Ҳаётнинг барча соҳасида тараққиёт, осонлик, қулайлик учун йўллар ўта зарур омилга айланиб қолган. Шунинг учун ҳам Исломда йўллар масаласига ўзига яраша алоҳида эътибор қаратилган. Йўлга ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоидалар, одоб-ахлоқлар жорий қилинган.
Йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни назоратга олиш муҳим вазифага айланди. Мамлакатимизда ҳатто мактабгача таълим муассасаларида ҳам йўл хавфсизлиги қоидалари ўргатилмоқда.
Ислом дини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам низом ва тавсиялар берган. Минишдан олдин уловнинг йўлга тайёр эканини текшириш, носоз жойларини тузатиш лозим. Уловга белгилаб қўйилганидан ортиқ юк ортилмайди. Хавфсизлик чораларига тўлиқ амал қилиш, яъни от-улов бўлса, эгарининг айилини ҳайвонга озор бермаган ҳолда маҳкам боғлаш ва жиловини яхши тортиш; автоуловда эса хавфсизлик камарини тақиш керак. Уловга маълум масофадан кейин дам берилади. Ҳайдовчи ҳам дам олиши мақсадга мувофиқ, чунки толиқиб йўлда ухлаб қолиши ёки улови ишдан чиқиши мумкин.
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Демак, бу тармоққа оид қоида ва одобларни ўрганиб, уларга амал қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади. Қўйидаги сатрларда мазкур йўл ва автоулов бошқариш одобларини эътиборингизга тақдим этамиз.
– Йўлга яхши ният билан, керакли дуоларни ўқиб чиқиш.
Яхши ният – ярим мол. Мусулмон киши доимо яхши ниятли бўлади. Бинобарин, йўлга чиққанда ҳам яхши ният билан чиқади. Ривоятларда келган йўлга чиқиш олдидан ўқиладиган дуоларда ҳам айнан яхши ният ифода қилинган.
– Йўлнинг ўнг тарафида юриб, ўнг тарафида тўхташ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: “Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳаб (яхши)дир”, деганлар.
– Йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, папирос қолдиқлари, турли қоғозлар ва шунга ўхшаш нарсаларни ташламаслик.
Бир сўз билан айтганда, йўлни ифлос қилмаслик. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган.
– Йўл одобларидан бири – ёрдамга муҳтож йўловчиларга ёрдам беришдир.
Йўл тасодифларга тўла, баъзи йўловчилар бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишади. Мана шундай вазиятларнинг устидан чиқиб қолган кишилар, агар эҳтиёжи бор одамнинг ўзи ёрдам сўрамаса ҳам, ёрдам беришга шошилишлари керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига уловига минишига ёрдам беришинг ёки унинг устига анжомини олиб беришинг ҳам садақадир”, дедилар”.
– Йўл одобларининг энг муҳимларидан бири йўл қоидаларига риоя қилишдир.
Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинади. Ҳозирги пайтда булар халқаро қоидалар даражасига етган. Ушбу қоидаларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурийдир. Мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига ҳам тўғри келади. Демак, мусулмонлар бу қоидаларга ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилишлари керак.
Агар барчамиз ушбу йўл одобларига ва қоидаларига оғишмай амал қилсак, жуда катта ва савобли ишни амалга оширган бўламиз. Ҳаммамиз йўлларнинг моддий ва маънавий ободлиги, покизалиги, гўзаллиги учун ҳаракат қилайлик!
– Йўл одобларидан бири – ҳар томонга алангламай, тўғрига қараб юришдир.
Улуғларимиз йўлда ҳар томонга аланглаб қарашни беодобликнинг катталаридан деб билишган.
– Йўл ҳақларидан бири йўловчилар билан саломлашишдир.
Хусусан, салом берганларга алик олишдир. Зотан, Исломда таниган ва танимаган ҳар бир киши билан саломлашишга катта эътибор берилгани ҳаммага маълум.
– Йўл ҳақларидан яна бири – адашган йўловчига йўл кўрсатишдир.
Йўлда борадиган жойини топа олмай, ёрдамга муҳтож бўлиб юрган кишилар тез-тез учраб туради. Уларга йўл кўрсатиб қўйиш бошқаларнинг бурчидир.
– Автоулов воситасини ҳайдовчи киши белгиланган тезликка риоя қилиши лозим.
Зотан, ноўрин шошилиш шайтондандир. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни ошириш кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин,
– Автоулов воситасини ҳайдовчи ўзидан бошқаларга халал бермаслиги одобдандир.
Баъзи ҳайдовчилар ўз ҳамкасбларига халал берадиган ишларни ўйламай-нетмай килаверишади, бу ғирт беодобликдир. Бошқаларнинг йўлини тўсиш, қизил чирокда ўтиб кетиш, автоуловни бепарволик ва қўполлик билан бошқариш, ўзга ҳайдовчиларнинг юришига халал берувчи бошқа ҳаракатларни қилишдан сақланиш лозим.
– Автоулов ҳайдовчиси огоҳлантирувчи овоз чиқарувчи мосламани иложи борича чалмасликка ҳаракат қилиши зарур.
Баланд ва кутилмаган овоз кўпчиликка озор бериши, асабини бузиши, йўлдан чалғитишини унутмаслик керак. Бундай овоз воситалари билан автоуловларни жиҳозлашдан мақсад, зарурат юзасидан ишлатиш учундир. Бировларни безовта қилиш, чўчитиш ва норозилик уйғотиш учун эмас.
– Автоулов воситасини тақикланган жойларда тўхтатмаслик ҳам юксак одобдир.
Бу иш жамоатчилик одобларининг кўзга кўринганларидан биридир. Зотан, тўхташ тақиқланган жойга автоуловни тўхтатиш катта беодоблик, бошқаларга ҳурматсизликдир. Бу иш билан ҳайдовчи кўпчиликни беҳурмат қилган ва уларга ноқулайлик туғдирган бўлади.
Шариатимиз буюрган одобларга риоя қилиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Шунинг учун йўлда ДАН ходими биздан ҳайдовчилик гувоҳномасини, уловнинг техник кўрикдан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни, дори қутичаси бор-йўқлигини, хавфсизлик камарини тақишни талаб қилса ёки уловга кўп юк ортилгани ҳақида огоҳлантирса, буни тўгри қабул қилиш лозим. Бу одоб ва мажбуриятларни бажариш ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг кўзланган манзилга соғу омон етиб олишимизни таъминлайди.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани “Имом Султон”
жоме масжиди Имом-хатиби
Ҳозирги даврда коррупция глобал миқёсдаги энг жиддий муаммолардан бири сифатида эътироф этилмоқда. У жамиятнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқий чораларни, балки ахлоқий ва маънавий асосларни ҳам талаб қилади. Ислом дини эса инсон фаолиятини тартибга солувчи мукаммал тизим сифатида бу борада муҳим тамойилларни таклиф этади.
Ислом таълимотида жамият барқарорлиги ахлоқий қадриятларга таянади. Қуръони каримда адолат ва омонатдорликка алоҳида урғу берилиб, инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳалоллик асосида қурилиши лозимлиги таъкидланади. Жумладан, Нисо сурасининг 58-оятида омонатни эгасига топшириш ва адолат билан ҳукм қилиш буюрилади.
Исломий қадриятлар қуйидагилардан иборат:
• Ҳалоллик — ҳар қандай фаолиятда поклик ва ростгўйликни таъминлаш;
• Адолат — ҳар кимга ҳаққини бериш;
• Омонатдорлик — ишониб топширилган вазифани суиистеъмол қилмаслик;
• Масъулият — ҳар бир амал учун жавобгарликни ҳис этиш.
Коррупция мансаб ёки ваколатдан шахсий манфаат йўлида фойдаланишдир. Бу ҳолат жамиятда тенгсизлик ва ишончсизликни келтириб чиқаради.
Ислом нуқтаи назаридан коррупция:
• ҳаром даромад,
• зулм ва адолатсизлик,
• омонатга хиёнат сифатида баҳоланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳадисларида пораҳўрлик кескин қораланган бўлиб, бу иллат жамиятни емирувчи омил сифатида кўрсатилган.
Ислом дини коррупцияни илдизидан бартараф этишга қаратилган қуйидаги механизмларни илгари суради:
Биринчи, омонатдорлик тамойили — мансабни шахсий манфаат учун ишлатишни қатъиян ман этади.
Иккинчи, адолат тамойили — қарорлар холис ва ҳаққоний бўлишини талаб қилади.
Учинчи, ҳалоллик — ҳаром йўллар билан бойлик орттиришни рад этади.
Тўртинчи, тақво — инсоннинг ички назорати сифатида хизмат қилади.
Бешинчи, ҳисобдорлик — ҳар бир амал учун жавобгарликни эслатади.
Бу тамойиллар коррупциянинг олдини олишда профилактик восита сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашишда қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда. Бироқ фақат жазолаш механизмлари етарли эмас. Исломий ёндашув эса инсоннинг ички дунёсини тарбиялаш орқали муаммонинг илдизига таъсир кўрсатади.
Исломий қадриятлар билан ҳуқуқий тизим уйғунлашганда:
• жамиятда ҳалоллик муҳити шаклланади,
• давлат бошқарувида шаффофлик ошади,
• фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва маданияти юксалади.
Коррупцияга қарши курашишда исломий ахлоқий-ҳуқуқий тамойиллар муҳим ўрин тутади. Ҳалоллик, адолат, омонатдорлик ва масъулият каби қадриятлар жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Шу боис замонавий ҳуқуқ тизимини ушбу қадриятлар билан уйғунлаштириш коррупцияни камайтиришда самарали йўл ҳисобланади.
Муҳаммад Ачилов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги ҳуқуқшуноси