Буюк алломаларимиз ижодини ўрганамиз
Буюк қомусий олим Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Ал Берунийнинг (973-1048й.) асарлари минг йилдан буён жаҳон илм аҳлига мукаммал дарслик ва қўлланмалар вазифасини ўтаб келмоқда.
Олимнинг “Хронология”, “Ҳиндистон”, “Геодезия”, “Минералогия” ва “Масъуд қонунлари” каби асарлари бир мунча тўлиқ ўрганилган. Бироқ Берунийнинг сўнгги асари бўлмиш “Китаб ас-сайдана фи-т-тибб” (“Тиббиётда фармокогнозия китоби”) асари етарли ўрганилган эмас. Унинг ягона асл нусхаси 1927 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида топилган ва ўша ердаги кутубхонада сақланади.
Форс тилига таржима қилинган нусхаси эса 1899 йилда Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида топилган бўлиб, ҳозирда Британия музейида сақланади. “Сайдана”ни рус тилига олим Убайдулла Каримов ўгирган бўлиб, “Фан” нашриётида 1973 йилда нашр этилган “Беруний” танланган асарларининг IV жилдини ташкил этади.
“Сайдана” фармокогнозик асар бўлиб, тиббиётнинг қуроли саналмиш дори-дармон тайёрланувчи воситалар ҳақидаги маълумотлар йиғиндисидир. Фармакогнозия грекча “дори” ва “билим” маъноларини англатувчи сўзлардан иборат. Наботот, ҳайвонот ва маъданлардан олинадиган доривор воситалар ҳақидаги илмий фандир.
“Сайдана” ўша вақтлари мавжуд бўлган доришунослик тарихи бўйича ёзилган энг қимматбаҳо манба ҳисобланади. Олимнинг бу асари Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”дан кескин фарқ қилади. Ибн Сино доривор воситаларнинг таркибини, хусусиятларини ҳамда касалликка таъсирини, доривор воситалардан доринома бўйича малҳам, ичимлик, дори тайёрлашни аниқ ёзган.
Беруний эса ўз асарида ана шундай доривор воситаларнинг турли тиллардаги муқобиллари, ҳатто айрим шевалардаги номларини ҳам келтириб ўтган. Чунки, ўша вақтларда биргина дорининг турли номлари бор ва (ёки) битта атама турли дориларни англатар эди. Бу ҳақда Беруний шундай бир ҳикояни мисол келтиради: “Дориларнинг турли тиллардаги номларини аниқ билиш инсон учун фойдалидир. Менинг эсимда, хоразмлик бир амир касал бўлиб қолганида унинг давоси учун Нишопурдан доринома жўнатадилар. Лекин доришунослар, ҳакимлар дори таркибининг бир қисмини ҳеч топа олмайдилар. Ниҳоят, бир одамда борлигини эшитиб, дориворнинг ўн беш дирҳамини беш юз дирҳам тоза кумушга сотиб олишади. Харид қилинган модда гулсафсар илдизи экан. Табибларнинг жаҳли чиқиб, сотувчига таъна қилишади. Шунда у: “Сизлар дориворнинг номини билмадингиз, лекин аслида шуни сўрадингиз” дея жавоб беради.
Беруний гоҳо муаммолар келтирадиган бу каби чалкашликларни бартараф этиш мақсадида ўз асарида наботот, ҳайвонот, маъдан ва улардан олинадиган тахминан 4500 та доривор восита ҳақида маълумот бериб, уларнинг арабча, сурёний, сўғдийча, форсча, хоразмча, туркча ва бошқа тиллардаги номларини келтириш билан бирга, ўша давр доришунослик атамашунослигига катта ҳисса қўшган. Олим гоҳ у атамага, гоҳ бу атамага изоҳ бериш жараёнида тиббиётга дахлдор талай маълумотларни ҳам бериб ўтганки, бу асарнинг кўпқирралигини таъминлаган.
Муаллиф 2000 йиллик даврда яшаб ўтган табиблару ҳакимлар ва доришунос олимлар, табиатшунослардан 250 нафарининг асарларидан фойдаланган. Ўрни келганда, мақоллар, шеърий парчалардан ҳам мисоллар келтириб, атамаларнинг маъно қирраларини ёритишга эришган. Доривор моддаларни изоҳлар экан, уларнинг шифобахшлик хусусиятларини ҳам очиб беришга интилган: “Ҳаворанг гулли айиқтовон ўсимлиги бавосилга даво бўлади, қизил гуллилари эса бавосилни кучайтиради... Бўтакўзнинг дамламаси яра-чақаларга малҳам бўлади. Лекин ҳакимлар бўтакўзнинг мижозини совуқ ва ҳўлга тенглаштиришади. У ҳолда яраларга малҳам эмас, тинчлантирадиган воситадир. Қубийун тоши ўткир таъмли ҳидга эга бўлиб, у йирингни тортиб олади”.
Беруний ва ундан олдинги давр тиббий атамалари шу доривор олинадиган маҳсулот номига, касаллик номига ва дорининг хусусиятларига нисбатан ифодаланган. Бу хизматлар ўтмиш табибларимиз ва табобатга оид фаннинг халқчиллигини ва амалиётда қўллашнинг қулайлигини таъминлайди. “Сайдана”да бу атамаларнинг бир неча тиллардаги муқобиллари ва синонимлари берилиши табобат илмини умумжаҳон аҳамиятига молик қилган. Улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг буюк тарихий хизмати ҳам ана шунда.
Муҳаррама Пирматова
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.
Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди