Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳар йили рабиул аввал ойи келиши билан севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар муҳим мавзуга айланади. Бу ҳақда ким қаерда нима ўқиган, эшитган бўлса, бошқаларга етказишга ҳаракат қилади. Биз ҳам бу борадаги изланишимизни Сиз азизларга илиндик.
Ҳар хил китобларда Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари деб рабиул аввал ойининг 1, 2, 17, 18, 21, 22-кунлари кўрсатилади ёки рамазон ойининг 12-си, деб ҳам маълумот берилган. Аммо аллома Ибн Касир каби муҳаққиқ уламолар бу тўғрида тадқиқотлар олиб бориб, бу маълумотларнинг асоссиз, ишончсиз, яъни саҳиҳ маълумотларга зид эканини очиқ баён қилишган.[1]Саҳобалар, тобеинлар, муҳаддислар, тарих, сийрат, фалакиёт олимлари ҳамда жумҳур муҳаққиқ уламоларнинг хулосалари бундай: “Пайғамбаримиз милодий 571 – Фил йили, баҳор фасли, душанба куни, тонг вақтида туғилганлар. Бу кун милодий 20-апрелга тўғри келади. Қамарий рабиул аввал ойининг эса 8, 9, 10 ёки 12-кунидир.
Рабиул аввалнинг 8-куни туғилганлари ҳақидаги нақл Абдуллоҳ ибн Аббос, Жубайр ибн Мутъим ва Баро ибн Озиб[2] розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинган[3]. Ибн Ҳазм[4] ва улуғ тобеин Муҳаммад ибн Жубайрлар[5] у Зотнинг таваллудларини “Рабиул аввал ойининг саккизинчи куни”, дейишган.
Ибн Абдул Барр баъзи тарихчиларнинг мана шу маълумотни саҳиҳ-тўғри деганларини келтирган[6].
Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий бу маълумотни қатъий деб ҳисоблаб: “Бундан бошқаси тўғри эмас, зоҳирий тарихчилари мана шунга ижмоъ қилишган”, деган[7].
Ҳофиз Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя “Ат-танвир фи мавлидил башарин назир” китобида ушбу маълумотни бошқа маълумотлардан афзал ва устун кўрган.
Имом Табарий “Хулосату сияри саййидил башар” китобида кўп олимларнинг бу маълумотни тўғри деганларини қайд этиб ўтади.
Ҳофиз Қасталоний: “Кўп аҳли ҳадис мана шу маълумотни ихтиёр этишган”, деган[8].
Қузоъий: “Астрономик тақвим-жадвал олимлари бу маълумот борасида иттифоқ қилишган”, деб айтади[9].
Рабиул аввалнинг 9-куни туғилганлари ҳақидаги хабарлар Шайх Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яқин”, Муҳаммад Сулаймон Мансурфурийнинг “Раҳматун лил оламин”, Шайх Сафиюр Раҳмон Муборакфурийнинг “Ар-раҳиқул махтум”, Доктор Абдуллоҳ Фақиҳнинг “Фатовош шабакатил исломия”, Шайх Али ибн Нойифнинг “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия”, Иброҳим Ибёрийнинг “Ал-мавсуъатул Қуръония”(1/25), мисрлик тарихчи Муҳаммад Талъатбек Ҳарбнинг “Тариху дувалил араби вал ислом”, Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра)нинг “Нурул басар”, Собит ҳожи Абдул Боқий ўғлининг “Сийрату хотамин набиййин” китобларида баён қилинган.
Машҳур олим Али Тантовий (1909 – 1999) мана шу маълумотни бошқа маълумотлардан афзал ва устун кўрган[10].
“Ал-мавсуъатул исломиятул муъосира” китоби (5/366) муаллифлари ҳам мана шу ҳисобни қабул қилишган.
Миср расадхонасининг собиқ мудири, геометрия фанлари доктори астроном Маҳмуд Пошо “Тақвимул араби қоблал ислом” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кун рабиул аввал ойининг 9-куни душанба, милодий 571 йил, 20-апрел эканини астрономик дақиқ ҳисоб билан аниқлаган[11].
Шунингдек, “Hijri-Gregorian Converter” яъни, милодийдан ҳижрийга ва ҳижрийдан милодийга ўтказадиган махсус компьютер ҳисоблагич дастури орқали ҳисоблаганимизда, милодий 571 йилдаги рабиул аввал ойининг 9-куни душанбага тўғри келди!
Рабиул аввалнинг 10-куни туғилганлар, деган маълумотни Муҳаммад ибн Саъд “Ат-табақотул кубро” китобида келтирган.
Шунингдек, Ҳофиз Абул Хаттоб Умар ибн Диҳянинг “Ат-танвир фи мавлидил башарин назир” китобида, Ибн Асокирнинг Абу Жаъфар ал-Боқирдан қилган ривояти[12], имом Шаъбий[13] ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али[14]нинг ривоятларида ҳам шу кун экани баён қилинган.
Имом Заҳабий: “Шайхимиз Абу Муҳаммад Димётий ўзи таълиф қилган “Ас-сийратун набавия” китобида: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Алининг (рабиул аввал ойининг 10-куни) ривояти билан Абу Маъшар Нужайҳнинг (рабиул аввал ойининг 12-куни) ривоятини келтириб, Абу Жаъфарнинг ривояти (яъни, 10-кун) тўғри, деган”, дейди [15].
Рабиул аввалнинг 12-куни туғилганлари ҳақидаги маълумот эса, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир розийаллоҳу анҳум[16], Ибн Ҳиббон[17], Муҳаммад ибн Исҳоқ[18], Ибн Ҳишом[19], Абу Маъшар Нужайҳ[20] ва Ибн Халдун[21]лардан ривоят қилинган[22]. Шунингдек, Ибн Касир “Ал-бидоя ван ниҳоя”, Ибн Ражаб Димашқий “Латоифул маъориф”, Мовардий “Аъломун нубувваҳ”, Ибн Саййидин нас “Уюнул асар”, доктор Муҳаммад ибн Абду Раҳмон Шойиъ “Нузулул Қуръон”, Доктор Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутий “Фиқҳус сийра”, Доктор Шавқий Абу Халил “Атласус сийратин набавия”, Муҳаммад Хаббоз “Баъсул ҳимам ли мужази сийрати саййидил умам”, “Ал-лажнатуд доима лил буҳусил илмияти вал ифто” фатволарида, Алихонтўра Соғуний “Тарихи Муҳаммадий”, Аҳмад Лутфий “Саодат асри қиссалари” китобларида ҳамда, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ҳадис ва Ҳаёт”, 19-жузи ва “Мавлуд ҳақидаги хилоф” номли илмий мақолаларида рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни дейишган.
Усмонли турк давлати даврида ҳам бу кунни “Мавлиди набий” сифатида қутланиши буюрилган[23].
Аммо рабиул аввал ойининг 12-куни туғилганлар деган маълумот машҳур бўлса-да, Ибн Аббос билан Жобир розийаллоҳу анҳумнинг бу ҳақдаги ривояти ровийлари ичида “инқитоъ” (узилиш) борлигини муҳаддислар баён қилишган.
Қолаверса, турк олими Закои Кўнрапа “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара” асарида: “Рабиул аввал ойининг 12-куни душанба кунига тўғри келмаганини (балки пайшанба кунига тўғри келишини) унутмаслик керак”, дейди.
Хулоса:
Мазкур маълумотларни санад мезонида ўлчасак, рабиул аввал ойининг 8-куни асосли бўлиб чиқади. Фалакиётшунослик тақвими асосида ҳисобласак, 9-куни илмий ҳисоб бўлади. Машҳурлик жиҳатини олсак, 12-куни кучли бўлади.
Пайғамбаримизнинг туғилган кунларини аниқлаш ўрнида имом Қасталонийнинг: “Пайғамбаримизнинг туғилган вақтлари рабиул аввал ойидир, куни эмас (яъни, туғилган ойлари аниқ, у рабиул аввал ойидир, куни эса, маълум эмас)[24], деган хулосаларини келтириш ўринли бўлса керак.
Энди, Пайғамбаримизнинг туғилган кунларига муносабат ўрнида қуйидаги хулосаларни келтирамиз:
Закои Кўнрапа: “Пайғамбаримизнинг хотирини ёд этишни истаган ҳар бир мусулмон бунинг учун аниқ бир кунни танлаши шарт эмас. Қиймат кун ё соатга эмас, шахснинг ҳартомонлама комил ва намуна бўлишига боғлиқдир. У зотнинг шахсиятига кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиромни у ёки бу кунда маросим ўтказиш билан адо этиб бўлмайди. Бу нарса ул зотга энг самимий ришталар билан боғланиш орқали амалга оширилиши мумкин”, дейди[25].
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Улуғ зот таваллуд топган кун” номли мақолаларида: “Бугунги кунда Пайғамбаримиз таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийрати санияларини ўқиб ўрганиб ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир”, деганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари “Мавлуд ҳақидаги хилоф” деб номланган илмий мақолаларида бундай хулоса берганлар: “Рабиул аввал ойи ҳижрий йил ҳисобида учинчи ойдир. Бу ой мусулмонлар учун алоҳида маҳбуб ойдир. Унда Роббул оламиннинг ҳабиби, оламларнинг сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Шунинг учун ҳам бу ойга мусулмон уммати “мавлид ойи” номини берган. Мавлид ойида улар ўз пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ва буюк ҳаётларини эсга оладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган аҳдларини янгилайдилар ва ҳаётлари ҳамда сийратларини яна ҳам мукаммалроқ ўрганиш ҳаракатида бўладилар. Қуръони азимуш шаънда улуғ хулқ эгаси сифатида васф қилинган, ўзларининг хулқлари Қуръон бўлган, ҳусни хулқлиларнинг имоми бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслаётган бугунги кунимизда у зотга тўлиқ эргашадиган, у зотнинг хулқларини ўзига хулқ қилиб оладиган, у зотнинг таълимотларини тўлиқ ўзлаштириб, ер юзида тирик Қуръон бўлиб юрадиган мусулмон умматининг қайтадан туғилиши учун ҳаракат бошлаш зарурлигини ҳам эслашимиз лозим. Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслар эканмиз, у зотга содиқ уммат бўлиш аҳдини янгилаймиз, у зотга саловоту саломлар юборамиз, Аллоҳ таолодан бу дунёда у зотга эргашиб яшашликни насиб этишини, у дунёда Ўзининг розилигига ва Пайғамбарининг шафоатига муяссар қилишини сўраймиз. Омин”.
Аллоҳдан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад саловот ва саломларимизни етказишини илтижо қиламиз.
Абдул Азим ЗИЁУДДИН
[1] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”.
[2] Ибн Жавзий, “Ал-вафо би таърифи фазоилил мустафо”.
[3] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[4] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”.
[5] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; Имом Молик, Уқайл ва Юнус ибн Язидлар саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.
[6] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”.
[7] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”; Муҳаммад Муновий, “Файзул Қодир шарҳул жомеъис сағир мин аҳодисил баширин назир” (3/40);
[8] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[9] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[10] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[11] “Фатово ал-Азҳар” (8/255).
[12] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[13] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[14] Имом Заҳабий, “Ас-сийратун набавия”.
[15] Имом Заҳабий, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[16] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[17] Абу Ҳотим ибн Ҳиббон, “Ас-сийратун набавия”; Шайх Муҳаммад ибн Ризқ, “Ал-ислом ва набиюл ислом”.
[18] Имом Ҳоким, “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн”; Имом Байҳақий, “Далоилун нубувваҳ”, “Шуъабул иймон”; Ибн Касир, “Ас-сийратун набавия”; Имом Табарий, “Ат-тарих”; Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳи сийрати Ибн Ҳишом”; Доктор Аҳмад Абу Зайд, “Ас-сийратун набавия”; “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ”.
[19] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавия”; Абдул Ҳафиз Али Қарний, “Ан-набий фи миръоти асҳобиҳи”.
[20] Имом Заҳабий, “Ас-сийратун набавия”.
[21] “Ал-истиқсо фий ахборил мағрибил ақсо”.
[22] Абу Шайба, “Ал-мусаннаф”; Доктор Аҳмад Абу Зайд, “Ас-сийратун набавия”; Муҳаммад Абу Заҳра, “Зуҳратут тафосир”; “Фатово ал-Азҳар”.
[23] Закои Кўнрапа, “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара”.
[24] “Ал-мавоҳибул ладуния”.
[25] “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара”.
манба: https://islom.uz/maqola/2077
(ваҳийнинг таърифи ва турлари)
Ҳадис Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳий ҳамда динда эргашилиши вожиб бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бу хусусда Набий алайҳиссалом: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича (илм ва ҳикмат) берилди”, деб айтганлар. Шу боис суннатга саҳобалар давридан буён бутун уммат ижмо қилган (келишиб қабул этган) бўлиб, бирор олим унга на қарши чиққан ва на шубҳа қилган.
Бироқ кейинги асрларда бу масала бўйича шубҳа-гумонлар уйғотувчи турли гуруҳлар ва шахслар пайдо бўлди. Улар суннатни ваҳий санамай, унинг исломий қонунчилик манбаи эмаслигини даъво қилади. Бундай тоифа вакилларининг фикрича, гўё Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ҳеч нарса нозил қилмаган.
Шундай бузуқ қараш эгалари бугун ҳам йўқ эмас. Демак, одамлар онгини уларнинг фитнакор фикрларидан ҳимоя қилиш, ботил даъволарнинг таги пуч экани кўрсатиб бериш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, бу масалага бағишланган аввалги мақолада ҳадислар ҳам Куръони карим сингари Аллоҳнинг муҳофазасида экани нақлий ва ақлий далиллар орқали баён қилинган эди (https://muslim.uz/oz/e/post/47287-hadislar-ham-alloh-muhofazasidadir). Бундан келиб чиқадики, ҳадис ваҳийга асосланмаганда эди, уни охирзамонга қадар илоҳий ҳимояга олишга зарурат бўлмасди.
Ушбу мақолада ваҳийнинг таърифи ва турларига тўхталишга қарор қилдик. Бу сафар пайғамбарлик Китоб нозил бўлиши билан эмас, балки Аллоҳ танлаган бандасига ваҳий келиши билан амалга ошишини баён қиламиз. Шу асосда ваҳийнинг қироат қилинадиган (Қуръон) ва қироат қилинмайдиган (ҳадис) турларини шарҳлаб ўтамиз.
“Ваҳий” сўзи “махфий ва тезкор хабар бериш”, “ишора қилиш” ёки “илҳом бериш” маъноларини англатади. Пайғамбарлар ва валий зотлар ҳақидаги оятларда ишлатилган “ваҳий” сўзининг аксари шу икки маънога таянади.
Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Муфрадот” асарида бундай дейди: “Ваҳийнинг асли (маъноси) “тезкор ишора” демакдир. Бу рамз ё ишора кўринишидаги сўз, бирор товуш, тана аъзолари ҳаракати ва ёки ёзув орқали содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийлари ва валийларига йўллаган каломи ҳам ваҳий дейилади”. Шўро сурасининг 51-оятига кўра, ушбу жараён бир неча турга бўлинади: “Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши жоиз эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир”.
Демак, ваҳий расул ё набийга қуйидаги кўринишларда нозил бўлади.
Кўринадиган элчи орқали. Бунга Жаброил алайҳиссалом муайян суратда келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзларини эшиттириши мисол бўлади.
Бевосита сўзлашиш. Мусо алайҳиссалом каби сўзловчини кўрмай турган ҳолда, айтганларини тинглаш.
Қалбга солиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руҳул қудс (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга солди”, деганларидек.
Илҳом. Мусо алайҳиссаломнинг онасига эмизиш буюрилгани каби.
Туш орқали. Набий алайҳиссалом: “Ваҳий узилди, фақат башорат қолди. У – мўминнинг туши”, деб марҳамат қилганлар
Роғиб Исфаҳонийнинг сўзларига кўра, “ваҳий” илҳом ва тушни, “парда ортидан” ибораси сўзловчи кўрмасдан эшитишни, “элчи юбориб” эса Жаброил алайҳиссаломнинг муайян бир суратда келишини англатади. “Аллоҳнинг набийларга йўллаган каломи ваҳийдир” деган гапдан маълум бўладики, “ваҳий” сўзи ҳам хабар бериш жараёнига, ҳам юборилган хабарнинг ўзига нисбатан ишлатилади. Шундан келиб чиқиб, айрим олимлар ваҳийни бундай таърифлаган: “У – хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин – айнан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги қатъий собит бўлган маърифатдир”.
Уламолар ваҳийнинг қирқдан ортиқ кўринишини санаб ўтишган бўлса-да, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаган қуйидаги тўрт асосий шаклга бориб тақалади:
1. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз аслий қиёфасида кўриниши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатга икки марта дуч келганлар – бир марта Ерда, бир марта осмонда кўрганлар. Бу ҳақда Нажм сурасида баён қилинган.
2. Жаброил алайҳиссаломнинг инсон қиёфасида келиши. Уни бошқа одамлар ҳам кўрган. Кўпинча Диҳя Калбий розияллоҳу анҳу суратида, баъзан нотаниш аъробий кўринишида намоён бўлган.
3. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ваҳийни жойлаши.
4. Жаброил алайҳиссаломнинг одамларга кўринмай тушиши. Бу ваҳийнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, бунда атрофдагилар фариштани кўрмаган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги оғир ўзгаришлар сезган. У зот қаттиқ уйқуга кетгандек ҳолатга тушиб, ҳатто совуқ кунлари ҳам пешоналаридан тер чиқиб кетарди. Ўз сўзларига кўра, бундай ҳолат олдидан қўнғироқ овозига ўхшаш товуш эшитилган. Саҳобалар бу товушни асалариларнинг ғунғуллашига ўхшатган.
Қуръони каримнинг тўлалигича Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил бўлган. Бунга Шуаро сурасининг 192-194-оятлари далил бўлади: “Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад!) уни сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга Руҳул-амин (Жаброил) нозил қилди”.
Ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига йўллаган илоҳий хабари бўлиб, турли кўринишларда нозил қилинган. “Жаброил менга қўшни ҳақида шунчалар кўп насиҳат қилдики, “уни меросхўрлардан қилиб қўймаса эди” деб ўйлаб қолдим” ҳадисидан ҳам билиш мумкинки, Суннат шунчаки инсоннинг фикри эмас, Парвардигорнинг Ўз элчиси орқали қилган хитобидир, негаки, фаришталар фақат буйруқни ижро этади, ўз-ўзидан бирор ишга қўл урмайди. Қудсий ҳадислар ҳам бунга тасдиқ бўлади. Шундан келиб чиқадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам Қуръони карим каби ваҳийга асослангани боис мусулмонлар учун ҳидоят ва шариат манбаи ҳисобланади.
Мазкур далиллар шуни кўрсатадики, исломни фақат Қуръон билан чеклаб, Суннатни инкор қилиш на илмий ва на шаръий асосга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий нафақат қироат қилинадиган Қуръон, балки умматга динни тушунтириб берувчи Суннат орқали ҳам етказилган. Шу сабабли ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ҳидоятнинг бир бутун манбаи сифатида қабул қилиши лозим.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 14 майдаги 4224 -сонли хулосаси асосида тайёрланди