Айрим тоифалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларни ёзишдан қайтарганларига ушбу ҳадисни далил қиладилар: “Мендан (ҳадис) ёзиб олманглар. Ким мендан Қуръондан бошқани ёзса, уни ўчириб ташласин!”1
Чиндан ҳам, Набий алайҳиссалом Ислом динининг дастлабки даврида ҳадисларни кўчириб ёзишдан қайтарганлар. Чунки ҳадисни ёзувчилар озчиликни ташкил қилиб, ҳадислар хурмо барглари, сопол буюмлар, дарахт пўстлоқлари ва бошқа нарсаларга битиларди.
Қолаверса, саҳобалар ҳали Қуръони каримнинг ўзига хос услубини, унинг матнини ажрата олмас эдилар. Агар ҳадислар ҳам ёзиб олинса, Қуръон билан аралашиб кетиш хавфи бор эди. Ушбу хатарнинг олдини олиш мақсадида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис ёзишдан қайтарганлар.
Бироқ кейинчалик ҳадисларни ҳам кўчириб-ёзиб боришга ижозат берилган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ (631–676): “Ҳадисларни Қуръон оятлари билан бирга ёзиш ман этилган. Қуръон билан ҳадис алоҳида-алоҳида ёзилмаганида, оятлар ва ҳадислар ўзаро аралашиб кетган бўларди”, деган.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бундай мисол келтиради:
«Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо ўзларига кўчиртирилган Қуръони каримнинг Бақара сурасидагиوَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى – “ал-вусто” оятидан сўнг “солатул аср” изоҳини ёздирган. Аслида, “солатул аср” сўзи Қуръонда йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундан қайтарганлар».
Исломнинг бошланиш даврларида оят билан унинг тафсири бирга ёзилса, уларни ажратиб олиш қийин бўларди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тафсир ва шарҳларни оятлар билан бирга ёзишдан қайтарганлар2. Қуръони каримдан ташқари ҳар қандай ёзувни ўчиришни амр қилганлар. Бу борада ўша замонларда ёзув қоғози қанчалик тақчил бўлганини ҳам унутмаслик керак. Ҳатто Қуръон оятлари ҳам тери парчалари, дарахт пўстлоқлари, ҳайвон суяклари ва баъзан тошларга ёзиларди. Уларни китоб ҳолида бир жойда тўплаш қийин эди. Агар ҳадислар ҳам айни шаклда ёзилса эди, Қуръон оятлари ва ҳадисларни бир-биридан фарқлаш янада қийин бўларди.
Бу тартибнинг барчаси пайғамбарликнинг дастлабки йилларига оид эди. Саҳобалар Қуръоннинг услубига ошно бўлганларида ва ёзув қоғозига кўчириш имконлари пайдо бўлганида вақтинчалик бу эҳтиёт чораси бекор қилинди. Чунки энди Қуръон билан ҳадиснинг аралашиб кетиш хавфи қолмаганди.
Вақти келиб, Набий алайҳиссалом саҳобаларига ҳадисларни кўчириб ёзишни шахсан ўзлари буюрдилар. У зот алайҳиссаломнинг бу мавзудаги таълимотларидан баъзилари қуйида келтирилади:
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтириб бир қанча ҳадисларни эшитди. Аммо уларни ёдлаб ололмади. Шунда Набий алайҳиссаломга: “Сиздан жуда ажойиб ҳадисларни эшитдим. Лекин ёдимда қолмади”, деди. Пайғамбаримиз: “Ўнг қўлингни ёрдамга чақир!” деб ўнг қўл билан ҳадисни ёзиб олишга ишора қилдилар»3.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳар бир нарсани уни сақлаб қолиш мақсадида ёзиб олар эдим. Бундан мени қурайшликлар қайтардилар. “Эшитган ҳар бир нарсани ёзиб олаверасанми?! Ахир, инсон ғазабланиши, рози бўлиши мумкин”, дедилар. Мен ёзишдан тўхтаб қолдим. Сўнг бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб бердим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилдилар ва: “Ёзавер, нафсим қўлида бўлган Зот – Аллоҳга қасамки, бу оғиздан фақатгина ҳақиқат юзага чиқади”, дедилар»4.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмни боғланглар!” дедилар. Мен: “Унинг боғлами нима?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Уни кўчириб ёзиш”, дедилар»5.
Ушбу ҳадисга мувофиқ бир неча саҳобалар розийаллоҳу анҳум ҳадисларини кўчириб-ёзиб борганлар ва ўзларининг ҳадис тўпламларини тузганлар. Улар сақлаган, жамлаган ҳадис тўпламлари кейинги давр муҳаддис олимлари учун илмий кашфиётлар эшигини очди ва бу асарлар бошқа турдаги ҳадис тўпламлари негизини ташкил этди.
Даврон НУРМУҲАММАД,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянч докторанти
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД