Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Март, 2026   |   16 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:34
Қуёш
06:52
Пешин
12:40
Аср
16:33
Шом
18:22
Хуфтон
19:34
Bismillah
05 Март, 2026, 16 Рамазон, 1447

Даврий нашрларда: Отинойи асли ким?

11.10.2021   2726   4 min.
Даврий нашрларда: Отинойи асли ким?

Аёллар ва болалар оламини мунаввар қилишдек энг савобли ишга ўзларининг маърифий улушларини қўшган покдомон оналаримиз – отинойи, отинбиби, отинча, халфалар ҳақида нималар биламиз? Отинлар аслида ким бўлганларини суриштириб, табиийки, тарихий, илмий, бадиий адабиётларга, табаррук қарияларимизнинг хотираларига мурожаат қилдик.

Изланишлар натижасида отинлар ҳақида, оз бўлса-да, манбалар борлиги, шўролар замонида улар ҳам қатағонга учраганининг гувоҳи бўлдик. Салкам бир аср давомида халқимизни кўҳна тарихдан, қадриятларимиз, динимиз, миллийлигимиздан четлаштириш мақсадида ўртага парда тортилиб, отинларга нисбатан “эски”, “эскича” ибораси қўллаб келинган. Шўролар ўзларининг илк қадамларидан бошлабоқ масжиду мадрасаларимизни вайрон этдилар.

“Отин” сўзи тарихга оид, тарихий термин бўлиб, уйда мактаб тутган, болаларни ўқитган аёл эканига ишора қилинади. “Ўтар кун қўшнимиз отинбибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим” (Ойбек, “Қутлуғ қон” романидан).

Отинбиби ёки отинбуви, отинойи – уйида мактаб тутган аёл. “Ёзишни билмайдими? Қайдан билади? Қишлоғимизда отинбуви бўлмаса, ўқимаган-да...” (Мирзакалон Исмоилий, “Фарғона тонг отгунча”).

  1. Этнографияга оид термин бўлиб, хотинлар йиғинида ишқий ғазаллар ўқувчи аёл. Бу ўринда Қуръони каримни қироат билан ёддан ўқувчи аёл, дейишдан қочилган.
  2. Сўзлашув тилида қўлланиладиган сўз ёки ибора бўлиб, ҳар қандай ўқимишли ёки ўқитувчи аёл. “Шу чинорга чиққанга, чиқиб уни йиққанга сўзсиз хотин бўламан, гўзал отин бўламан” (Ҳамид Олимжон). “Ойинг ҳам отин бўлади. – Мавлон ака Кароматнинг гапидан завқланиб кулиб қўйди” (Ғафур Ғулом, “Машъал”). “Гулнор... Йўлчига хат ёзишга қарор қилган ва сўзларини айтиб турган, Отин қиз эса Гулнор сўзларини силлиқлаб қоғозга кўчирган” (Ойбек, “Қутлуғ қон”).
  3. Ўқимишли, обрўли аёлларга мурожаатда ёки улар тўғрисида гап борганда исмига қўшиб ишлатиладиган сўз: Шакар отин, Фотима отин. “Юсуфбек ҳожи: – Болам, Зайнаб отин, сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин менинг болам бўлганингизни сиз ҳам унутманг” ( Абдулла Қодирий , “Ўткан кунлар”). “Отинча қизим, ҳой, ўзимнинг отинча қизим, қанисан?” (И.Раҳим, “Чин муҳаббат”).

Шўролар “Ислом аёлни камситганини ҳар қанча исбот қилган” бўлмасин, аллома аждодларимизнинг илк сабоқни ўз оналаридан олганларининг гувоҳи бўламиз. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий отадан жуда ёш етим қолгани туфайли онаси бутун таълим-тарбия ишларини қўлига олиб, фарзандини ҳар жиҳатдан баркамол, солиҳ инсон қилиб вояга етказишга киришади.

 Ривоят қилишларича, Имом Бухорий болалик чоғларида кўрмай қолади. Онаси кунлардан бирида Иброҳим Халилуллоҳни туш кўради. У зот: “Эй волида! Аллоҳ таоло бетиним дуою илтижоларинг сабабли ўғлингнинг кўзларига қайта нур ато этди”, дейдилар (“Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, ЎзМЭ, Т. 1998 й, 10–11-б).

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддек буюк зотни тарбиялаган табаррук она Биби Орифа ўз замонасининг оқила, зукко аёли бўлибгина қолмай, нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси ҳамдир.

Муқимийдаги шеъриятга иштиёқ ва қобилиятнинг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни ниҳоятда катта. Туғма истеъдод соҳибаси бўлган бу аёл жуда кўплаб эртак ва қўшиқларни ёд билган, уларни ифодали сўзлаб бериш билан тингловчиларни мафтун этган. Маҳалла мактаби ва “Ҳакима ойим” мадрасасида таълим олгач, 1872–1873 йилларда Бухорога бориб, “Меҳтар ойим” мадрасасида ўқиган.

Тошкент жадидларининг улуғ вакили Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг отаси Абдурашидхон – мударрис, онаси Хосиятхоним – отин бўлган. Мунаввар дастлаб онаси қўлида савод чиқарган. Кейинчалик Тошкентнинг “Юнусхон” мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган...

Садриддин Айнийнинг отасига эски мактабдаги домланинг ўқитиш услуби ёқмагач, ёш Садриддинни отинбиби мактабида ўқитгани ҳақида маълумотлар бор. Қатор мадрасаларда билим олиб, буюк ёзувчи, шарқшунос олим, жамоат арбоби бўлиб етишган Садриддин Айний ўзининг “Эски мактаб” номли қиссасида отинбиби мактабини бола тили билан қуйидагича тасвирлайди: “Отинбибининг дарс бериш усули домланикига қараганда бироз бошқачароқ эди. У қаламдай бир чўпчани қўлига олиб, ҳар бир ҳарфни кўрсатар ва унинг номини айттирар эди. Отинбиби ўзининг бутун вақтини сабоқ берувга сарф этар, ҳар бир болани навбати билан ўз олдига чақириб дарс берар ва бу билан кунлик ўқиш ўтар эди”.

Демак, ота-боболаримиз қиздир, ўғилдир, унга жуда ёшликдан савод сабоғини бериб, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашларида домлалар, отинлар, отинойилар, отинбувилар хизматидан фойдаланиб келганлар.

Марҳамат АЛИМОВА,

тарих фанлари номзоди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шайхнинг пулини ўғирлаган ўғри

17.10.2024   9128   2 min.
Шайхнинг пулини ўғирлаган ўғри

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шайх Миёнжи Нур Муҳаммад Жанжонвий раҳимаҳуллоҳ зокир (Аллоҳни кўп зикр қилувчи) сифатида танилган буюк олимлардан эди. Ҳар сафар бозорга борганида харидларга тўлов қилиш учун ҳамёнини сотувчига берар, у керакли пулни санаб оларди. Шайх Миёнжи шу қадар зикр қилишга берилганидан ҳатто пулни санашга ортиқча вақтни ўтказишни истамасди.

Кунларнинг бирида ўғри унинг ҳамёнини ўғирлаб кетди. Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ ўғрини тутиш у ёқда турсин, ҳатто ортига ҳам қарамади. Зикрнинг савобини ўғрини қувиб вақтини кетказишга, бу дунёнинг арзимас матоҳига алмаштиришни истамади.

Шайх Миёнжи: “Аллоҳим, мен ўғрини кечирдим ва олган нарсасини ҳадя қилдим” деб дуо қилди ва бўлган воқеани унутиб, яна зикрга берилди.

Ўғри қочиб кетди, Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ уни кечирди, аслида воқеа шу ерда тугаши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло ўғрига сабоқ беришни ирода қилди.

Ўғри уйига қайтиш йўлини жуда яхши билса ҳам, Аллоҳ уни адаштириб қўйди. У маҳаллани айланаверар, лекин йўлни топа олмасди. Охир-оқибат, унинг бу ҳолатига қилган ўғрилиги сабаб бўлганини тушунди.

Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳнинг уйини топиб борди. Шайх Миёнжи уни танимади. Ўғри кимлигини ошкор қилиб, бундай деди: “Мен сизнинг ҳамёнингизни ўғирладим. Хато иш қилдим, мени кечиринг, мана ҳамёнингиз”.

Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ: “Бу пуллар сенга, улар энди меники эмас. Мен уларни қайтариб ололмайман”, деб жавоб берди.

Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни зикр қилишни афзал билгани учун одамлар билан кераксиз суҳбатларга қизиқмасди. Унинг учун бу воқеа аллақачон унутилган эди. Аммо ўғри кетишдан бош тортди ва пулни олишни қайта-қайта илтимос қилиб: “Аллоҳ розилиги учун уларни мендан қайтариб олинг!” деди.

Шайх Миёнжи ўғридан нега ўзи ўғирлаган пулни энди қайтариб беришни хоҳлаётганини сўради.

Ўғри: “Уйимга кетмоқчи эдим, лекин йўлни топа олмаяпман. Бир неча соатдан бери шу кўчаларда айланиб юрибман”, деб жавоб берди.

Шайх Миёнжи: “Аллоҳ сени тўғри йўлга ҳидоят қилишини ва ўз йўлингни топишингда ёрдам беришини сўрайман”, дедилар. У зот унинг ҳаққига дуо қилдилар ва ўғри эсон-омон уйига қайтишга муваффақ бўлди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар