Мақолалар

Рамазон - Қуръон ойи: Фотиҳа сураси фазилатлари

Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.

Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн Уммул Қуръон, Уммул Китоб, Сабъул масоний (етти такрорланувчи) ва Ал-Қуръанул аъзийм (улуғ Қуръон)дир”, дедилар. Яна “Ас-солат” (намоз) деб ҳам номланади. Чунки у намознинг шартларидан биридир.

Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Имом Доримий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган.

Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уйайна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган. Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Буни Имом Замахшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».

 

Даврон НУРМУҲАММАД

1890 марта ўқилди

Мақолалар

Top