Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2025   |   25 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:46
Қуёш
06:05
Пешин
12:23
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:46
Bismillah
17 Сентябр, 2025, 25 Рабиъул аввал, 1447

Ислом бағрикенглик динидир

16.11.2021   3977   4 min.
Ислом бағрикенглик динидир

Шукрлар бўлсинки, бугун юртимиздаги ўттиз тўрт миллиондан зиёдни ташкил этаётган халқимиз тинчлик, осойишталикда ҳаёт кечирмоқда. Албатта бунинг асосий негизи миллатлараро тотувлик, динлараро  бағрикенгликка бориб туташади. Бир юз ўттиздан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил иноқлқликда, шу юртнинг эртаси учун камарбаста бўлиб яшаётганлиги ҳар биримизнинг кўзимизларимизни қувнатмоқда.

Шундай экан юртнинг эртаси, фарзандларимизнинг иқболию, камолини ўйлаган ҳар бир шахс доимо огоҳ ва ҳушёр туришлиги ҳам муҳимдир. Дунё саҳнида инсоният бино бўлибдики, унинг ҳаёти доимо бир текисда кечмайди. Балки турли туман қарама қаршилик, зиддиятлардан иборатдир. Бугун кўпгина жамиятлар учун асосий хавф-хатар миллий ва диний низонинг пайдо қилинишлигидир.

Муқаддас динимизда миллат ажратиш жоҳиллик деб қаралади. Ислом  тарихига назар ташласак пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг атрофидаги саҳобаларининг ичида ҳам турли миллатга мансуб кишилар бўлганлиги, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо бошқа эътиқод вакиллари бўлмиш яҳудий, насроний хатто буд санамларга сиғинадиган қатлам билан ҳам кенгашиб яшаганликлари маълум ва машҳурдир.

Чунки Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай хитоб қилган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ

إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ   (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/).13

яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Диққат билан эътибор берсак ушбу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло бутун бошли инсониятга хитоб ўлароқ, уларнинг барчасининг ота-онаси бир эканлигини эслатиш билан бошламоқда. Оятнинг мазмунига янада теранроқ нигоҳ ташласак, инсоният ҳаётидаги турфа хиллик уларнинг бир бирларига талпиниб, танишиб яшашликлари учун асосий мезон эканлигига урғу берилмоқда.   Инсонларнинг турли туман эътиқод ва миллатдан иборат бўлиб яшашликлари илоҳий тақсимот бўлиб, асло уруш жанжал чиқариш учун эмаслиги баён этилмоқда. Дарҳақиқат айрим тушунчаси тор кишилар фикрлаганидек ҳамма бир хил эътиқод, бир хил қиёфа, бир хил сўзлашувда яшаганда эди инсоният ҳаётида мазмун қолмас эди.

Бугунги кунда ер юзининг сайқали бўлиб чирой очиб турган Самарқанд заминига мусумон қўмондон Қутайба ибн Муслим ноананавий услубда кириб келгач, Самарқанд аҳли ўша даврдаги мусулмонларнинг пешвоси бўлмиш Дамашқдаги Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига адолат истаб чопар юборишади. Вазиятни синчковлик билан ўрганган Умар ибн Абдулазиз чопардан Қутайба ибн Муслим учун уч кун ичида самарқандни тарк этиши лозимлиги тўғрисидаги мактубни бериб юборадилар. Қутайба ибн Муслим эса мактубни очиб кўриши биланоқ айбига иқрор бўлиб шаҳарни тарк этади. Аввал бошда кўзларига ёвуз душман сифатида кўриниб, қалбларида қўрқув пайдо бўлган Самарқанд аҳли исломнинг бу вакилларини яхши кўра бошлайди. Чунки улар ҳаётлари давомида бу каби самимий, меҳрибон, камтарин, ҳушмуомила энг асосийси адолатли кишиларни кўрмаган эди. Энди эса Самарқанд аҳли ўз ихтиёри билан Ислом динини тўп тўп бўлиб қабул қила бошлади. Биз исломий бағрикенгликка оид бу каби кўплаб жонли мисолларни келтиришимиз мумкин.

Энг асосийси бугун халқимизга, ёш авлодга мусаффо маърифатни кенг тарқатиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиздир. Таркиби бузилган сув ўзининг мусаффолигини йўқотиш билан инсон танасига зарар етказганидек, соф маърифат ўзанидан бебаҳралик ҳам кўпгина ноҳуш холатларга сабаб бўлмоқда.

Аллоҳ таоло элимиз, юртимизни тинч омон айлаб, унда истиқомат қилаётган барча халқимизни бир бирларига нисбатан меҳр-оқибатини янада зиёда ва мустаҳкам бўлишини насиб этсин.

 

Ўткир домла Умирқулов Самарқанд шаҳар «Лаҳутий» жоме масжиди имом-хатиби 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бомдод намозидаги суннат амаллар

17.09.2025   1135   3 min.
Бомдод намозидаги суннат амаллар

1. Бомдод намозининг суннатини енгил ўқиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида азон ва иқомат орасида енгил икки ракат ўқир эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

2. Биринчи ракатда Кафирун, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракатида “Қул йаа айюҳал каафирун” ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқирдилар» (Имом Муслим ривояти).

 

3. Суннатдан сўнг озгина ёнбошлаш.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозининг суннатидан кейин ўнг тарафлари билан озгина ёнбошлаб ётар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

4. Ёсин сурасини ва Ҳашр сурасининг охирги уч оятини тиловат қилиш.

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Ёсин” Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Ким “Ёсин”ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади» дедилар (Имом Термизий, Имом Байҳақий ривояти).

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким субҳ чоғида уч марта “Аъузу бисмиллаҳис самийъил алийм, минаш шайтонир рожийм” деб, Ҳашр сураси охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

5. Бомдод намозидан кейин ўша жойда ўтириш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг намоз ўқиган жойларида то қуёш яхши чиқиб олгунича ўтирар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

 

6. Қуёш чиққанидан сўнг икки ракат ишроқ (қуёш чиқиши) намозини ўқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

7.Сўнгра зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
 

Даврон НУРМУҲАММАД