Мақолалар

Фитр садақасини ҳайитдан олдин адо этган киши ўнта яхшиликка эришади

Яратганга беҳад ҳамду сано ва шукурлар бўлсинким, барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини имкон қадар тутиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган улкан мукофотни қабул қилиш куни бўлган Рамазон ҳайитидек улкан шодиёна арафасида турибмиз.

Рамазон ойи мурувват, хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик, дўстлик, ҳамкорлик ойи бўлгани учун ҳам юртимиз мусулмонлари ўз ҳаётларида ана шу хислат ва сифатларни тадбиқ қилиб, Аллоҳнинг катта ажр-савобларига сазовор бўлишди. Расули акрам (с.а.в.) ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти, деб атаганлар. Кечагина барча мусулмонлар емак ва ичмакдан ўзларини тийиб, фақат тоат ва ибодат билан машғул бўлган бўлсалар, бугун Аллоҳ таолонинг неъматларидан, ажр-савобларидан баҳрамандлик, хурсандчилик ва шод-хуррамлик айёми арафасида турибдилар. Дарҳақиқат, Ислом динида ҳайит бир-бирларига ғамхўрлик қиладиган ва хурсандчиликлар қилишга ижозат берилган кундир. Юртимизда ҳам Рамазхон ҳайити дам олиш куни, байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир", – дедилар. Азизлар, ушбу ҳадиси шариф мазмунига кенгроқ фикр юритиб қарасак, етимларга, бева-бечораларга, боқувчисини йўқотганларга ва ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш ва уларнинг дуоларини олиш, ҳолларидан хабар олиш нақадар катта савоб амал эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Зеро, Рамазон ҳайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга рушди ҳидоят тилашади. Қариндош-уруғларини, ёру биродарларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда мана шундай яхши амаллар ҳар бир эзгу ниятли инсоннинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор бир сабабга кўра аразлашган таниш-билишлар ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашади. Чунки кечиримли ва меҳр оқибатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Рамазон ҳайитининг арафа куни жуда фазилатли амал ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Мўмин бандалар Рамазон ойининг рўзасини бутун тутиб, ҳайит куни намозгоҳга йўл олганда, Аллоҳ таоло фаришталарига: "Эй фаришталар, бировнинг хизматини адо этган киши хизмат ҳаққини талаб этади. Бандаларим менинг рўзамнинг хизматини адо этиб, ҳақларини олиш учун намозгоҳга бормоқдалар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларни мағфират қилдим", - дейди. Шунда фаришталар: "Ё Муҳаммад (с.а.в.) умматлари, энди уйларингизга боринглар, Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирди", - деб нидо қиладилар".

Анас ибни Молик (р.а.) ривоят қиладилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Кимки фитр садақасини ҳайитдан илгари адо этмаса, унинг рўзаси ер билан осмон ўртасида муаллақ ҳолда қолади. Фитр садақаси берилганидан сўнг, Аллоҳ таоло унинг рўзасига иккита яшил қанот ато этади ва рўзаси парвоз қилиб, еттинчи осмонгача боради ва аршдаги қандилга қўниб, ўз эгасига розилигини изҳор этади" - деб марҳамат қилдилар.

Ривоят қиладиларки: "Ҳазрати Усмон ибни Аффон (р.а.) бир маротаба Фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутиб қўйган эканлар. Ҳайит намозидан сўнг эсларига тушиб, Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдилар, сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурларига бориб: "Ё Расулуллоҳ, фитр садақасини ҳайитдан олдин беришини унутган эканман. Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдим", – дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ё Усмон, юзта қулни озод этганнинг савоби фитр садақасини ҳайитдан илгари берганликнинг савобига тенг бўлмайди", - деб марҳамат қилдилар. Демак, фитр садақасини ўз эгаларига ўз вақтида беришлик жуда фазилатли амал ҳисобланади.

"Фитр садақасини ҳайитдан олдин адо этганга Аллоҳ таоло ўнта яхшилик ато қилади: уни гуноҳлардан пок этади, дўзах оташидан сақлайди, тутган рўзасини қабул қилади, ана шу бандасига Беҳиштни вожиб қилади, қабрдан соғ-саломат турғизади, ана шу йилда қилган яхши амалларини қабул қилади, у бандасига шафоъатул Мустафони вожиб қилади, сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказади, мезон тарозусида унинг савобларини оғир қилади ва унинг исмини бадбахтлар, бахтсизлар қаторидан чиқариб ташлайди", – деб марҳамат қилдилар.

Ватанимиз истиқболи порлоқ, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз. Барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин.

Мирзамақсуд АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.

ЎзА

1934 марта ўқилди

Мақолалар

Top