Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Россия ва Украина каби уруш кечаётган ерларда истиқомат қилаётган ватандошларимизга турли ваъдалар билан урушга тарғиб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим террорчи ташкилот вакиллари эса пайтдан фойдаланиб, “жиҳод” даъвоси остида турли хунрезликларга чақириқ билан чиқмоқда.
Аслида мусулмон кишини ўз ватанини ҳимоя қилишдан бошқа хар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши шаръан жоиз бўлмайди. Бу ҳақда мазҳабимизнинг буюк олимларидан бири Имом Муҳаммад "Ас-Сиярул-кабир" китобида айтадилар: “Мусулмонлар ғайридинлар билан бирлашиб, бошқа ғайридин жамоага қарши урушиши жоиз эмас”, деганлар.
Ушбу урушга “жиҳод” номини бериш жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Чунки Ислом шариатида жиҳод учун белгилаб қўйилган ўзига хос шарт ва талаблар мавжуд. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод ҳисобланмайди. Балки у Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади.
Биз бугунги кунда курашлар, зиддиятлар, дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлар авж олган бир вазиятда яшамоқдамиз. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Шунинг учун бугунги куннинг мусулмон кишиси ҳарқачонгидан кўра огоҳ ва хушёр бўлиши даркор. Хусусан, инсоният тараққиётига таҳдид солаётган турли бўхронлар ва нотинчликлар пайтида турли фитналарга аралашмаслиги лозим. Бу каби фитналарга аралашиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Қолаверса, амалдаги қонунчилигимизда ҳам хорижий мамлакатларнинг ҳарбий тузилмалари, ноконуний диний ташкилотлар ва террорчи гуруҳлар таркибига аъзо бўлиш таъқиқланган.
Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Яқинда фитналар бўлади. У пайтда ўтирган тургандан яхшидир, у пайтда турган юргандан яхшидир, у пайтда юрган югургандан яхшидир. Ким фитнага киришса ҳалокат ёқасига келади, ким фитна пайти паноҳгоҳ ёки сақланадиган жой топса у билан сақлансин!” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда Ислом дини икки жамоа ўртасида уруш бошланса, улардан бирига қўшилиб, уни алангалатишга эмас, балки тинчликка эришишга чақиради. Шундан келиб чиқиб, биз ватандошларимизни турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳозирги кунларда шифокорлар беморларга дори ёзиб берадилар ва дорихоналар ана шу дорини ёзган шифокорларга бонус сифатида маълум миқдорда пул беради. Шу пул улар учун ҳалол ҳисобланадими?
Шунингдек, соҳадаги айрим шифокорлар тиббий текширув ўтказадиган жиҳоз (аппарат) ўрнатишган ва келадиган ҳар бир бемор учун юборган шифокорларга маблағ беришади. Бунинг ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар шифокор беморнинг манфаати ва яхшилигини кўзлаган ҳолда, тўлиқ холис ва омонатдорлик билан бемор учун энг фойдали ҳамда мос келадиган дорини тавсия қилса, қолаверса, қуйидаги шартларга риоя этса, у ҳолда шифокор учун дорихонадан бонус олиши жоиз бўлади:
1. Шифокор шунчаки бонус олиш илинжида сифатсиз, кераксиз ва қиммат дори-дармонларни тавсия қилмаслиги керак.
2. Беморга нисбатан ҳеч қандай алдов бўлмаслиги лозим, яъни ҳақиқатан ҳам ундаги касалликнинг ушбу дорига эҳтиёжи бўлсин. Шунингдек, шифокорнинг мазкур фирма билан ҳамкорлиги ошкора қилиб қўйилиши керак.
3. Дори ишлаб чиқарувчи компания ёки дорихоналар шифокорга бериладиган бонуслар харажатини дори нархини қимматлаштириш орқали беморнинг зиммасига юкламасликлари керак.
4. Бемор фақат шифокор ўзи келишиб олган ўша дорихона ёки фирманинг дорисини сотиб олишга мажбурланмаслиги лозим.
5. Дори ишлаб чиқарувчи компаниялар бонус, ҳадя ва имтиёзлар тўловининг харажатини қоплаш учун дориларнинг сифатини тушириб юбормасликлари керак.
Саволнинг иккинчи қисмидаги тиббий жиҳозларга текширув учун юбориш орқали олинадиган бонусларнинг ҳукми ҳам юқоридаги ҳукм билан бир хил бўлади. Яъни, беморни муайян бир шифокорда кўрикдан ўтишга мажбурламаслик, пул илинжида керак бўлмаса ҳам юбормаслик, тиббий кўрик қилувчи шифокор унга юборган шифокорга бермоқчи бўлган маблағи беморга кўрсатадиган хизмат ҳақига қўшмаслиги, хизматининг сифати ва нархи бошқа шифокорларники билан бир хил бўлиши шарт.
Лекин ушбу шартларга риоя қилмасдан айрим шифокорларнинг ўз бурч ва вазифаларини бажариш эвазига фирма ва дорихоналардан бонус олишлари пора бўлиб қолади. Натижада маблағни уларга бераётганлар ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Чунки Исломда порани бериш ҳам, олиш ҳам ҳаромдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”.
Шунингдек, Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини, пора олувчини ва пора ишида воситачилик қилувчини лаънатлаганлар.
Демак, саволда айтиб ўтилган ҳолатда, агар юқоридаги шартларга риоя қилинмаса, бу ҳам айни пора бўлар экан. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази