Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Октябр, 2025   |   5 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:29
Қуёш
06:48
Пешин
12:12
Аср
15:43
Шом
17:29
Хуфтон
18:42
Bismillah
27 Октябр, 2025, 5 Жумадул аввал, 1447

Оз ухлаш солиҳ зотларнинг одатидандир

05.01.2022   2153   3 min.
Оз ухлаш солиҳ зотларнинг одатидандир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Омматан мусулмонларга, хусусан толиби илмларга вақтларини кўп ухлаш билан зое қилиб юбормасликлари лозим бўлади. Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларга иқтидо қилишлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом), албатта Парвардигорингиз сиз ва сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни, саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур» (Муззамил сураси, 20-оят).

унингдек, бу буюк имомларимиз ва салафи солиҳларимизнинг ҳам одатларидандир.

Имом Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бизга имом Абу Ҳанифанинг қирқ йил беш вақт намозни бир таҳорат билан ўқиганлари, уйқулари ўтирган ҳолатларида бўлиши, пешин ва аср оралиғида бир лаҳза ором олишлари, қиш пайтида туннинг аввалида бир лаҳза ухлашлари ва Қуръони каримни икки ракатда жамлашларининг хабари етиб келган».

Яна айтадилар: «Абу Ҳанифа одамларнинг энг билимдонидир». Бошқа бир ўринда: «Фиқҳда Абу Ҳанифага ўхшаган бирор кишини кўрмадим», деганлар. («Тобақотул кубро» асарида келган 1/46-бет).

Ҳасан ибн Аммора роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ вафот этганларида, у зотни юваётиб, шундай деганлар: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Ўттиз йилдан бири оғиз очмадингиз (яъни, кундузи рўзадор бўлдингиз) ва қирқ йил тунда ёнбошингизни ерга қўймадингиз». (Имом Заҳабийнинг «Маноқибу Аби Ҳанифа» китобида келган 13-бет).

Имом Ҳаммоний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Абу Ҳанифани олти ой лозим тутдим. У зот бомдод намозини хуфтон намозининг таҳорати билан ўқир эдилар ва ҳар кеча Қуръони каримни саҳар вақтида хатм қилар эдилар». (Имом Заҳабийнинг «Маноқибу Аби Ҳанифа» китобида келган 13-бет).

Имом Муҳаммад ибн Салама роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний тунни уч қисмга тақсимлаган эдилар: ўхлаш учун бир вақт, намоз учун бир вақт ва дарс қилиш учун бир вақт. У зот саҳар вақти доим уйғоқ бўлар эдилар. У зотга: «Нега ухламайсиз?», деб сўрашганда «Қандай қилиб ухлаймиз, ахир одамлар бизга ишониб уйқуга кетган бўлсалар?! Улар: «Бошимизга бир иш тушса, уни унга олиб борамиз, у унга ечим топиб беради», деб айтадилар. Агар ухласак, бунда динни зое қилишлик бор», деб жавоб берганлар. («Булуғул амоний» китобида келган 59-бет). 

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Шайхул Ислом Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф Нававий роҳимаҳуллоҳ ҳақларида шундай айтадилар: «У зот 631-ҳиж. йилда Нава шаҳрида дунёга келдилар. 649-ҳиж. йилда Дамашққа келдилар. У ерда «Роваҳийя» мадрасасида мадраса нонидан танаввул қилиб кун кечирдилар. У зот айтадилар: «Икки йил ёнбошимни ерга қўймадим». Бу орада у зот «Танбеҳ» асарини тўрт ярим ойда ёд олдилар ва йилнинг қолган вақтида «Муҳаззаб» асарининг тўртдан бирини устозлари Камол Исҳоқ ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳга ёддан ўқиб бердилар». («Қийматуз замон» 71-бет ва «Тазкиротул ҳуффоз» 4/1472 китобларида келган).

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳнинг

«Қалбни суғорган ҳикмат зилоли» китобидан.

Абдуссами Хайруллоҳ таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръондаги 6 шифо ояти

10.01.2024   12465   2 min.
Қуръондаги 6 шифо ояти

Банда бирор касалликдан азоб чекаётганда шифо сабабларини албатта излаши шартдир. Бу борада шифокорга мурожаат этиш, дори-дармонларни қабул қилиш, сабрли бўлиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш талаб этилади.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.

Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.

Шифо оятларига қуйидагилар киради:

وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ

  1. (Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
 

  1. “Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).

يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
 

  1. “Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

  1. (Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).

 

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

  1. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур (Шуаро сураси, 80-оят).

 

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ

  1. Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД