— Эрим 10 йил олдин хорижга ишлашга кетган, аммо шунча вақтдан бери унинг тирик, ё ўлик эканлиги номаълум. Рўзғорда қийинчиликлар кўраётганим, фарзандларим билан муҳтожликда яшаётганим учун қариндошларим мени бир эркакка турмушга беришмоқчи. Лекин эрим талоғимни бермаган, у билан ажрашмаганман. Бундай ҳолатда нима қилишим керак?
— Бедарак йўқолган кишининг аёли ҳақида Ҳанафий мазҳаби уламолари қаттиқ шартлар айтишган. Ҳозирги кунда айрим уламолар агар эр мутлақо бедарак йўқолса ва барча излаш воситалари билан ҳам аниқлаш имкони бўлмаса, орада тўрт йил ўтган бўлса, икки тараф қариндошлари, маҳалла вакиллари ва имом иштирокида аёлнинг аризаси кўрилиб, никоҳ бузилгани эълон қилинади. Сўнг аёл идда ўтириб, иддаси чиққандан кейин янги эрга никоҳланса бўлади, дейишган.
— Аёл киши қачон ва қандай ҳолатда эридан талоқ сўраши мумкин? Ўзини ўзи ҳам талоқ қилса бўлади, деб эшитдим. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.
— Хотин киши эрини ёқтирмаса ёки эри унга ёмон муносабатда бўлса, эридан талоқ қилишини сўраши мумкин. Бу динимизда хулуъ дейилади. Хулуъ – хотиннинг эрига пул таклиф қилиш ёки маҳрдан бир қисмини қайтариб бериш эвазига талоқ сўрашидир.
Аллоҳ таолонинг: “Агар уларнинг Аллоҳ буйруқларини бажара олмасликларидан қўрқсангиз (эридан талоқ олиш ниятида) эваз беришида (ва эрнинг шу эвазни олишида) эр-хотин учун гуноҳ йўқ” (Бақара сураси, 229-оят), деган сўзи хулуъ мумкин эканига далилдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Айтди: “Собит ибн Қайс ибн Шамоснинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва: “Ё Расулуллоҳ, мен унинг хулқи ва динидан нолимайман. Лекин Исломдаги ношукрлигини ёмон кўраман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга боғини қайтариб берасанми?” дедилар. У аёл: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собитга: “Боғни қабул эт ва уни бир талоқ қил”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бундай ҳолатларда хотин эридан талоқ талаб қилиши мумкин. Бу Ислом динининг адолатини, аёл ва эркакка ўз ҳақ-ҳуқуқларини беришдаги қийматини кўрсатади.
Шариат ўлчовида ақлга сиғадиган сабаб бўлмаса, хотиннинг эридан талоқ сўрашига рухсат берилмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирон сабабсиз эридан талоғини сўраган аёлга жаннатнинг ҳиди (ҳам) ҳаром”, деган сўзлари келтирилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Агар эр аёлига “ихтиёринг ўзингда” ёки “талоғинг қўлингда”, деса, аёл киши ўзини талоқ қилиши мумкин. Бунинг тафсилотини бу соҳада мутахассис бўлган аҳли илмдан билиб олиш керак бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Китобларда Фиръавннинг кўмилмагани, одамларга ибрат бўлиши учун ер юзида қолдирилгани айтилади. Агар у қабрга кўмилмаган бўлса, унинг қабрдаги сўроқ-саволи ва азобланиши қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Инсон вафот этганидан кейин унинг бу дунё билан алоқаси узилиб, “Барзах олами” деб аталадиган бошқа бир оламга кўчади. Уни оддий қилиб қабр ҳаёти деб аталади. Қабр деганда фақат ердан қазилган чуқурлик назарда тутилмайди, балки инсон вафот этганидан кейин унинг жасади қаерда бўлса, ўша жой унинг қабри ҳисобланади. Шу боис, одатда барзах оламидаги азоб “қабр азоби” деб ҳисобланади.
Маййит дафн қилинмагани учун ер юзида қолдирилган бўлса ҳам уни дунё оламида эмас, балки барзах оламида дейилади. Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати билан барзах оламидаги ҳақиқатларни одамлардан яшириб қўйган. Шу сабабли маййитнинг бошидан ўтаётган яхши ёки ёмон ҳолатларни бу дунёдагилар кўра олмайди.
Фиръавннинг жасади ёки унинг тана аъзолари қаерда ва қайси ҳолатда бўлмасин, унга қилган жиноятлари ва амалларига яраша барзах азоби берилади.
Машҳур юртдошларимиздан Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизин” китобида мазкур масала қуйидагича тушунтирилган:
“Агар чанди ки гўрсиз ўлса инсон, Сўролур, албатта, бешакку нуқсон.
Агар дарёда ўлсун ё осилсун, Азоб этса, бани одам на билсун.
Даранда одам ўғлин қилса хўрок, гумон йўқдур, сўрар қорнида, эй пок.
Агар банда муаззаб бўлса анда, қолур туймай бу ишни ул даранда.
Нечук қилса эрур Қодиру Носир, Бу ерда бандасининг ақли қосир”.
Демак, инсон вафот этгандан кейин у учун барзах олами бошланади ва қай ҳолатда бўлишидан қатъий назар унинг сўроқ-саволи ҳамда азоб ёки роҳати муқаррар содир бўлади. Мусулмон инсон мана шундай эътиқодда бўлиши зарурдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази