Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Феврал, 2026   |   5 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:50
Қуёш
07:09
Пешин
12:42
Аср
16:22
Шом
18:09
Хуфтон
19:21
Bismillah
22 Феврал, 2026, 5 Рамазон, 1447

Нажот топадиган, Аллоҳ тезда раҳм қиладиган, ҳақиқий мўминларнинг аломатлари

22.11.2021   3556   3 min.
Нажот топадиган, Аллоҳ тезда раҳм қиладиган, ҳақиқий мўминларнинг аломатлари

Мўминлик инсон учун энг катта шараф. Агар инсон бу дунёда мўмин деган ном олса, мўминга хос яшаса, дунёдан ўтганида мўмин деган ном билан кетса, демак, умри беҳудага ўтмабди. Агар, ушбу мўминлигини Аллоҳ таоло этироф қилган бўлса, Аллоҳ мўминларга хослаган сифатлар ила зийнатланган бўлса, охиратдаги мақоми ҳам баланд бўлади. Жаҳаннамдан, азоб ва маломатдан нажот топади. Аллоҳ таоло унга раҳм қилади ва олий мақомлар билан сийлайди. Хўш, бунинг учун қандай ҳислатларга эга бўлиш керак? Роббимиз таърифлаган ҳақиқий мўминларнинг сифатлари қандай бўлиши керак? Бу саволларнинг жавоби ҳам илоҳий Каломда баён қилингандир. Роббимиз айтади:

“Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида камтардирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчи кишилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро) аҳдларига риоя этувчи зотлардир. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)лардир. Айнан ўшалар, меросхўрлардир, Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, у ерда улар мангу қолувчидирлар”. (Мўминун сураси 1-11-оятлар)

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир”.  (Тавба сураси 71-оят)

“Албатта, Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир”. (Анфол сураси 2-3-4-оятлар)

Хулоса: демак, Аллоҳ таърифлаган мўминлар:

  • Намозини хушуъ ва хузуъ билан адо қилади.
  • Дунё ва охирати учун фойда бермайдиган гап сўзлардан, амаллардан юз ўгиради.
  • Закотини адо қилади.
  • Авратларини номаҳрамлардан сақлайди.
  • Зиммаларига юклатилган омонатларга хиёнат қилмайди.
  • Ваъдасига, аҳдига вафо қилади.
  • Намозини бесабаб қазо қилмайди. Ўз вақтида адо этади.
  • Яхши, хайрли амалларни бажаришга бошқаларни ҳам тарғиб қилади.
  • Гуноҳ ва ёмон амалларни қилишдан бошқаларни ҳам қайтаради.
  • Аллоҳ таоло ва Росулуллоҳ с.а.в.нинг буйруқларига сўзсиз итоат қилади.
  • “Аллоҳдан қўрқ”, дейилганда қалбида қўрқув пайдо бўлади. Роббисининг улуғлигини, қудратини ва шиддатли азобини ҳис қилади.
  • Қуръон ўқилганда ундаги ваъдалар, мукофотлар, башорат ва қайтариқларни ҳис қилиб, иймонининг қуввати зиёда бўлади. Хайрли амалларга рағбати кучаяди.
  • Аллоҳгагина таваккал қилади.
  • Ўзига берилган яхшиликлардан бошқаларга ҳам инфоқ эҳсон қилади.

Мана шу сифатларга эга бўлган мўминлар “Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, у ерда улар мангу қолувчидирлар”. “Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур”. “Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир”.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби:  Ёрбек Ислом

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хонадонларга уламоларнинг ташрифи давом этмоқда

22.02.2026   120   1 min.
Хонадонларга уламоларнинг ташрифи давом этмоқда

Давлатимиз Раҳбари томонидан жорий йил 16 февраль куни имзоланган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ушбу ойни халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларга содиқ ҳолда ўтказишда асосий омил бўлмоқда.
 

Қутлуғ ойнинг аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида соҳа ходимлари томонидан юртимизнинг барча ҳудудидаги энг оғир маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар учун ифторликлар ташкил этилиб, кўнгли ўксик кишилар оғирини енгил қилиш ва кўнгилларини шод этиш ишлари бошлаб юборилди.  


Жорий йилнинг 22 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Учтепа тумани "Ҳазрат Али" масжиди имомлари билан биргаликда Давлатобод маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳусан ака Алимов хонадонда бўлдилар. Ҳовли кичик бўлишига қарамй 4 та оила аҳилликда, Яратганга шукроналикда умр кечирмоқдалар. Ташриф чоғида ушбу хонадон аҳилларига рўзғор ашёлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилинди. Шундан сўнг хонадон эгалари билан биргаликда ифторлик дастурхонида маърифий-ҳаётий суҳбат қилинди.  Якунда Юртимиз ва юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.  

Бундай хайрия тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.    

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Хонадонларга уламоларнинг ташрифи давом этмоқда Хонадонларга уламоларнинг ташрифи давом этмоқда Хонадонларга уламоларнинг ташрифи давом этмоқда
Ўзбекистон янгиликлари