803-САВОЛ: Сизлардан битта нарсани сўрамоқчиман. TikTok ижтимоий тармоғида битта видео кўриб қолдим. Унда сайловда қатнашиш овоз беришни куфр амал деган. Шу қанчалик асосли? Шу сайловларда иштирок этишга динимизда қандай қаралади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сайловда иштирок этиш куфр ёки ширк, деган гаплар мутлақо асоссиз. Бундай гап-сўзларни асосан диний илмлардан узоқ, шаръий ҳукмларга бир томонлама қарайдиган кишилар кўтариб юришади. Аслида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи Ақаба байъатида етмиш кишидан иборат ансорлар жамоасига ўз ичларидан гуруҳ раиси тайинлашни буюрганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам гуруҳ раисларини ўзлари танламай, буни сайловчиларга қолдирганлар. Бу билан одамлар ўзларининг маълум ишларини амалга ошириш, раҳбариятга етказиш учун масъул шахсларни ўзлари танлашлари кераклигини ўргатганлар. У зот алайҳиссалом бу услубни кейинчалик ҳам қўллаганлар. Бу ҳақда имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида алоҳида боб очиб, “Одамларга бошлиқ бўлганлар ҳақида” деб номлайдилар ва унда одамлар маълум ишларда юқори раҳбарга кичик бошлиқлар орқали ўз сўзларини етказишлари тавсиясига доир ҳадисни келтирадилар (“Олтин Силсила”, 8-жуз, 7176-ҳадис).
Шунингдек, тарихда “Хулафойи рошидинлар”нинг тўрттаси ҳам ўзига хос услубда сайланган. Абу Бакр разияллоҳу анҳуни бир гуруҳ мусулмонлар сайлаган, сўнг қолганлари унга байъат қилишган. Умар разияллоҳу анҳуни Ҳазрати Абу Бакр мусулмонларнинг розилиги билан тайинлаган бўлсалар, Усмон разиллоҳу анҳуни Умар разияллоҳу анҳу тайин қилган ўнта саҳоба сайлаган, сўнг мусулмонлар у кишига байъат қилишган. Али разияллоҳу анҳу Мадина аҳлининг талабига кўра халифа бўлганлар. У зот қабул қилдилар ва бошқалар эса у кишига байъат қилишган.
Демак, мусулмон инсон жамият манфаати кўзланган, адолат ва яхшилик йўлида бутун инсоният билан ҳамкорлик қилиши мумкин экан. Бу ҳақда Шайх Юсуф Қарзовий ҳафизаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Ислам вад- демоқратийя” номли мақолаларида шундай дейдилар: “Исломда сайловларга гувоҳлик сифатида қаралади. Яъни, раҳбарликка сайланаётган одамнинг салоҳиятига гувоҳлик беришдир. Салоҳияти йўқ одамга салоҳиятли, деб гувоҳлик берилмайди. Агар салоҳиятли кишига ўз ўрнида гувоҳлик берилмаса, бу гувоҳликни яшириш бўлиб қолади”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
مَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً حَسَنَةً يَكُنْ لَهُ نَصِيبٌ مِنْهَا وَمَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً سَيِّئَةً يَكُنْ لَهُ كِفْلٌ مِنْهَا وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقِيتًا
яъни: “Ҳақни ҳимоя қилган ўз насибасини олади. Ноҳақликни ҳимоя қилган ҳам ўз улушини олади. Аллоҳ ҳамма ишга баҳо берувчи зотдир” (Нисо сураси, 85-оят).
Демак, номзодлар ичида энг лойиғига, жамиятда адолатни ўрнатадиган кишига овоз берса, албатта бу яхши ишининг ажрини олади. Аксинча бўлса, маломатга қолади.
Бошқача айтганда, агар мусулмон киши ҳар жиҳатдан лойиқ номзодга овоз берса, элу юртни тараққиётига катта ҳисса қўшган бўлади. Энг асосийси охиратда улкан ажрга эга бўлади. Аксинча, эътиборсизлик, лоқайдлик ёки турли қинғир йўллар билан нолойиқ номзодга овоз берса, охиратда бундан масъул бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Қатарнинг нуфузли «Gulf Times» газетасида Ўзбекистонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Соҳибқирон Амир Темурнинг маънавий меросига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» агентлиги.
«Амир Темур мероси Ислом цивилизацияси марказида: Учинчи Ренессанснинг интеллектуал асоси» сарлавҳали материалда Марказнинг нафақат минтақа, балки глобал ислом цивилизациясидаги ўрни таҳлил қилинган.
Мақолада асосий урғу Соҳибқирон Амир Темур шахсиятига қаратилган. Таъкидланишича, Темурийлар давридаги илм-фан, маданият ва меъморчилик тараққиёти бугун Ўзбекистонда пойдевори қўйилаётган Учинчи Ренессанс учун асосий маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
«Бугун Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази — Амир Темур томонидан асос солинган буюк давлатчилик ва илм-фан анъаналарининг замонавий кўринишидир. Марказ Соҳибқироннинг "Куч — адолатдадир" деган тамойилини интеллектуал салоҳият билан бойитиб, янги давр пойдеворини намоён этмоқда»,– деб ёзади «Gulf Times».
Нашрнинг қайд этишича, Марказ шунчаки муҳташам бино эмас, балки буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур давридаги «олтин давр»ни бугунги инновациялар билан боғловчи стратегик маскандир.
«Gulf Times» таҳлилига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган ушбу мажмуа Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги маданий дипломатиясини янги даражага олиб чиқди. Марказнинг улкан гумбази ва ҳар бир нақши Амир Темур даври меъморчилигининг замонавий талқини бўлиб, у илм ва маърифатга интилган аждодлар руҳини акс эттиради.
Ўзбекисон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати