Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Ноябр, 2026   |   7 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:51
Қуёш
07:13
Пешин
12:13
Аср
15:21
Шом
17:05
Хуфтон
18:22
Bismillah
17 Ноябр, 2026, 7 Жумадул сони, 1448

“Сен оилангда бахтли бўлсанг, кўчада ҳам бахтлисан”

17.05.2022   4023   4 min.
“Сен оилангда бахтли бўлсанг, кўчада ҳам бахтлисан”

Оила – муқаддас тушунча. Ҳар бир одам ўзини оиласиз тасаввур қила олмайди. Оила жамиятнинг бир бўлаги.

Барча нарса жуфт-жуфт бўлиб яратилган экан, шундай яшаш табиат қонунидир. Лекин оила бўлиб яшаш табиат тақозасидир. Ер юзида биринчи оилани Одам Ато билан Момо Ҳаво тузишган. Улар узоқ айрилиқдан кейин бир-бирини жуда соғиниб қолишгач, дийдор кўришганлар. Муҳаббат тарихи ҳам биринчи отамиз ва биринчи онамиздан бошланади десак, янглишмаймиз. Муҳаббат жуда қадимги тушунча, лекин уни ҳар бир юрак янгилайди, деганида шоир ҳақдир.

Маълумки, оила жамиятнинг биринчи ва бирламчи заррасидир. Жамият ана шу кичик зарралардан ташкил топади. Лекин у шунчаки зарра эмас, тирик вужудлар иттифоқидир. Ҳар бир тирик вужуднинг ўзи алоҳида бир олам. Ер юзида агар 7 миллиарддан ортиқ одам яшаса, уларнинг ҳар бири ўзига хос феъл-атворга эга, бир одам иккинчи одамдан нимаси биландир фарқланади, бу ёруғ жаҳонда бир-бирини айнан такрорлайдиган кишилар йўқ. Одамларки бетакрор бўлса, оилаларнинг бир-бирига ўхшамаслиги ўз-ўзидан аёндир. Эр ва хотин – икки тирик вужуднинг, икки одамнинг ўзаро иттифоқидан пайдо бўлган учинчи бир олам- бу оиладир. Иттифоқ иборасида аҳиллик, тотувлик деган маънолар ҳам бор, албатта. Агар оила ҳақиқатан тинч-тотув, аҳил бўлса, олам гулистон. Акс ҳолда турмуш дўзахга айланади, оила эса зиндоннинг ўзи бўлади, эр-хотин эса бир-бирига рақиб ва рақиба бўлиб қоладилар, бунинг жабрини эса улардан кўра фарзандлари, яқин қариндошлари тортадилар. Жамиятга моддий ва маънавий зиён этади.

Дарҳақиқат, оила фақат эр ва хотиннинг ўзидан иборат эмас. Оила эр- хотин, уларнинг бола-чақалари, энг яқин туғишганларидан иборат кишилар гуруҳи, бошқача айтганда хонадондир. Оила одамларнинг табиий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий муносабатларларига асосланган ижтимоий бирлигидир. Табиий муносабат дейилганда, эр-хотинлик муносабатлари, фарзанд кўриш; иқтисодий муносабатлар дейилганда, мулкий муносабатлар: уй-рўзғор, ҳовли-жой – бошпана – кичик ватан; хуқуқий муносабат дейилганда, никоҳни давлат йўли билан қайд этиш назарда тутилмоқда. Оила расмий тус олган тақдирдагина, эр хотини олдида, хотин эри олдида,уларнинг икковлари фарзандлари олдида, фарзандлари ота-оналари олдида масъулияти ва бурчлари, ҳақлари бўлади. Маънавий муносабат дейилганда эр-хотин, ота-она ва фарзандлари ўртасидаги меҳр-муҳаббат, меҳр- оқибат, одоб-ахлоқ, таълим- тарбия каби инсоний туйғулар ва талаблар кўзда тутилмоқда.

Оила аъзолари бир-бирлари билан умумий турмуш, ўзаро иқтисодий-мулкий, ҳуқуқий,ахлоқий, руҳий алоқалар билан боғланади. Оиланинг биринчи вазифаси ўз насл-насабини давом эттиришдан, солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялашдан, оила аъзоларининг тирикчилигини, бўш вақтни кўнгилли ўтказишни таъминлашдан иборат.

Оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса бўлиб, оиланинг ички ишларларига ҳеч ким ҳуда-беҳуда аралашишга ҳақли эмас. Шу сабабли оила муқаддас ва дахлсиз ҳисобланади. Оила ўзига хос кичик бир мухтор давлатдир. Лекин оила осмондан тушмайди, оила жамиятдан ташқарида бўлмайди, унинг таркибида бўлади. Оилавий муносабатлар жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий ва маънавий муносабатлар билан белгиланади ва улар таъсирида ўзгариб боради. Оилавий муносабатлар жонли ва ўзгарувчан жараёндир. Шунга кўра ҳар бир жамият ўзига мос ва хос оила турини танлайди ва шакллантиради. Масалан, XII асрдаги ўзбек оиласи билан бугунги ўзбек оиласи ўртасида фарқлар бор.

Ўзбек оиласининг жаҳондаги бошқа оилаларга ўхшаш томонлари кўп. Шу билан бирга унинг ўзига хос жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Халқимизда, никоҳ энг, аввало, Арши аълода ўқилур, кейин эса ерда, деган нақл беҳудага айтилмаган. Ота-боболаримизнинг азалий тушунчалари бўйича, никоҳ – илоҳий аҳд, оила муқаддасдир.

Ҳазрат Румий: “Сен оилангда бахтли бўлсанг, кўчада ҳам бахтлисан”, деб бежиз айтмаганлар. Бахтли оила – бахтли ҳаёт асоси ҳисобланади. Бундай оилаларни асраб-авайлаш энг асосий вазифаларимиздан. Бахтли оиламиз қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Оила бахтли бўлишида эса диний тарбия ва илмнинг аҳамияти жуда каттадир.

Фахриддин ЕРНАЗАРОВ,
Тошкент Ислом институти
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўмон Маданий мутолаа уйи раҳбари: «Марказ нашрлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди»

16.11.2026   11513   3 min.
Ўмон Маданий мутолаа уйи раҳбари: «Марказ нашрлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди»

Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида ўтказилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўмон Маданий мутолаа уйи вакили Марказ нашрларининг бадиий безаклари ва тарихий мазмунидан катта таассурот олганини билдириб, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик Маҳмудхўжа Беҳбудий меросига бағишланган адабий учрашувлар орқали аввалроқ бошланганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимот тадбири икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликнинг яна бир мулоқот майдонига айланди.

Тадбир доирасида Ўмон Маданий мутолаа уйи вакили Ўзбекистон билан аввалдан йўлга қўйилган адабий алоқалар, мамлакатга амалга оширилган маданий сафар ва Ислом цивилизацияси маркази нашрлари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Ҳалима ал-Балуший, Ўмон Султонлиги Маданий мутолаа уйи («Байт ал-Қироа ас-Сақофий») раҳбари

Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз бугун бошлангани йўқ. Аввалроқ Ўзбекистоннинг Масқатдаги элчихонасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги китоблардан бирининг муҳокамасини ташкил этган эдик. Бу жуда мазмунли ва самарали мулоқот бўлган. Тадбир Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси жаноблари мезбонлигида ўтказилган эди.

Шундан сўнг икки мамлакат элчихоналари — Ўзбекистоннинг Масқатдаги ва Ўмоннинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорлик ва келишув асосида Маданий мутолаа уйи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга қарор қилдик.

Бу ташриф ташкилотимиз амалга оширган энг ажойиб сафарлардан бири бўлди. Унда биз Ўзбекистоннинг бой маданияти билан яқиндан танишдик. Таассуротларимиз ниҳоятда ҳайратланарли бўлди. Аъзоларимиз Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини жуда яхши кўриб қолишди. Биз учта шаҳарда бўлдик ва уларнинг ҳар бири бизга аввалгисидан ҳам гўзалроқ туюлди.

Айрим жойлар Ўмоннинг баъзи шаҳарларига жуда ўхшаш экани ҳам эътиборимизни тортди. Айниқса, Бухородаги қадимий тарихий масканлар, тор кўчалар, эски уйлар, деразалар ва анъанавий меъморий иншоотлар бизга ўзгача таассурот бағишлади.

Сафар иштирокчилари Ўзбекистоннинг улкан маданий бойликларга, қадимий Ислом цивилизацияси ва юксак тарихий меросга эга мамлакат эканини чуқур ҳис этдилар. Бу жиҳатлар икки мамлакат маданияти ўртасидаги яқинлик ва муштаракликни янада яққол намоён этди.

Ҳатто айрим аъзоларимиз Тошкентдан уй сотиб олиш истагини ҳам билдиришди. Улар Ўзбекистонга тез-тез бориб туришни хоҳлашмоқда. Ўзбек таомлари уларга жуда-жуда ёқди. Ўзбекистон бозорлари, уйлари, саройлари, тарихий ёдгорликлари, шаҳарлари ва табиати — мамлакатга хос барча жиҳатлар уларни мафтун этди.

Ислом цивилизацияси марказига келадиган бўлсак, биз Ўзбекистонга ташриф буюрган пайтимизда Марказ ҳали очилмаган эди. Аммо у ҳақида эшитган эдик ва уни кўришни жуда истаганмиз. Бизга марказ кейинроқ очилиши ҳақида маълум қилишган эди.

Мана, бугун эса Ислом цивилизацияси марказининг очилиши муносабати билан ушбу масжиднинг муҳташам залида турибмиз. Бизни таклиф этишгани ва ушбу гўзал кўргазмани томоша қилиш имконияти яратилганидан жуда хурсандмиз.

Очиғини айтсам, марказ нашрлари мени ниҳоятда ҳайратлантирди. Китоб муқоваларининг ранглари, уларнинг безаклари, китоблар ичидаги гўзал манзаралар ва тарихий обидалар тасвири менда катта таассурот қолдирди.

Масқатдаги тақдимот Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолияти ва нашрларини хорижий жамоатчиликка таништириш билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида аввалдан шаклланган адабий-маданий алоқаларнинг давомийлигини ҳам намоён этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари