Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июн, 2026   |   13 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:52
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
28 Июн, 2026, 13 Муҳаррам, 1448

Ҳаж ва умрага кетаётган аёлларга тавсиялар

23.06.2022   7469   6 min.
Ҳаж ва умрага кетаётган аёлларга тавсиялар

Ҳаж Ислом динининг бешинчи рукни бўлиб, ҳаж қилувчи нафс поклиги ва аҳлоқ сайқалига алоҳида эътиборли бўлиши талаб этилади. Аллоҳ таоло Ўзининг  байтига ҳаж ибодатини бажариш учун чақирибдими, демак  ҳаж қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир.   Шунинг учун ҳаж қилувчилар олий даражадаги одоб билан одобланишлари зарурдир.

“Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса (яъни эҳромга кирса), ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз Аллоҳ уни билади” (Бақара сураси, 197-оят).

Ҳажга отланган инсон тилини турли фаҳш, ғийбат ва ноўрин сўзлардан тийиши зарур. Ҳаждан кўзланган мақсад мукаммал равишда рўёбга чиқиши учун бир қанча қалб амаллари ва одобларни бажо келтириш лозим бўлади:

  • Ҳажга кетаётган инсон  аввало Аллоҳ ризолигини тилаб, ибодатда бўлиши керак. Шунингдек, “ҳожи она” номини олиш, фахрланиш ва риёкорлик каби иллатларда йироқ бўлиши зарур.
  • Барча гуноҳлардан тийилиб, Аллоҳ таолога тавба қилсин.
  • Атрофида  кексалар, ота-оналари бўлса, уларнинг розилиги ва дуоларини олиш яхши амаллардан ҳисобланади.
  • Кимнинг дилини оғритган, зулм  қилган бўлса, улардан сафар олдидан узр сўрасин. Ўзи ҳам кечиримли бўлсин.
  • Ҳаж сафари тайёргарлиги билан овора бўлиб, намоз ва бошқа ибодатларга эътиборсизлик қилмасин.
  • Кимдан қарзи бўлса, сафарга кетгунча барча қарзларни тўлаб қўйсин.
  • Ҳаж сафари чоғида ҳар дақиқанинг қадрига етиб ибодат ва зикрлар билан машғул бўлиш, қўлидан келганича  одамларга яхшилик қилиш пайида бўлиши керак.
  • Сафар чоғида  ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тилини тийсин.
  • Ҳаж давомида ҳаёллари тижоратдан ҳоли бўлган ҳолда,  қалбда ибодатларини Яратганнинг ҳузурида қабул бўлишини  чин ихлос ила сўрасинлар.

 

Ҳаж сафарига борувчи аёлларга хос бўлган масалалар:

 

  1. Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор бўлмаслиги  талаб этилади.
  2. Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
  3. Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”
  4. Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишликни, ҳаж сафарига нима мақсадда боришликни доим ёдда сақлаган ҳолда элликбошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
  5. Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
  6. Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
  7. Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак. Ортиқча егуликларни хоналарга олиб чиқмаслик, исрофгарчиликка йўл қўймаслик.
  8. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
  9. Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
  10. Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки  бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
  11. Ибодат вақтларида аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Қолган амаллар тўлалигича қилинади. Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб  иш кўрилади.
  12. Аёллар камида уч киши бўлиб юриши, кечаси ёлғиз  юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса,  шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
  13. Масжидул Набавийдаги бир ракаат намознинг савоби минг ракаат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракаат намознинг савоби эса юз минг ракаат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
  14. Ҳаж ва умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
  15. Ҳажга борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилишини ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига  ҳиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.
  16. Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
  17. Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
  18. Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг ибодатларига эътибор бермаслик талаб этилади.
  19. Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис у ердан юк қилиб кўтариб юрмаслик, уйда қолган фарзандлардан тасбеҳ,  жойнамоз ва бошқа нарсаларни уйга олиб келиб қўйишлари тавсия этилади.
  20. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага  матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  21. Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  22. Ҳажга бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари лозим, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари ман этилади.
  23. Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  24. Шифокорлар доим хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  25. Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар бўлганида, дарҳол элликбошига мурожаат қилиш керак.
  26. Ҳаж сафарига кетаётганда ва қайтишда аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
  27. Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани элликбоши билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  28. Ҳаж сафаридан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида  ибрат бўлишлари  тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.

Ҳаж сафари давомида бажарган ибодатларингиз Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни мақбул даражасида бўлишини, мабрур ҳаж насиб этишини тилаб қоламиз.

 

 

Мунира Абубакирова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

Бошқа мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

26.06.2026   10288   4 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...

У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.

Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...

Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.

Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.

Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.

Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.

Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.

Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.

Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:

— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.

— Баъзан, дедим.

У эса:

— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.

— Нега? — дедим.

— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.

Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.

Мен унга:

— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.

Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:

— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.

Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.

Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.

Ҳаммасини айтиб бердим.

Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:

— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?

Мен:

— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.

Отам бироз сукут сақлаб:

— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.

Сўнг қўшимча қилди:

— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.

Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.

Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.

Мен унга:

— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.

У киши жилмайиб:

— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.

Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:

Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг.

Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:

Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.

У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.

Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.


Даврон НУРМУҲАММАД