Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447

Туҳмат балосидан асрасин

15.10.2021   4289   5 min.
Туҳмат балосидан асрасин

Ҳар бир инсон табиатида яхши ва ёмон сифатлар мавжуд. Инсон яхши сифатларни асраса, ёмон сифатлар зарарини билиб, улардан холос ва саломат бўлишга ҳаракат қилади. Инсонлардаги ёмон сифатлардан бири туҳматдир. Шарқ халқлари туҳмат қилишни гуноҳ ҳисоблаб, ундан ўзларини йироқ тутишга ҳаракат қилишади.

Туҳмат нима? “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Туҳмат –(арабча, айблаш, айблов). Бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган асоссиз даъво, бўҳтон” деган изоҳ берилади.

Бирор кишини айтмаган гапи ёки қилмаган иши учун айблашга туҳмат дейилади. Бир киши  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ғийбат нима?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши эшитса хафа бўладиган гаплар билан у ҳақда гапиришинг ғийбат бўлади”, дедилар. У киши яна сўради: “Айтгилган гаплар ўша инсонда бўлса-чи?”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар айтилган нарса ўша одамда бўлса, ғийбат қилган бўласан, бўлмаса эса туҳмат қилган бўласан”, дебжавоб бердилар.

Туҳмат барча ёмонликнинг бошланиши ва жиноят ҳамда зулм унинг ҳосиласидир. Туҳмат инсонларнинг ёмон хулқларидан бўлиб, у ўша инсонга кўп кулфатлар олиб келади. Ҳазрат Алишер Навоий бундай ёзадилар:

Бадғўйки ўз қилғани раҳматдур анга,

Ором халойиқ сори туҳматдур анга,

Ким хўйи ямон бўлса, машаққатдур анга,

Ким хўйи анинг яхши ғаниматдур анга.

Туҳмат қилиш инсонларнинг қалбини яралашдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига туҳмат қилишдан сақланиш ҳақида бундай дейдилар: “Эй фарзанд, одамларни турли бўлар-бўлмас туҳмат гаплар билан ранжитма! Болта инсоннинг вужудини яраласа, туҳмат инсоннинг қалбини яралайди”.

Бир одамнинг қилмаган ишини қилди, деб гапириш ўша инсонга зулм қилишдир. Зулм эса оғир гуноҳдир. Зулмдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Айрим кишилар душманидан ўч олиш учун туҳмат уюштиради. Турли хил уйдирмаларни тўқиб чиқаради. Душманни енгиш учун туҳматни қурол қилиб ишлатади. Чунки туҳмат орқасида бошқалар учун катта фожиа туради. Арзимаган бир гап одамнинг тақдирини ёмон тарафга ўзгартириб юбориши мумкин.

Бирор кимсага нисбатан ёмон гумон қилиш ҳам ноҳақ туҳматга олиб боради. Шу сабабли, аввало бировга ёмон гумон қилишдан тийилиш лозим. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларидан ёмон гумон қилишдан қайтариб бундай марҳамат қилади: “Эй инсонлар, одамлардан ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Инсон ўзининг баъзи бадгумони билан гуноҳкор бўлур” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Инсонлар бир-бирларидан  ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Зеро, бировдан гумон қилиш бошқа гуноҳларга етаклайди.

Баъзилар фойда кўриш учун туҳмат гапни гапиришади. Биров зарар кўрмаслик учун  ёки зарарни кетказиш учун туҳмат қилишади. Шу йўл билан фойда кўрмоқчи ёки балодан қутулмоқчи бўлишади. Аслида, туҳматдан фойда кўриш йўқ. Чунки туҳмат ёлғон сўзлардан иборат бўлиб, ёлғон сўзларда фақат хатар бор, нажот йўқ.

Баъзи бир одамлар бошқаларни ўзларига жалб қилиш, ўзларини гапбилармон қилиб кўрсатиш учун туҳмат гапларни гапиришади. Донишмандлар: “Бошқа инсонларга тили билан озор берадиган, туҳмат қилиб яшашдан кўра, тилсиз бўлиб туғилган яхшидир”, деганлар.

Туҳмат инсонларга нисбатан қилинган зулмдир. Инсоннинг инсонга қилган зулмини ўша зулм қилинган одам олдин кечмаса, унинг гуноҳини Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди.

Туҳмат инсоннинг барча савоб ишларини кетказади, туҳмат қилган ҳам туҳматни маъқуллаган ёки уни эшитган ҳам гуноҳга шерикдир. Биров туҳмат қилиб гапирса, уни туҳматдан қайтариш ўрнига, унинг гапларини кўтариб чопадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Бировдан эшитган гапни гапиравериш гуноҳни кўпайтиришдир. Туҳмат қилинган одам туҳмат қилинганлигини  эшитса, унга сабр қилса, у катта ажрни қўлга киритади.

Инсон туҳматга учрайдиган жойларга боришдан, ўзини туҳматга тушиб қолишдан сақлаши лозим.

Туҳмат  жамият кишилари ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини узади. Улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши ишларда ҳамкорлик қилиш фазилатларини йўққа чиқаради. У туфайли жамият кишилари орасида ўзаро ишонч, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан қараш, дўстлик, бирдамлик каби фазилатларга ўрин қолмайди. Туҳмат инсонлардаги душманлик, нафрат, ғийбат, ичи-қоралик, чақимчилик каби салбий хулқларни юзага чиқариб, уларни инсонларда томир отишига сабабчи бўлади. Бу ёмон хулқлар туфайли қанча-қанча инсонларга сабабсиз озорлар етади. Шу сабабли халқимиз: “Ноҳақ, қуруқ туҳматдан асрасин” деб дуо қилади.

Аслида, инсонлар доимо бир-бирларига яхшилик соғиниб яшашлари лозим. Зеро, инсонлар ўртасида инсонгарчиликдан кутилган мақсад ҳам яхшилик қилишдир. Бирор инсонга яхшилик қилиш қўлимиздан келмайдими, унга ёмонлик қилишдан ҳам тийилайлик.

 

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими.

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қасам нима, назр нима?

14.04.2026   6052   7 min.
Қасам нима, назр нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:

 

إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).

 

وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ

“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).

 

وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ

“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).

 

وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا

 

“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).

Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:


لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ

“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).

Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

 

وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ

“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).

Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.


Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.

Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).

Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.

Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.

Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.

Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:

Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.

Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.

Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.


Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси

Мақолалар