Мақолалар

Қомусимиз – бахтимиз ва ҳуқуқларимиз кафолати

“Қаерда қонун ҳукмрон бўлса, шу ерда адолат бўлади”
Амир Темур

Она-Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб, республикамизнинг биринчи Президенти марҳум ва мағфур Юртбошимиз раҳбарлигида мустақил давлат янги қонунчилигининг яратилиши ва қабул қилиниши борасида дадил қадам ташланди. Бу борада керакли чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлабки қабул қилинган қонунлардан бири Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиб, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.

Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилган десам, муболаға бўлмайди.

Жорий йил 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Қомусимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари билан бирга виждон эркинлиги ҳам алоҳида кафолатлаб қўйилган. Бундан ташқари, инсон қадри буюклиги, уни ким бўлишидан қатъий назар шаъни ва қадр-қиммати ҳимояланиши таъкидланган.

Жумладан, 48-моддада бундай дейилган: “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.

Кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.

Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма тўққиз йиллиги байрамини нишонлаяпмиз. Зеро, Асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган.

Жумладан,
Бош Қомусимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари бўлими” (7-боби, умумий қоидалар) 18-моддасида бундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб ёзиб қўйилгани айни сўзимизга мисолдир.

Жаннатмакон юртимиз ўзининг мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларимизни қайта тикланиши, шунингдек, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби барча ютуқларимиз Бош Қомусимиз – Конституция ва у асосида қабул қилинган қонун, қарорлар, давлат дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди.

Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларни тенглиги, уларнинг тили ва диний урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларда тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда.

Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Ушбу ояти кариманинг мазмун ва маъносига аҳамият қиладиган бўлсак, инсонларни мукаррам қилиб яратилганлигига, унга берилган барча ҳақ-ҳуқуқларидан оқилона фойдаланиши, берилган барча неъматлардан фойдаланишига ва унинг шукрини қилиб фаолият олиб боришга ундамоқдадир.

Бугун турли зўравон кучларнинг тўқнашувлари, қўпорувчилик қузғунлари авж олаётган бир даврда инсониятнинг ана шу ҳуқуқлари энг қадрли, энг тотли неъматга айланиб бормоқда. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида белгилаб қўйилган мазкур ҳуқуқлар Конституциямиз иккинчи бўлимида ўз аксини топган.

Қомусимизда бешта асосий тамойил мустаҳкам белгилаб қўйилгандир. Булар демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тамойилларидир. Бу тамойиллар фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлиги, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти органларининг сайловлар асосида шакллантирилиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши каби шаклларда намоён бўлади.

Конституциямизда шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлатдан устунлиги эътироф этилган, шунингдек, унда инсон қадри, шахс эркинлиги ва ҳаётини таъминловчи табиий имкониятларни юзага чиқишига алоҳида аҳамият берилган. Бу масалалар муқаддас динимизда ҳам тўлалигича ва кераклигича ўрганилган. Бунга оид кўрсатмалар ҳам берилган. Буни биз муқаддас динимиз таълимотларини ўргатадиган китобларни ўқисак, тарихни ўргансак, фикрларимиз исботини топган бўламиз. Шунинг учун ҳам Конституциямиздан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурласак, уни ҳар қанча ўрганиб, тарғиб қилсак арзийди.

Зеро, ўз оиласидаги тартиб-қоидаларга амал қиладиган, уни ҳурмат қиладиган фарзанд бошқаларнинг ҳам мана шундай талаб-тартиблари борлигини англайди, уларни ҳурмат қила билади. Шу маънода Конституциямиз барчамиз учун асосий мезон бўлиши, унинг қоидалари ҳаётимизнинг асосий қоидалари ва мақсадларига айланиши даркор.

Юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади.

Ушбу ишларни амалга оширган кишилар ҳам давримиз, ҳам бебаҳо миллий қадриятларимиз меъёрларига амал қилган бўлади.

Исомиддин АХРОРОВ
ЎМИ Кадрлар бўлими мудири

783 марта ўқилди

Мақолалар

Top