#дуо
❓913-CАВОЛ: Тушкунликдан қандай қутилиш мумкин?
? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Тушкунликдан қутилиш бошига келган мусибатни қандай кутиб олишга боғлиқ. Агар киши ўзига етган мусибат ва шу каби кўнгилсизликларга бу ҳам Аллоҳнинг қазо ва қадари, менга юборган бир имтихони, деб қараса. Мусибатларни енгиш ва тушкинликлардан чиқиб кетиши осон бўлади.
Аллоҳнинг тақдирига кўниб, хоҳиш иродасига таслим бўлганларнинг ҳамма иши яхши бўлади. Улар ўзларига соғлик ва хотиржамлик каби чиройли нарсалар келганида, бу неъматларни Аллоҳдан билиб шукр қиладилар. Бошларига хасталик ва фалокат каби нафсига ёқмаган ёмонликлар келганида, уларни Аллоҳдан келган синов сифатида қабул қиладилар ва сабр қиладилар. Оқибатда ҳар иккиси ҳам улар учун хайрлидир. Чунки шукр қилганлари учун шукр савоби, сабр қилганлари учун сабр савобини оладилар ва ҳар икки ҳолатда ҳам фойда кўрадилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминнинг ҳар қандай ҳоли яхши. Унинг ҳар қандай ҳоли (соғлик ё беморлик бўлсин) ўзи учун хайрлидир. Ва бу фақат мўминларга хосдир. Унга яхшилик келса шукр қилади; Бу унинг учун хайрли бўлади. Агар унга ёмонлик (хасталик, мусибат) келса, сабр қилади; Бу ҳам унинг учун хайрли бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз ҳаётда қандайдир муаммо ва тўсиқларга дуч келиб қолган инсонларга ҳадислар келган: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм”, дуосини ўқиб сўнг Аллоҳдан астойдил ва чин ихлос билан ҳожатларини сўраса, иншааллоҳ У Зотнинг ёрдами билан муаммолардан халос бўлади, деган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
Telegram (https://t.me/diniysavollar) | Instagram (https://www.instagram.com/fatvouz/) | Facebook (https://www.facebook.com/diniysavollar) | Tiktok (https://www.tiktok.com/@fatvouz)
Наманган вилоятида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчиларини ишга тақсимлаш бўйича учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Наманган вилояти бош имом хaтиби Абдуллоҳ Самадов ҳамда таълим муассасаси директори Қобилжон Мирзабоев битирувчиларни ишга тақсимлашга доир масалаларга тўхталишди.
Маълумот учун, "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бу йилги битирувчилари сони 35 нафар бўлиб, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб ва имом ноиби вазифаларига тайинланади. Таълимни давом эттирмоқчи бўлганлар эса Тошкент ислом институти ва бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Шунингдек, таълим муассасасида “Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини сайқал топтириш ҳамма даврлар учун муҳим вазифа саналиб келишини таъкидлади.
Тадбирлар сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, хайрли дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати