Мақолалар

Юртимиздаги тарихий обидаларга 25 дан ортиқ рухсатсиз рекламалар жойлаштирилгани аниқланди

Археология санъати ёдгорликлари, масжид ва мадрасалар, маданий тарихий иншоотлар, ноёб ва қадимий осори-атиқалар мамлакатимизнинг миллий бойлиги ва фахри ҳисобланади. Бизнинг вазифамиз эса ўтган асрлардаги бой моддий маданий меросни асл ҳолида асраб-авайлашдан иборат.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасига кўра, моддий маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш тақиқланади. Бу  меъёр  асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тарихи обидаларни асраб-авайлаш мақсадида мустаҳкамланган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ўрганиш натижалари  ҳар доим ҳам бунга амал қилинмаётганлигини кўрсатди. Агентлик томонидан республика бўйича 386  та моддий  маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш бўйича ўрганишлар олиб борилди. 

Натижаларга кўра, тарихий обидаларга 25 дан ортиқ ҳолатда рухсатсиз реклама жойлаштирилганлиги аниқланди.  Маданий тарихий ёдгорликларни асраб-авайлашга етказилган  катта зарарлар – баннерлар, турли ўлчамдаги билбордларни ўрнатиш, уларга  мих қоқиш, симлар билан осиш ва бошқа усуллар билан ўрнатишдан иборат бўлди. Бу қонунга хилоф ҳаракатларнинг барчаси, биринчи навбатда давлат муҳофазасида бўлган моддий маданий мерос объектларига зарар етказилишига олиб келади.

БУХОРО...Энг кўп қоидабузарликлар очиқ осмон остидаги музей сифатида эътироф этилган тарихий Бухоро шаҳрида аниқланди. 1858-1859 йилларда қад ростлаган Иброҳим Охунд мадрасаси (М.Амбар кўчаси, 117-уй) девори бўйлаб бир вақтнинг ўзида бир неча:  газлама устахонаси, гўзаллик салони ва маиший техникани таъмирлаш  бўйича ташқи эълонлар жойлаштирилган.  XIX  асрда қурилган Сайфуддин карвон саройида гилам тўқиш мактаби бўйича ташқи реклама осилган. Бухоронинг тарихий маркази – XVI асрга оид (1534-1535 йиллар) Тоққи Саррафондаги  жаҳонга машҳур анъанавий ёпиқ бозорда ҳам бир қатор реклама конструкциялари ўрнатилган ва эълонлар берилган.
Қайд этиш жоизки, аниқланган қонунбузарликлар тез орада бартараф этилди. Ўрганиш натижаларига кўра, агентлик томонидан қонун ҳужжатларини бузган тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш хатлари юборилиб, ташқи рекламани ўрнатиш тартиби юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Шуни ёдда тутиш керакки, моддий маданий меросга зарар етказилишига йўл қўйилмайди. Агар шу каби тартиббузарликка гувоҳ бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг телеграм канали bexato_reklama.bot боти  орқали хабар беришингиз сўралади.  

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА 

1385 марта ўқилди

Мақолалар

Top