Қайта тирилишни инкор этган, дунё ҳаётида қилган амалларидан ҳисоб бериш йўқ деб ўйлаган имонсизларнинг ўлим арафасидаги аянчли ҳолатини Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида бундай баён этади: «Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етганда, (вaфот этaётганга): “Дам солувчи киши борми?” деб қолинганда, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда, (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалишиб қолган бир вақтда ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир. На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди (у) ва на намоз ўқиди» (26–31-оятлар).
Ушбу ояти карималарда инсон учун умрнинг охирги – тавба эшиги ёпилган дақиқалари ҳақида сўз бормоқда. Одам боласига бундан оғир мусибат, аянчли мағлубият, бундан кўра аччиқ надомат йўқдир. Чунки у жоҳиллиги, кибри, итоатсизлиги боис ҳамма нарсани шайтонга бой беради. Бузуқ эътиқоди сабабли ўзича яхшилик деб ишонган амаллари ҳам чипкакка чиқади.
Бундай вазиятга тушишдан Аллоҳ асрасин. Аллоҳ таоло мўминларни жоҳилларча кибри сабабли ҳаёт жиловини бутунлай нафси ва шайтонга топшириб қўйган золимлардан юз ўгиришга, улардан узоқ бўлишга буюради. Шунингдек, тақво қилувчи бандалар учун бундай золимларнинг қилмишларидан ҳисоб бериш йўқлигини айтади. Лекин гуноҳлардан сақланишлари учун эслатма билан бошқаларни огоҳлантиришлари лозимлигини таъкидлайди: “Динларини ўйин ва беҳуда нарса қилиб олган ва бу дунё ҳаёти алдаб қўйганларни қўяверинг (уларга парво қилманг)! Ҳар бир жон (ўз) қилмиши сабабли ҳалок бўлиши, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир дўст ва оқловчи бўлмаслиги, бадалнинг ҳаммасини берса ҳам, ундан олинмаслигини у (Қуръон) орқали эслатинг! (Ўз) қилмишлари сабабли азобланадиганлар ана ўшалардир” (Анъом сураси, 70-оят).
Мўминлар Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва раҳматидан бебаҳра қолмасликлари учун яхши, солиҳ амаллардан васила ҳозирлашлари лозим. “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!” (Моида сураси, 35-оят). Намоз, рўза, закот, ҳаж, Қуръон тиловати, зикр – булар ҳаммаси Аллоҳ розилиги учун холис адо этилса, васила бўлиши аниқ.
“Тақводор” сўзининг бир маъноси араб луғатида “холис”, “астойдил”, “чин қалбдан интилувчи” демакдир. Яъни Аллоҳ таолонинг розилигига интилувчи. Лекин бу интилиш салоҳиятини Аллоҳ таоло, аввало, ота-онанинг розилиги, иккинчидан, солиҳ зотлар – саҳобалар, мужтаҳид имомлар, авлиёларга эҳтиром, учинчидан, пайғамбарларга имон келтириш, муҳаббат қўйиш билан боғлаган. Яъни солиҳ, савобли амал ота-она розилиги, солиҳ зотлар дуоси, пайғамбарларга ишонч, эҳтиром туфайли Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабулдир, иншоаллоҳ. Агар банда жоҳил, кибри ва шайтон васвасасига берилиб, ушбу боғланишларни менсимаса, яхши амалларининг ҳам йўлини тўсган бўлади.
Абдуҳаким ОРТИҚОВ,
Чироқчи тумани
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا عيسى العسقلاني أنا يزيد أنا حميد عن أنس عن عبادة بن الصامت قال: خرج علينا رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم وهو يريد أن يخبرنا ليلة القدر فتلاحى رجلان.فقال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: خرجت وأنا أريد أن أخبركم بليلة القدر وكان بين فلان وفلان لحاء فرفعت وعسى أن يكون خيرا فالتمسوا في العشر الأواخر في الوتر منها في خامسة وسابعة وتاسعة.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам Қадр кечаси ҳақида айтиб беришга чиққан эдилар. Икки киши талашиб қолди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Қадр кечасини айтгани чиққан эдим. Мана булар талашиб қолишди ва эсимдан чиқиб кетди. Охирги ўн кунида тоқ кунлари, йигирма беш, йигирма етти ва йигирма тўққизидан изланглар”, дедилар”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси