Мақолалар

“Иссиқ-совуқ”ни яхшилик умидида қилса бўладими!?

Яқинда бир иймон-эътиқодли танишимиз келиб, турмушимизда сеҳр-жоду аломатлари учраётгани, бундай ҳолатларга диний нуқтаи назардан ҳукм қандай бўлишини сўраб қолди. Сеҳр-жодуга динимизни муносабати қандай?

Аввало Аллоҳ таоло ҳар бир амалда инсонга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда келтирадиган нарсани ҳалол, бунинг аксини эса ҳаром қилди. Аллоҳ таолодан умиди бор киши ҳалолини қилиб, ҳаромидан хазар қилиши керак. Ана шундай ҳаром ишлардан бири се­ҳрдир. Сеҳргарлик Сулаймон алайҳиссалом даврларида ўта авж олган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Бақара сураси 102–103-оятларида орқали қаттиқ огоҳлантиради:

Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар.

Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни ҳалок қилувчи гуноҳи кабиралардан санаган. Яна бир ҳадисларида 7 та ҳалок қилувчи нарсалардан сақланинг деган бўлсалар, шунинг бири ҳам сеҳрдир. Шу асосларларга биноан уламоларимиз сеҳрни ҳаром амаллардан санаганлар.

Сеҳр, “иссиқ-совуқ” қилувчи ҳам, сеҳр-жодудан кўмак истаб борувчи ҳам гуноҳда тенгдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида: “Сеҳрга борган мўмин жаннатга кирмайди”, дея огоҳлантирадилар.

Яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Аслида, сеҳр қилувчилар бировга душманчилик учун қиладилар. Билсинларки, Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: “…Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас… (Қасас, 77).

Хўш, сеҳр, “иссиқ-совуқ” яхшилик умидида қилинса-чи? Барибир, унинг яхши-ю ёмони бир хил. Сеҳрни аксарият кишилар ҳасаддан қилишади.

Бировнинг неъматига ҳасад билан душманчилик қилганингизда унинг бойлиги сизга ўтиб қолармиди? Йўқ, асло. Ёки бировга иссиқ-совуқ қилганингизда у бечора қийналса, хасталикда озор чекса, сизга фойда бўладими? Тағин йўқ! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу дунё у дунёнинг зироатгоҳидир», деганлар. Яъни нимани эксангиз, шуни ўрасиз. Шундай экан, ҳасадни ҳавасга айлантирайлик.

Мана шу оят ва ҳадисларни ўқиб тушунган одам сеҳр қилмайди ҳам, сеҳрга бормайди ҳам.

Аллоҳ ҳаммамизга инсоф-тавфиқ бериб, бир-биримизга қўлдан келганча яхшилик улашайлик. Амин ё раббил оламийн.

 

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси Тўхтаев Насруллоҳ 

2127 марта ўқилди

Мақолалар

Top