Вақтни ғанимат билишга ёрдам берадиган энг муҳим нарсалар сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. ишларни тартиблаш;
2. бекорчилик ва беҳуда ўтиришлардан узоқлашиш;
3. барча ишларда ортиқчаларидан воз кечиш;
4. вақту дақиқаларни қадрлайдиган оқил, закий ва тиришқоқ кишилар билан дўст бўлиш;
5. таржимаи ҳоллари кишини рағбатлантирадиган буюк уламолар ҳақидаги хабарларни ўқиш;
6. илмий ютуқларга эришишда вақтга эътибор бериш лаззатини туйиш;
7. мутолаадан лаззатланиш;
8. маърифат ва хабардорлигини оширишда бардавом бўлиш;
9. маълумотларни таҳқиқ қилишда тўлиқ банд бўлиш ва ҳоказолардир.
Буларнинг бари сизга вақт қадрини ҳамда уни муҳофаза қилишни англатади. Сизни вақтни йўқ қилувчи эмас, уни касб қилувчи қилиб, вақтни зое қилувчи эмас, уни муҳофаза этувчи қилиб тарбиялайди.
"Уламолар наздида вақтнинг қадри" китобидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Чап қўлни орқага қилган ҳолда, унга суяниб ўтириш жоизми? Ёши катталар бу ишни “ёмон” деб, қайтаришади.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Ёши катталар бу ишни бежизга “ёмон” деб, қайтаришмаган. Зеро, бу макруҳ амал саналади. Бу ҳақда Шарид ибн Сувайд исмли саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
مَرَّ بي رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم وأنا جالسٌ هكذا وقد وَضَعْتُ يَدِي اليُسْرَى خلفَ ظهري واتَّكَأْتُ على أَلْيَةِ يَدِي فقال أَتَقْعُدُ قَعْدَةَ المغضوبِ عليهم
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар. Мен чап қўлимни орқамга қўйиб, қўлимнинг кафтига суяниб ўтирган эдим. Шунда У Зот “Ғазаб қилинганларни ўтириши каби ўтирасанми?”, деб танбеҳ бердилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Шунга кўра фақиҳлар “Киши хоҳ бир қўлига суянсин, хоҳ икки қўлига суянсин, фарқи йўқдир. Яъни, ҳар иккала ҳолатда ҳам макруҳ бўлади”, деганлар (“Мирқотул-мафотиҳ” китоби асосида). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.