Мақолалар

Либос – қалб кўзгуси!

Либос ҳар бир инсоннинг ҳаё, ор ва номусининг тарбияси ифодасидир. Кишининг кийимига қараб унинг эътиқоди, дунёқараши ва ахлоқини билиб олса бўлади. Инсоннинг ҳаёси қанчалик кучли бўлса, устидаги либоси ҳам шунга яраша бўлади. Кишининг ҳаё ва итоати камайганда либослари қисқаради. Ҳаёси кучайганда эса либослар ҳам шунга яраша бўлади.

Бунинг мисолини Одам алайҳиссаломнинг яратилиш воқеаларида кўришимиз мумкин. Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз таъқиқланган мевадан еб қўйган пайтларида уларнинг аврати очилиб қолди. Лекин, улар дархол ўз тана аъзоларини дарахт барглари билан тўса бошладилар. Хўш айтингчи, улар уят, ор-номус ва авратни яшириш деган билимларни қаердан ўргандилар? Ҳеч қаердан! Аксинча, Аллоҳ таоло уларни яратишдаги соф фитратларида бу нарсалар билан бирга яратди. Демак, уят, ор-номус ва авратни ёпиш каби тушунчалар азал-азалдан бутун инсониятнинг қон қонига сингиб кетган ҳислатдир.

Аллоҳ таоло либосга бир нечта хусусиятларни берди. Жумладан, либос – кишининг жисмидаги барча кўринишдаги айб ва нуқсонларни ўзгалар кўзидан яширади. Либос кишининг танасини ҳар қандай об-ҳавода ҳимоялайди ва роҳатлантиради. Либос – кишига кўрк ва виқор беради.

Либос ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эй одам болалари! Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир...”  (Аъроф сураси, 26-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло либос ҳақида сўзлаганда энг аввало авратни ёпадиган либосни зикр қилди. Демак, ҳар бир эркак ва аёл учун либосдан кўзланган энг асосий мақсад, авратни ёпишликдир. Қолаверса, либосни аврат беркитиш шартларини бажарган ҳолда зийнат учун ҳам кийиш мумкин. Аксинча, авратга эътибор қаратмасдан фақатгина зийнат сифатида кийиш эса мумкин эмас.  

Ислом шариатида ибодат учун ҳам маросим учун ҳам махсус бир либос хосланмаган. Модомики, авратни ёпар экан, маън қилинмаган матодан фойдаланилмас экан ёки эркак ва аёллар учун махсус хосланмас экан,  нажосатдан ҳоли бўлиб покиза бўлган либосдан унинг шакли, рангги ва туридан қатъий назар бемалол фойдаланса бўлади.

Мусулмон инсон учун ҳар бир амалда суяниши лозим бўлган ягона мезон бу шариат мезонидир. Бунда кишиниг бирор бир миллат ёки қавмга тақлид қилиб, уларнинг кийимини ўзига хослаб олиши мақталган иш эмас!

Таъкидлаб ўтиш лозимки, киши ўзи яшаётган жамият, замон ва маконда кўпроқ урф бўлган либослардан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир. Чунки, кийилган кийим ҳарирлиги, торлиги ва алвонлиги билан ўзгалар эътиборини тортмаслиги шартдир!

Қолаверса, кишининг кийган либоси унинг фахрланишига, ўзидан ажабланишига сабаб бўлмаслиги зарур. Агар қайсидир рангни танлашга тўғри келган тақдирда ҳам, суннатга мувофиқ оқ рангларни танлаш маъқулдир. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилиб шундай деганлар: “Оқ либосларингизни кийинглар. Чунки, у либосларнинг яхшисидир..”. (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Агар киши кийинишда кимгадир тақлид қилгиси келса яхши инсонларга ўхшаб кийиниши мақсадга мувофиқдир. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: "Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ҳам ўшалардандир", (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти)  Яъни, кимки кийиниш ёки бошқа нарсаларда ўзини кофирларга, ёки фосиқ-у фожирларга ё бўлмаса тасаввуф аҳлига ёки солиҳ зотларга ўхшатса, гуноҳда ҳам, яхшиликда ҳам улар билан бир хил бўлади. Имом Тибий роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деган: "Ушбу ҳадис хулқ-атворга ҳам, тана аъзоларига ҳам, кийинишларига ҳам тегишлидир. Ўзини ўхшатиш асосан кийинишга тегишли бўлгани учун мазкур ҳадис айнан "Либослар" бобида келтирилган". Менинг фикримча, ҳадисда айнан ўзга дин вакилларининг ибодат либосларини кийиш назарда тутилган, бошқаси эмас. Чунки, тана аъзоларига нисбатан ўхшашликни тасаввур қилишни имкони йўқ. Хулқ-атворга нисбатан эса "ўзини ўхшатиш" деган сўз ишлатилмайди, аксинча "хулқланиш" сўзи ишлатилади.

Бу борада ажойиб бир ҳикоя келтирилади. Унда шундай дейилади:  "Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг оиласини ғарқ қилганда, унинг масхарабозини ғарқ қилмаган экан. У масхарабоз кийинишда ҳам, гапиришда ҳам ўзини Мусо алайҳиссаломга ўхшатиб, гапирар ва масхара қилар экан. Фиръавн ва унинг одамлари унинг бу қилиқларидан мириқиб кулар экан. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга ёлвориб: "Эй Раббим, бу одам Фиръавннинг яқинларидан ҳам кўра кўпроқ менга азият берар эди" деганларида Аллоҳ таоло шундай жавоб қилган экан: "Биз уни чўктирмадик. Чунки, у сенинг кийимингга ўхшаш кийим кияр эди. Суйган киши суюклигининг кўринишида бўлган кишини азоблармиди?".

Ўзингиз ўйлаб кўринг, нияти бузуқлик бўлса ҳам, ўзини ҳақ йўлидагиларга ўхшатган киши бу дунёда нажотга эришибди. Охиратдаги ҳолини Аллоҳ билади.

Энди улуғлаш, ҳақиқий ҳурмат қилиш юзасидан ўзини Аллоҳнинг пайғамбарлари ва дўстларига ўхшатган киши ҳақида гапиришга тил ҳам қалам ҳам ожиздир!

Хулосада шуни айтиш мумкинки, ҳеч бир ҳалқ юриш-туриш ва кийиниш ва бошқа масалаларда бизга намуна эмас. Намуна эса, миллати ва ирқидан қатъий назар солиҳ кишилар ва Аллоҳнинг дўстларидир.

Шонли тарихимизда эса, биз учун ўрнак бўладиган бундай аждодларимиз жуда ҳам кўп. Агар кимгадир ҳавас қилиш керак бўлса, кимгадир тақлид қилиш зарур бўлса Ислом оламида ўчмас из қолдирган аждодларимиз – ота-бобларимиз, момою бувиларимизга тақлид қилайлик, ўз тарихимизни ўрганайлик...

 

ЎМИ Тошкент вилояти

вакиллиги масъул котиби:

Ё. Исломов

 

1911 марта ўқилди

Мақолалар

Top