Мақолалар

Эҳсон қилувчиларга охиратда хавф бўлмас!

Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизга омонат. Молу бойлик ҳам. Уни Ўзи буюрган жойларга сарфлаш даркор. Мусулмон киши хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам бўлишга ҳаракат қилиши керак.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят). Бошқа ояти каримада: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят), дейилади.

Шу ўринда айтиш жоиз, Ургут туманидаги “Ғузни” масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Нурмуҳуммедов бошчилигида бир гуруҳ саҳоватпеша инсонлар “Mehr saxovat Urgut” номли жамоага бирлашди. Бундан мақсад эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, етим болалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатиш, сахий инсонларни ушбу хайрли ишга даъват этишдир.

Ҳозирги кунга қадар жамоа минглаб оилалар камчиликлари бартараф этиб келмоқда. Масалан, тумандаги 287 нафар болажонга мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ўқув қуроллари ва кийим бошлар топширилди. Шунингдек, 50 нафарга яқин етим ва ижтимоий кўмакка муҳтож мактаб ёшидаги болаларга қишки кийимлар олиб берилди. Яна 300 нафар болажонга кийим бош олиб бериш режа қилинган. Ҳар бир болага бош-оёқ кийим қилиш учун ҳомийлар томонидан ўрта ҳисобда 820 минг сўм миқдоридаги маблағ эҳсон қилинмокда.

Бундан ташқари, тумандаги уй жойга муҳтож 5 та оилага янги уйлар қуриб фойдаланишга топширилди. Бемор ва касаллиги бўлган 150 нафар киши тумандаги хусусий шифохоналар ҳамкорлигида даволанди. 500 дан зиёд фуқарога дори-дармон олиб берилди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

Ояти каримада бир эҳсон эвазига битта эмас, балки етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлиги билдирилмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.

Эҳсоннинг маъноси яхшилик қилишдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига, муносиб кишиларга бериш шартдир.

Азиз юртдошлар, ниятимиз сахий инсонларнинг хайрли ишларини ўрнак сифатида кўрсатишдир. Асло уларнинг савобли амалларини кўз-кўз қилиб, риё эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кишилардан бўлишимизни насиб этсин!

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

1853 марта ўқилди

Мақолалар

Top