Мақолалар

Қара, сен ҳақингда гапириляпти!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга «Гапир» деди. Қара, узот нима дедилар:

«Икки қизни тарбиялаган киши қиёмат куни мен билан (бармоқларини бирлаштирдилар)  мана бундай туради» (Муслим, 2631).

«Қизларни тарбиялаш билан имтиҳон қилинган кишига ўша қизлари жаҳаннамдан парда бўлади» (Бухорий, 1418; Муслим, 2629).

«Кимнинг учта қизи бўлса ва уларни парваришлаб, уларга раҳм-шафқат кўрсатса, албатта унга жаннат вожиб бўлади» дедилар. Саҳобалар сўрашди:

 «Ё Расулаллоҳ, агар иккита қизи бўлса-чи?». «Иккита қизи бўлса ҳам худди шундай», дедилар. Агар ўша пайтда кимдир туриб, «Битта қизи бўлса ҳамми?» деб сўраганида «Ҳа» деб жавоб берардилар (Аҳмад, 13835).

«Менинг умматимдан учта қиз фарзандни ёки учта сингилни тарбиялаган ва уларга ғамхўрлик қилган кишига жаннат вожибдир» («Шуаб-ул иман», 10511).

«Кимнинг учта қизи ёки учта синглиси ёки иккита қизи ёки иккита синглиси бўлса ва уларга чиройли тарбия берса, улар ҳаққида Аллоҳдан қўрқиб иш тутса, унга жаннат бордир» (Термизий, 1916).

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларга сабр билан муомала қилса, еб-ичиши, кийинишида камчиликка йўл қўймаса, қиёмат куни улар уни оловдан ҳимоя қилишади» (Ибн Можа, 3629; Абу Довуд, 5147).

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларидан олинадиган фойдаларни санаб ўтсак:

1. Қиз фарзандни ўстириш қиёмат куни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдир.

2. Қиз фарзандалар биз учун имтиҳондир. Аслида ҳар бир фарзанд бир синов, лекин қиз бола янаям ҳассос имтиҳон. Ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтиш оловдан ҳимояланиш маъносини ифодалаяпти. Қиз боланинг имтиҳон экани, уни ўғил болага нисбатан ёмон бўлганидан эмас. Хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил – барчаси Аллоҳнинг қулидир. Эркаклик қулликдан ташқари устунлик эмас. Қиз боланинг синов экани, ундаги фарқлар ўғил болага нисбатан ажратиб туриш билан боғлиқ хусусиятни кўрсатувчи жиҳатидир. Қиз фарзандга эга бўлиш билан жаннатга эга чиқилинса, уни йўқотиш билан жаннатни ҳам йўқотилади. Бу қизнинг отаси ёки онаси учун жуда эҳтиёт бўлинадиган огоҳлантириш бўлиш билан бирга айнан қизларнинг ўзларига ҳам ақл-хушларини йиғиб олишлари учун бир эслатма.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ қилиб учта қиз, дедилар. Учта қизни тарбиялашни уммат олдига мақсад қилиб белгилаб бердилар. Намоз ўқиганга, жиҳод қилганларга ваъда этилган жаннат учта қиз фарзандни ҳадис баёни келганидек тарбиялаганларнинг тўғридан-тўғри жаннатга кириши ваъда қилинди. Бу ҳақида жуда аниқ айтиб ўтилган.

4. Сўралган нарса шунчаки учта қизни туғиш ва тарбиялаш эмас. Балки умматга ўзини бағшида этган ва уммат талабларига жавоб берадиган қиз бўлишидир. Бунинг учун раҳм-шафқат, сабр-тоқат ва Аллоҳдан қўрқиш биринчи ўринда туриши лозим.

5. Уч қиз фарзанд билан бирга учта сингил ҳақида ҳам айтилган. Бу бир томондан, учта опа-сингилга оталик қилиш сабабидан олинадиган савобни билдирса-да, иккинчи томондан, қизларни тарбиялаётган бир отадан кўра кўпроқ умматга қиз тарбиялашнинг муҳимлиги билдирилмоқда. Бу эса уммат олдига қиз боланинг тарбиясини биринчи галдаги вазифа сифатида қўяди. Чунки қиз бола бир оиланинг аъзоси бўлишидан олдин, умматнинг азиз қадриятларидан бири ҳисобланади.

6. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан «уч қиз фарзанд ёки учта сингил» сўзларини билан бирга «иккита қиз фарзанд ёки иккита сингил» деган ифодаларни ҳам эшитдик. Бу хушхабар эса қиз фарзанднинг василаси билан ҳосил бўладиган раҳматнинг нечоғлик кенг эканидан дарак беради. Ҳатто саҳобалар кимдир чиқиб: «Шу савоб битта қизни тарбиялаганга ҳам ваъда қилинганми?» деб сўрагудек бўлса унга ҳам «Ҳа» деб жавоб берадилар деган гумонга боришган. Мана шу нуқта учта, иккита ёки битта қиз бу умматнинг қадриятлари билан тарбияланганда қанчалар улуғ раҳматга сабаб бўлишини кўрсатади.

7. Нима учун бу ҳадисларда дўзахдан сақланиш ва жаннат ваъдаси берилаяпти деб сўрамаймиз? Мўмин учун дўзахдан сақланиш ва жаннатда бўлишдан кўра олийроқ мақсад бўлиши мумкинмики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни ваъда қилсалар. Бундан ҳам муҳимроқ мақсадим бор деб ўйлаган киши янглиш йўлда кетаётган экан. Бу тушунча у учун бошқа бир балодир.

8. Яна бир ингичка чизиқ тортиб, ҳадисларни тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз: бу сўзларнинг эгаси Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам етти фарзанднинг отаси бўлганлари ҳолда наслллари қизларидан давом этган. Қиз фарзанди бор оталар учун бу бошларида раҳмат булутлари каби айланиб юрган хушхабардир. Қизлар учун эса ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ.

9. Маълумки, ушбу ҳадислардаги «учта, иккита қизи...» деган иборалар ўғил болалар учун айтилмаган. Албатта, бу билан ўғил болаларнинг қадр-қиммати пасаймайди. Ҳеч ким қиз фарзанди борлиги учун аниқ жаннатий бўлмайди. Фойда топиш сабаби ва эҳсон деб қабул қилиш жиҳатидан қиз фарзанд зикр этилган, ўғил фарзандлар бу услубда ҳадисларда тилга олинмаган.

10. Агар ушбу ҳадислар ёки ҳадис ўлароқ бизга етиб келган Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ҳаёт тарзимизни шакллантирмаётган ва дунёқарашимизни ўзгартирмаётган, яъни бу ҳадислардан таъсирланиб: «Эҳ, менинг ҳам уч қизим бўлганида эди!» демаётган бўлсак, демак, бизда бошқа муаммо бор экан. Катта эҳтимол билан иймонга алоқадор бундай муаммо вақтида ҳал қилиниши ёки ечим топилиши керак. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг «Уч қиз фарзанди ёки учта синглиси...» деб таърифлаганлари жаннат башоратини уммат уни-буни баҳона қилиб тушунмаса ёки бошқача тарзда талқин қилса, бу биз учун содда қилиб айтганда, унинг қийматини билмаслик бўлади. Аллоҳ сақласин.

Бу ажойиб хушхабарни берувчи ҳадисларни биринчи марта эшитган мўмин, албатта, қиз фарзандни тарбиялаш қанчалар улуғ савоб эканини тушуниб етади. Унинг шундай талқин қилишга ҳаққи ҳам бор. Ҳадислар ҳам шу савобга эришишга чақирмоқда. Дўзахдан сақланиш ва жаннатга эришиш ҳақидаги хулосани олиш мумкин бўлган ҳадислардаги бу хушхабар, албатта, аввало, ота ва онани руҳлантиради. Фақат биз савобга эришган она ва отани тушунамизу, лекин ушбу ҳадисларнинг бош мавзуси бўлган қиз фарзанд ёки сингилнинг қийматини ва улар ана ўша эришилажак савобнинг манбаи эканини қабул қилмаймиз. Ота «Мен қизим билан савобга эришаман ва дўзахдан қутуламан», деганимда, нега қиз «Мен жаннатга сабабчиман, дўзахдан сақлаб қоламан», деб айта олмайди? Нима уни парваришлаган мукофотга сазовор бўлади-да, у зарарда қолиб кетаверадими? Қиз фарзандлар, ёш қизлар бу умматнинг қизи бўлганлари ҳолда ота-оналаридан аввал бу улуғ қадр-қийматнинг асли уларнинг ўзи эканини билишлари керак эмасми?

Жоҳилият даврида туғилган қизларнинг тириклайин кўмилиши мумкин бўлган муҳитда қиз наслини юксакларга кўтарган суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Биз шундай бир даврга келдикки, ҳатто қизларга онасининг қорнидалигида берилган ҳақ-ҳуқуқ ҳам кўпдек туюладиган бўлиб қолди. Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, инсон зотининг кўпайишига тоқат қилолмайдиган бир даврга келиб қолдик. Бу умматнинг қизи яна бир бор қадр топди. Бир пайтлар жаннатнинг калити эди. Энди яна жаннат калити бўлади. Отасини, онасини бу шарафга эриштиради. Умматини эриштиради. Энг муҳими, Аллоҳнинг изни ила ўзи ҳам сазовор бўлади.

Нуриддин Йилдиз

Маҳмуд Маҳкам таржимаси

1790 марта ўқилди

Мақолалар

Top