоят чет эллик талабалар номидан бўлгани учун Ташқи ишлар вазирлиги даражасигача чиққан. Табиийки, бу шикоят қаноатлантириш учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбариятига топширилган. Идора раҳбарияти ректор Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга мурожаат қилиб, шикоят ёзилган қоғозни кўрсатган.
Шунда Шайх ҳазратлари муфтийга: “Талабаларнинг билмасдан ёзган шикоятлари сабабли тажрибали ўқитувчини ишдан олиш адолатдан эмас. Агар шундай қилинса, шикоятлар яна кўпайиши мумкин. Бунинг ўрнига Муҳаммадлатиф домланинг дарсини кузатиш учун махсус вакил тайинлайман. Агар вазият ростдан ҳам талабалар шикоят қилганидек бўлса, у домла бир кун ҳам ишламайди”, деган. Вакил дарсни кузатиб, ҳеч қандай эътироз йўқлигини ва домланинг талаби ўринли эканини айтади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси муфтийси бўлганида, Муҳаммадлатиф домла Тошкент ислом интитутига ректор этиб тайинланди. Икки уламо Ўзбекистонда диний таълимни тубдан ислоҳ қилишга, талабалар сонини кўпайтиришга ва халқимиз ўртасида диний таълимни кенг ёйишга ҳаракат қилади.
Шайх ҳазратларига ўша пайтларда туҳматлар бўлди ва бу туҳматлардан Муҳаммадлатиф домла ҳам бенасиб қолмади. Иккала уламо ишдан бўшашга мажбур бўлишди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари чет элга чиқиб кетди. Муҳаммадлатиф домла эса “Кўкалдош” мадрасасида ўқитувчи ва “Тўхтабойвачча” жоме масжидига имом бўлиб ишга кирди. Лекин туҳматлар тинмади. Оқибатда домла Россиянинг Қозон шаҳрига кетиб, у ердаги ислом университетига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Кейинчалик Чеченистоннинг президенти Аҳмад Қодировнинг таклифига биноан Грозний шаҳридаги ислом университетига мударрис бўлди.
Муҳаммадлатиф домла сарф ва наҳв илмини яхши билиш баробарида фиқҳ, тафсир ва бошқа илмларни пухта ўзлаштирди. “Кофия”ни ёд олди. Талабаларга шу фанлардан ёддан дарс ўтар эди. Шу боис у киши илм аҳли орасида “Абу наҳв”, яъни наҳв илмининг отаси, дея танилди.
Муҳаммадлатиф домла Чеченистонда дарс бериб юрган пайтларида 57 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Домладан шогирдлари: “Каломуллоҳни кексайган чоғингизда ёдлашингизнинг боиси нима?” деб сўрашганида, у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон соҳиби жаннатга кирганида унга: “Ўқи ва кўтарил!” дейилади. Бас, у ўқийди ва ҳар бир оятни ўқиганида бир даража юқорилайди. (Қуръондан) охирги нарсани ўқигунича шундай бўлади” (Ибн Можа ривояти), деган ҳадислари менга қаттиқ таъсир қилди. Кўплаб талабаларга сабоқ бердим. Уларнинг кўпи Қуръони каримни тўлиқ ёд олишди. Мен, иншоаллоҳ, Аллоҳнинг инояти билан жаннатга кирсам, Қуръони каримни ёдламаганим учун беҳиштнинг қуйида қолиб кетишни хоҳламайман», деган.
Аллоҳ таоло марҳум устозимизнинг охиратларини обод қилсин. Ниятларига яраша жаннатнинг энг олий даражаларидан насиб қилсин.
Толибжон НИЗОМ