Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил микдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамларнинг турли қабила ва элатларга бўлиниши уларнинг бир-бирлари билан танишиб дўст бўлишлари учун бўлганидек, мол-дунёларнинг турли миқдорда бўлиши ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ўзаро ёрдам беришлари учундир. Қайси кишига қандайдир одамларнинг ҳожати тушиб турган бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп яхшиликларини хоҳлаган бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар”(Бақара сураси 245-оят).
Ушбу муборак оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк Аллоҳ таолога қарз бериш сифатида баҳоланмоқда. Шу боис ҳам динимизга кўра садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат эҳтиёж соҳибларигагина берилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? - деб сўрадим. У айтдики: Чунки, садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади” - деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Қарз олди-бердиси жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлардан биридир. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларидаги каби динимизда бу борадаги барча йўл-йўриқлар ҳам мукаммал ва чиройли баён қилиб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги энг узун ояти каримани айнан шу масалага атаб нозил қилган.
Замонамиз уламоларидан машҳур муфассир Ваҳба Зуҳайлий «Тафсирул Мунир» асарида бундай дейди: “Қуръони каримдаги энг узун оятнинг қарз олди-бердисига бағишланиши, молиявий ҳукмнинг баён қилиниши Аллоҳнинг наздида мол-дунёнинг таҳқир қилинишини эмас, балки унинг ҳурмати нақадар баландлигини кўрсатади”.
Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига беҳисоб ризқ берса, хоҳлаган бандасини етишмовчилик, молиявий муаммолар билан синайди. Шунинг учун кишилик жамиятини қарз олди-бердисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Қуш тирикчилик қилиши учун қанот қоқишга мажбур бўлганидек, ризқ топиш, мол-дунёни қўлга киритиши учун инсондан ҳам маълум бир саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Уларнинг машруъ йўлларини белгилаб бериш эса диннинг вазифасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мол-дунё топиш, тирикчилик қилиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида кўпгина оятлар нозил қилган: «Ва кундузни тирикчилик қилиб қўйдик» (Наба сураси, 11-оят). «Намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (Жумъа сураси, 10-оят).
Баъзилар динда мол-дунё, бойлик қораланган деб ўйлашади. Аммо бу динимизнинг моҳиятини, илоҳий ҳикматларини нотўғри тушуниш оқибатидир. Исломда мол-дунёнинг ўзи эмас, балки унга ўч бўлиш, ружу қўйиш ва натижада Аллоҳ кафолатлаб қўйган ризқни деб тоат-ибодатдан чалғиш, гуноҳга ботиш қораланган. Агар динимизда мол-дунё қоралаган бўлса, шариатимизда садақа, хайр-эҳсон, закот, ҳаж каби молиявий ибодатлар жорий қилинмаган бўлур эди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 282-оятида бундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!».
Маълумки, бугунги кунда молиявий муомалаларга оид барча муҳим ишлар нотариал идоралар томонидан гувоҳлар ҳузурида ёзиб, расмийлаштирилсагина қонуний кучга эга бўлади. Шундай қилинса, ҳеч ким норози бўлмайди, ҳеч кимнинг ҳаққига тажовуз қилинмайди. Қуръони карим эса бундан ўн беш аср олдин бу қоидани гўзал ва мукаммал тарзда, ҳеч бир тўлдиришга ўрин қолдирмай баён қилиб берган.
«Орангизда бир котиб уни адолат билан ёзсин». Демак, қарз ҳақидаги тилхатни қарз бераётган одам ҳам, олаётган одам ҳам ёзмайди. Буни бетараф, холис одам – котиб ёзсин. Таомил шундай.
«Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин».
Афсуски, ушбу илоҳий қонундан узоқлашилгани боис бугунги кунда қарзни вақтида адо этмаслик жамиятда одатий ҳол бўлиб қолган. Қаерга қараманг, жуда кўплаб низо, уруш-жанжал, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар орасининг бузилиши, ҳатто оғир жиноятлар қарз муаммоларидан келиб чиқмоқда. Ақл бовар қилмас даражадаги катта қарзлар бир неча йиллардан бери тўланмаган. Кимдир қарз берган, кимдир олган, аммо қуруқ сўзга ишониб, ялиниб-ёлворганига раҳми келиб, на гувоҳ чақирилмаган, на кимдир бирон нарса ёзган. Энди эса омонатга хиёнат юзага келади – қарз берувчи талаб қилади, олувчи бермайди. Мабодо кимдир ўртага тушган бўлса, қарзини қайтариб ололмаган одам жон аччиғида унинг ўзига ёпишяпти, яхшилик қиламан деган одам балога қолиб кетяпти. Шунинг учун кўпинча одамлар бундай ғалвали масалага аралашишдан, ўртага тушишдан ўзларини олиб қочадилар. Аммо Аллоҳ таоло бир киши гувоҳликка чақирилса, Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, дейилмоқда. Чунки бу савоб иш.
Аллоҳ таоло бир мушкулини ҳал қилиш учун қарз олган, сўнгра оғир кунида ёрдам берган биродарининг омонатига хиёнат қилмай, уни ўз вақтида узишга ният қилган кишига ёрдамчи бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Ким одамларнинг молини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, уни Аллоҳ (Ўз ёрдами ила) адо этади. (Бировнинг молини) йўқ қилишни ният қилиб олган одамни Аллоҳ йўқ қилади» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, қарз олмоқчи бўлган одам, аввало, ниятини тўғрилаши лозим экан. Агар у «Аллоҳим, шу биродаримдан қарз оляпман, уни қайтаришга Ўзинг ёрдам бер» деса, Аллоҳ таоло қарзни қайтаришга албатта ёрдам беради. Лекин «Бойга бало урармиди, топганда бераманда» деб олса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилади.
Ҳаётда бундай ҳолатга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Одамларни алдаб, ишончига кириб, найранг йўли билан пул олишни касб қилганларнинг бало-офатларга йўлиқиб, йўқ бўлиб кетаётгани мазкур ҳадиси шарифнинг исботидир.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййитни олиб келинди. Бас, У зот алайҳиссалом: «Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди. «Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар. «Ўша иккови менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳ ато қилганидан кейин: «Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар». Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўла туриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади. Ушбу ҳадисга амал қилароқ, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади.
Қарз бериш бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир, чунки унда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло қарздорлар қарзларини ўз вақтида адо этишларига муяссар айласин, қарз ва омонат борасидаги масъулиятни яхши биладиган омонатдор бандалардан бўлишимизни барчаларимизга насиб қилсин.
Манбалар асосида
Хўжаобод туман “Етти чинор”
жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммадқуддус АБДУЛМАННОН
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Суннатни инкор этувчилар: “Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишни буюрар экан, бунда пайғамбар сифатида эмас, балки раҳбарга итоат қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар раҳбари бўлганлари учун у зотга итоат қилинади ва эргашилади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг эса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш мажбур бўлинмайди. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига ким раҳбар бўлса, мусулмонлар унга эргашадилар”, деган иддаони қилишади.
Бу ердаги хато тушунча шундан иборатки, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбар деб эмас, балки раҳбар сифатида эргашиш лозим дейдилар. Бунга юқорида кўрсатилган оятларга нотўғри ёндошув сабаб бўлган. Унинг сабаблари қуйидагилардан иборат:
1. Қуръони каримнинг қатор оятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрилган, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ёки раҳбарга эмас. Агар бир кишига: “Отангга итоат қил!” дейилса, оталик мавқеи отага итоат килишнинг асоси бўлади. Агар “Устозингга эргаш!” дейилса, устозлик мақоми эргашишликни тақозо қилган бўлади.
Худди шунингдек, Аллоҳ таоло “Пайғамбарга итоат этинг!” деб амр қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбар бўлганлари учун итоат этиш лозимлигини англатади.
2. Қуръони карим итоат этишни нотўғри талқин қилинишидан қайтаради:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ﴾
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!» (Нисо сураси, 59-оят).
Оятда Пайғамбар алайҳиссаломга итоат бошлиқ (раҳбар)ларга итоатдан алоҳида зикр қилинди. Зеро, Пайғамбарга ва раҳбарга итоат этишнинг ўзига хос алоҳида хусусиятлари мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда эса ҳар икки хусусият ҳам жамланган эди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар, ҳам раҳбар эдилар.
Агар Аллоҳ таоло Пайғамбарга итоатни фақат ҳаётлари билан чеклаганда эди, Қуръони каримда аниқ ва равшан қилиб "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этинг!" деган буйруқ бўларди. Қуръони каримда бу икки хусусият бир-биридан ажратилиб, алоҳида зикр қилинди ва нотўғри талқин қилиш бартараф этилди.
Шунингдек, оятда нозик бир жиҳат бор, яъни “ишбошилар” лафзи кўплик шаклида, "Пайғамбар" сўзи эса бирлик шаклида келган. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги Пайғамбар эканликлари ва у зотдан кейин пайғамбар келмаслиги очиқ-ойдин равшанлашади.
Пайғамбарга итоат фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга хос хусусият эканига далолат қилади. Келажакда ҳеч ким бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тенг келолмайди. Қолаверса, ишбоши (раҳбар)лар пайғамбардан фарқли ўлароқ кўп келиши табиий ҳолдир. Бу кўринишдаги бўйинсуниш, яъни ишбошиларга итоат этиш ваҳий замонидагина эмас, балки барча замонлардаги ишбошиларга ҳам тегишлидир.
Демак, Пайғамбар алайҳиссаломга итоат Аллоҳга итоат экан. Бунга қарши бирор раҳбар ёки давлат бошлиғи ваҳий олганини даъво қилолмайди. Раҳбар ишхона буйруқлари асосида ўз қўлостидаги ишчиларини бошқара олади, лекин раҳбарлик мақомида шариат қоидаларини чиқариб, уни қўллай олмайди.
Раҳбар Қуръони карим ва суннатдан олинган шаръий аҳкомларни ҳукмсиз қўллай олмаганидек, ўз буйруқларини шаръий аҳкомлар каби бутун замонлар учун риоя қилиниши мажбурий қоида сифатида қўллай олмайди. Шаръий аҳкомлар Аллоҳ таолодан келган ва турли кўринишдаги ваҳийга асосланган бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари эса тамомила фарқли бўлиб, Аллоҳ таолодан тиловат қилинадиган ва тиловат қилинмайдиган ваҳий оладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набавий амрлари шахсий хоҳиш-иродаларига асосланган буйруқ эмас, балки ваҳий, ваҳий тарафидан тасдиқланган буйруқдир.
Ушбу икки ҳолатни янада кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари баъзан асл манба матлув ва ғойри матлув шаклида ваҳий қилинишини айтдик. Ваҳий бўлмаса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқ бермасдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илоҳий хулқларига ишора қилишига асло шубҳа йўқ. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари шариатнинг бир бўлаги саналади.
Шунингдек, айрим ўринларда буйруқлар ваҳийга эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг воқеалар таҳлилига асосланишлари ташкил этади. Бироқ улар ҳам вақти билан ваҳий орқали ўз тасдиғини топади.
Тасдиқлар ҳам икки турли бўлади: Гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарорлари ваҳий тарафидан очиқ-ойдин тасдиқланиши билан намоён бўлади, айрим ҳолларда, яширин тасдиқлаш (қўллаб-қувватлаш) орқали ўз тасдиғини топади.
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум бир ҳаракат (амал)ларини Аллоҳ таоло ислоҳ этмаётган бўлса, бу ўша амал (ҳаракат)нинг тасдиқланганини англатади.
Бунинг боиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси (пайғамбари), У Зотнинг иродасининг етказувчиси ўлароқ илоҳий кузатув остидадирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар ёки қандай амал қилсалар Аллоҳ таоло тарафи (иродаси)дан эканига ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амал, ниятлари ўз тасдиғини топгани баён этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилганларида ёки бирор нарсага амр этганларида ҳеч қандай ваҳий келмаса ҳам, буюрилган буйруқ ёки амал Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланганини билдиради. Агар ўша буйруқ ёки амал нотўғри бўлганда, албатта ваҳий орқали маълум қилинган бўларди: Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хато-камчиликларни тузатиш учун ҳам алоҳида ваҳий келарди.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ишга буюрганларида ёки бирор амал қилганларида уларнинг зиддига ваҳий келмаса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ёки ҳаракатлари маъқуллангандир.
Мухтасар қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча айтган сўз ва қилган амаллари ваҳийга асосланган. Улар баъзан очиқ-ойдин ёки махфий ваҳий орқали ўз тасдиғини топган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бирорта раҳбар бу каби бошқарувга эга бўла олмайди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг ваҳий келиши тўхтагандир.
Шу боис, Қуръони карим оятларида раҳбарларга бўйсунишдан фарқли равишда Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этишлик алоҳида таъкидланган. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш мажбурийдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбардирлар ва хулқ-атворларида Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасини намоён этадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва феъллари тасдиқланган суннат, Аллоҳ ва Унинг Каломига иймон келтирган барча мўмин-мусулмонларни бирдамликка бошловчи дастурул амалдир.
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси