Насафийнинг ҳаёт йўли ва илмий меросини ўрганиш аҳамияти
“Калом” атамаси ўрта аср мусулмон адабиётида турли хил диний-фалсафий мулоҳаза ва мунозараларга сабаб бўлган терминга айланди. Европа олимлари калом илмини “спекулятив тартиб-интизом” деб баҳолайдилар[1]. Бунинг замирида “муҳокамага ва баҳсга асосланган эътиқод ва ақидалар тизими” деган мазмун моҳият ётади. Калом илмида ислом ақидаларига шарҳ ва изоҳ беришда мантиққа таяниш устунлик қилади. Тақлид (муайян диндор вакиллар изидан бориш) калом илмида четлаб ўтилади. Каломда, хусусан, ақлга муносабатни бирор масалани ҳал қилишдаги мезон сифатида майдонга олиб чиқилган[2]. Мутакаллим ва ислом файласуфлари ақидагагина таянган салафийлардан фарқ қиладилар. Шунингдек, мутасаввиф ва сўфий мутафаккирлардан мантиқий изчиллик ва далил талаб қилишлари билан фарқланадилар. Мутакаллимлар ўз мулоҳазаларини исломнинг меъёрий тамойилларига (қонун ислом) йўналтирганлар[3]. Улар дастлаб бевосита динга тааллуқли муаммоли масалаларни мунозара майдонига айлантирмас эдилар. Файласуфлар мужодалада ақлнинг меъёрий тамойилларини (қонун ақл) тадқиқ қилар эдилар. Файласуфлар муҳокама услуби сифатида аподиктик (исботлашга йўналтирилган) мулоҳазадан фойдаланишади. Мутакаллимлар эса, диалектик усуллардан фойдаланади[4].
Мутакаллимларни характерловчи хусусият “илзам” бўлган. Улар баҳс-мунозарани оғзаки тарзда ёки ўзаро рисола алишиш шаклида уюштирганлар. Асосан, калом илми шаҳар муҳитида яхши ривожланган. Мутакаллимларнинг баҳс-мунозара уюштирувчи йиғилишлари “мажолис” тарзида ташкилий мазмунни англатувчи атамага айланиб қолган. Калом илмида муайян тамойил ишлаб чиқилганки, унга кўра ҳар қандай мусулмон ва муслима банда таҳқиқий имонга эришиш йўлида албатта бир марта шубҳа ҳиссини туяди[5]. Бу диний ақидани тақлидан ўзлаштириш эвазига вужудга келади. Дастлаб ақл ислом таълимотининг ҳақлигини эътироф этса-да, калом илмининг илк хулосаларига кўра, бу ҳали имон мустаҳкам ўрнашди, дегани эмас эди.
Калом ўз тараққиётининг биринчи босқичидан ўзаро мунозаралар босқичидан ўтган. Хорижий, қадарий, жабарий, муржиий каби диний-сиёсий оқим ва фирқаларнинг вужудга келиши калом илмининг тараққиётга сезиларли таъсир қилувчи омил вазифасини бажарди. Ғайриисломий ғоялар ва тасаввурлардан маздакийлик ва христианлик вакиллари билан илоҳиёт масалаларида тортишиш калом илмининг қонун-қоидаларининг яратилишида муҳим роль ўйнади. Қуръонни рамзий-аллегорик тарзда шарҳлашга (таъвил) асосланган мулоҳазалар калом илмининг бош мавзуси ўлароқ вужудга келди. Халифалик, имомат, иститоъат - инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларига жавобгарлиги (банда иродаси ва қадар), мусулмонлик даражалари (муслим ва мўъмин), гуноҳкор банда тушунчаси (кофир ва гуноҳи кабира қилган шахс), Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, Қуръоннинг махлуқ (яратилган) ёки махлуқ эмаслиги борасидаги муаммолар калом илмининг энг долзарб масалаларига айланди[6].
Нозик ва хавфли оқибатларга олиб келиш-келмаслигига кўра, дақиқ калом ва латиф калом турларига бўлинди[7].
Калом соҳасида икки мактаб вужудга келди: ашъария ва мотуридия калом мактаблари. Мотуридия калом мактабининг равнақига эса Абу Муин Насафий каби мотуридия мактаби вакиллари катта ҳисса қўшдилар.
Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳанафий ас-Самарқандий Мотуридий (870-944 й.й.) калом мактабларидан бирининг асосчиси сифатида Европа, араб ва ўзбек олимлари томонидан ўрганилган. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топган Мотуридий самарқандлик ҳанафий фақиҳларининг қўлида ислом фиқҳини чуқур ўзлаштиради. Узоқ йиллар фиқҳ ва калом илмларидан ўзи ҳам сабоқ беради. Самарқанднинг ўзида вафот этган Мотуридий таълимоти, асосан, Мовароуннаҳр ҳанафийлари орасида катта эътибор қозонади. Мотуридий карромийлар, рофизийлар ва мўътазилийлар таълимоти ва ғояларини ҳанафий йўналиши асосида танқид қилади ва уларнинг қарашлари асосли эмаслигини исботлаб беради. Воқелик ва Аллоҳ сифатларининг моҳияти борасидаги масалаларда бир қанча қарашларни баён қилади[8]. Ашъарийлар каби Қуръоннинг азалийлиги, инсон хатти-ҳаракатларининг Аллоҳ томонидан яратилгани, банда эса ўз ирода ва қобилиятига кўра мазкур амалларни касб қилиши борасидаги масалаларда мунозара олиб борувчи мотуридийлар ашъарийлардан мужодалалар услуби ва қарашлар хилма-хиллиги билан фарқланади.
Имом Мотуридий “Усулул фиқҳ” соҳасида биринчи қалам тебратган уламолардан ҳисобланади. Имом Абу Мансур Мотуридий “Китобут тавҳид”, “Китобул-мақолот”, “Таъвилоти аҳлис-сунна”, “Китобу авҳомил-мўътазила” каби асарлар ёзиб, ўзидан сўнг бой илмий мерос қолдирди. Имом Мотуридий “Усулул фиқҳ” соҳасида икки китоб “Китобул жадал”, “Китобу маоҳизуш-шариъа” асарларини тузган.
Мотуридийнинг издоши Насафийнинг ҳаёти ва илмий ижоди ҳақида сўзлашдан аввал у яшаган муҳит ва замин борасидаги маълумотларни бериб ўтиш жоиздир. 2006 йилнинг октябрь ойидаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти сўзлаган нутқда айнан Қарши-Насаф борасидаги тарихий воқеалар аҳамияти кўрсатиб берилганди: “Ҳар бир қарич ери муқаддас бўлган она Ўзбекистонимиз тупроғида жойлашган ва бутун жаҳон аҳлига ўзини танитган, ёши асрлар, минг йилларга тенг келадиган машҳур шаҳар ва масканлар, бебаҳо моддий ва маънавий мерос ёдгорликлари билан халқимиз, барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Биргина саховатли Қашкадарё заминида 2700 йиллик тарихга эга, нуфузли ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан эътироф этилган Шаҳрисабз ва Қарши каби шаҳарларнинг мавжудлиги ҳам бизнинг тарихий илдизларимиз нақадар чуқур ва нақадар қадимий эканидан яққол далолат беради.
Ўзининг узоқ ва бой ўтмиши давомида гоҳ Никшапа, гоҳо Нахшаб, кейинчалик Насаф деган номлар билан аталган кўҳна Қарши шаҳри тарих ва башарият учун аввало бетакрор цивилизация ва маданият бешиги сифатида, кўп-кўп улуғ сиймолар, буюк мутафаккир зотлар, азиз-авлиёларнинг ватани сифатида қадрли ва мукаррамдир. Бу юрт ўз тарихида кимларни, қандай оғир ва машаққатли синовлар, тўфон ва суронларни кўрмаган. Александр Македонский босқини, сосонийлар ҳужуми, араб истилоси, Чингизхоннинг қонли юришлари, табиий офатлар окибатида Қарши шаҳри неча бор яксон бўлиб, вайронага айланган. Бу юрт не-не хонлар, амирлар, чор истилосининг зулм ва зўравонликларини бошидан кечирган”.
Айниқса, бу табаррук масканда шаклланган юксак маданият, илмий-маънавий муҳит туфайли бу ердан Насафий тахаллуси билан ном қозонган юзлаб фозил инсонлар етишиб чиққан ва улар ўз она юрти шуҳратини бутун дунёга тараннум этган. Ана шундай бетакрор сиймолар қаторида ҳадис илмининг билимдонларидан Абул Аббос Мустағфирий, Абу Туроб Нахшабий, етук шоир ва олимлар Зиёвиддин Нахшабий, Муйидиддин Насафий, Сайидо Насафий, ҳуқуқшунос аллома Нажмиддин Насафий, калом илмининг намояндаси Абу Муин Насафий, файласуф Азизиддин Насафий, моҳир меъморлар Али Насафий, Олим Насафий ва бошқа кўплаб улуғ зотларнинг мўътабар номларини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз. Уларнинг бой илмий ва ижодий фаолияти, қолдирган меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларимизга етказиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир[9]”, деганда юртимиз алломаларининг бой илмий меросини тадқиқ қилиш аҳамияти нечоғли буюк эканини эътироф этган. Тарихий маълумотларга қараганда, қадим Кеш ва Насаф аҳли ташқи душманлардан ҳимояланишда бир-бирига елкадош, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ишларида, илм соҳаларида ҳамкорлик қилишган, бир-биридан қиз олиб, қиз берган.
Ҳар икки шаҳар қадимда илм-фан марказларидан бири бўлган, олиму фозиллар, шоирлару уламолар ўз фаолият соҳаларида бир-бирлари билан мулоқотда бўлишган ўзаро ҳамкорлик қилишган. Ўз замонасининг атоқли тарихчи олимлари бўлган Абул Ҳарос Варсаний Насафий “Китоб муфахарат аҳл Насаф ва Кеш” ва Абул Аббос Жаъфар Насафий “Насаф ва Кеш тарихи” номли асарлар ёзиб, икки қардош ва жондош шаҳарлар тарихи, илм аҳли ҳамкорлигини мукаммал ёритишган.
Қарши шаҳри ислом оламида мажлиси тадрислар ўтказиладиган шаҳар, ҳадисшунослик марказларидан бири сифатида маълум бўлса, Кешга илм ва адаб қуббаси, деб таъриф беришган. Қаршини ҳақли равишда насафийлар юрти дейишади, боиси бу кўҳна замин дунёга Насафий нисбасини олган Абу Муин Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Ҳафизиддин Насафий, Сайидо Насафий каби юзлаб шоирлар, тарихчи олимларни етиштириб берган.
Шаҳар турли асрларда Боло, Нашиболо, Нашхаб, Насаф номлари билан аталиб келинди. Унинг ҳозирги номланиши эса, асосан, XIV асрдан бошланган. Шаҳар қадимдан шарқ шаҳарлари орасида ўзининг сархил мевалари, табиий юнг матолари, қоракўли, гўзал боғ-роғлари билан машҳур бўлган. Бу ерда фан, маданият, шунингдек, шеърият ва диний илмлар юксак даражада тараққий этган. Манбаларда Насаф Ўрта Осиёдаги тўрт ҳадисшунослик марказининг бири бўлгани эътироф этилади. Асрлар мобайнида барпо этилган кўплаб мадраса ва работлар, масжид ва карвонсаройлар шаҳар кўркига кўрк бағишлаган. Ушбу табаррук замин жаҳонга юзлаб истеъдодли шоирларни, тарихчи олимларни, Абу Муин Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Ҳафизиддин Насафий, Саййид Насафий каби кўзга кўринган дин намояндаларини етиштириб берган. VIII-ХII асрларда Ўрта Осиёда яшаб ўтган уч минг муҳаддис олимнинг тўрт юзтаси Насафда ижод қилган. Абу Муин Насафий эса, шу олимларнинг ёрқин вакилларидан биридир.
Ўрта Осиё тарихида “Насафийлар сулоласи” деб ном олган олимлар ва мутафаккирлар силсиласи намоёндаси насафий қарши олими дея эътироф этилган. Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий Макҳулийни “Ислом қонуншунослигида ва калом илмида Ҳазрати Мотуридийдан кейин турадиган аллома” деб тавсифлади[10]. Олимнинг асарларини ўрганиш ва қиёсий таҳлил қилишнинг аҳамияти шунда кўринадики, Абу Муин Насафий давридаги турли ақидавий ғояларни кўтариб чиққан оқимлар ва ақидавий йўналишларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, чалкаш ақидавий масалаларга ечим излаш, ақидавий оқимларнинг таълимотларига асосли раддиялар бера олиш бугунги кунда ҳам шу соҳадаги муаммоларни бартараф этишдаги тўғри ёндашувни шакллантиришнинг муҳим омилидир.
Абу Муин Насафий яшаган давр аббосийлар ҳукмронлигининг заифлашган даврига тўғри келиб, бу пайтда ислом олами тарқоқ ҳолда мустақил мамлакатларга бўлиниб шаклланаётган эди. Мовароуннаҳрда дастлаб сиёсий барқарорлик кузатилган бўлса-да, кейинчалик очлик, қаҳатчилик ва тарқалган вабо офатлари билан ёнма-ён, мўътазилий, маздакий, жаҳмий ва мўшаббиҳ фирқалари орасидаги зиддиятлар кузатилди. Ана шундай кескин ва сиёсий беқарор вазиятда ақидавий зиддиятларни чуқур таҳлил қилиб, ўз фикрларини Қуръон ва суннадан аниқ далиллар келтириб асослаган. Абу Муин Насафийни унинг шогирди Абу Ҳафс Умар Насафий: “илми денгиздек ҳовучлаб ичиладиган зот, Шарқу Ғарбнинг олими” деб таърифлаган эди[11].
Абу Муин Насафийнинг тўлиқ исми Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий Макҳулийдир. Бу ном унинг таржимаи ҳолларини зикр қиладиган бир қанча китоблардан аниқланган. Лекин бу асарларда Абу Муин Насафий насабининг шажарасини тузишда бироз қўшимча, камчиликлар ва тафовутлар ҳам бор. Бу тафовутларни кўрсатиб ўтиш лозим:
Ўтган олимларнинг таржимаи ҳоллари ҳақидаги китоблар муаллифлари олимнинг иккинчи боболарини “Мутамад” ёки “Муътамад” деб зикр қилса, Қутлибуғо уни “Саъид” деб[12], Зириклий эса, “Муъаббид” деб атаган[13]. Бу Абу Муин Насафийнинг исмини кўчиришдаги чалкашлик бўлиб, мазкур исмлар бир-бирига ўхшашлиги туфайли деб тахмин қилинади.
“Катоиби аъламил-ахёр” асари муаллифи имом Кафавий имом Абу Муин Насафийнинг таржимаи ҳолини баён қилиб: “Унинг исми Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Муътамад ибн Аҳмаддир” дейди. “Аҳмад” шажарада Абу Муин Насафийнинг иккинчи бобоси Муътамад ибн Муҳаммаднинг Абулбадиъ кунясини олган биродаридир.
Баъзи таржимаи ҳол китоблари имом Абу Муин Насафийнинг номини шундай келтиради: Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Муътамад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул. Бу силсилада Абу Муин Насафийнинг иккинчи бобоси Муътамаддан кейин “Муҳаммад” исми орттирилади. Аслида эса, Абу Муин Насафийнинг бобоси Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул экани нотўғри бўлиб, бу қуйидагича асосланади:
Таржимаи ҳоллар ёритилган манбаларда бу исм учрамайди.
Таржимаи ҳол манбалари Макҳул Насафийнинг автобиографиясини зикр қилганида уни (Маҳкулни) Абу Муин Муҳаммаднинг отаси ва Абулбадиъ Аҳмаднинг бобоси деб таърифлайди. Масалан, Абу Муин Муҳаммаднинг таржимаи ҳолида: у (Абу Муин) Муҳаммад отаси Макҳулдан ривоят қилган ва ундан ўғли Аҳмад Абулбадиъ ривоят қилган, деб ёзилади. Абулбадиъ Аҳмад Муътамаднинг дўстидир[14].
Мазкур чалкашлик имом Самъонийнинг “Ансоб араб” китобида бартараф этилган. У Макҳулий борасида: “Абдулбадиъ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий Макҳулийдир, отаси Абу Муин Макҳулийдан илм эшитган”, деса, яна: “Унинг биродари Абу Муин Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳулийдир, у бобоси Абу Муиндан илм ўрганган” деган иловани қўшади. Бу ерда мусанниф Муътамадни Абу Муин Муҳаммад ибн Макҳулнинг ўғли эканини айтиб, “у бобоси Абу Муиндан ривоят қиларди,” деб ўша Абу Муинни бобо қилиб қўяди. Абулбадиъ Аҳмад Абул Маолий Муътамаднинг акаси эканини эътироф этиб, яна бошқа асар қисмида Абулбадиъ ҳақида гапиради. Абулбадиъни унинг отаси деб, Муътамадни бобоси деб зикр қилади[15].
Демак, баъзи манбаларда Абу Муиннинг боболарига Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳулни изофа қилиб, Самъонийнинг Абу Муин Муҳаммад ибн Макҳулни Муҳаммаднинг отаси эмас, бобоси дейишига сабаб бўлган.
Куня сифатида эса “Абу Муин” номи эътироф этилади. Имом Зириклийнинг “Аълом” асарида айтилишича, Абу Муин Насафий 418 ҳ. йилда туғилган. Имом Каҳҳола ҳам ўзининг “Муаллифийн” асарида Зириклийнинг фикрини тасдиқлайди. Аммо ибн Қутлубуғо Абу Муин Насафийнинг 508 ҳ. йилда зулҳижжа ойининг 25-кунида 70 ёшида вафот этган, дейди. Бу маълумотга кўра Насафий 438 ҳ. йилда туғилган бўлади. Аслида бу икки сананинг қай бири тўғри экани хусусида аниқ тўхтамга келинмаган[16].
Абу Муин Насафийнинг устозлари ҳақида хеч бир китобда қайд қилинмаган. Фақат Насафий “Олим ва мутааллим” китобини отаси Муҳаммаддан ривоят қилганини айтади[17].
Бу гап шайх Абу Муин Насафийнинг отаси ўғлига устоз бўладиган даражада юксак илмий мартабага эга эканини ҳам билдиради. Лекин шу билан бирга манбалар муаллифлари ҳадис тўғрисида гапирганда имоми Абу Муин Насафийнинг отаси Муҳаммад ибн Муътамадни бошқа ҳанафий фақиҳлари каби фикрига мосламайди. Абу Муин Насафийнинг оиласи ва аждодларида, айниқса, ҳанафий мазҳаби фиқҳида муайян тизим анъанаси мавжуддир.
Абу Муин Насафийнинг тўртинчи бобоси Абулмутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий (258 йилда вафот этган) катта олим бўлиб, бир қанча китоблар муаллифидир. У Нишопурда шайх Яҳё ибн Муозга ва Карромия мадрасаси муассиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Киромларга шогирд бўлган. Абу Исо ат-Термизий, Муҳаммад ибн Айюб ар-Розий, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбаллардан илм, ҳадис эшитганлар. Абу Сулаймон Жузжонийга ҳам шогирд тушган. У ҳанафия мазҳаби фуқаҳоларининг тўртинчи табақасидан ҳисобланади[18]. Фиқҳга оид “Аш-Шуоъо” асарида у киши “Кимки рукуъ қилаётганда ва рукуъдан бош кўтарганда кўлини кўтарса, амали касир қилган бўлиб, намози фосид бўлади” деган масалани Абу Ҳанифадан зикр қилади. Яна у мавъизалар тўплами бўлган “Луълуиёт”, “Лубоб”, “Китаб фит-тасаввуфи анил-ҳайатил ижтимаъийя” номли асарлар муаллифидир. Имоми Макҳул ибн Фазл Насафий 318 йил вафот этган[19].
Аммо Абу Муин Маймуннинг учинчи боболари Абу Муин Муҳаммад ибн Макҳулий эса отаси Макҳул ибн Фазлдан ривоят қилади. Иккинчи боболари Абдулмаолий Муътамад ибн Макҳул эса (334 йилда туғилган) оталари Абу Муин Муҳаммаддан илм ўрганган. Яна у киши Абу Саҳл Исфароинийни ҳам эшитиб, ундан “Китабу ахбори Макка” ва бошқа китобларини ривоят қилган. Имом Муътамад ҳижрий 430 йилда вафот этган. Имом Муътамаднинг биродари Абдулбадиъ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ҳам фиқҳда жуда моҳир эди. У киши ҳам оталари Абу Муин Муҳаммаддан ривоят қилган[20].
Абу Муин Насафийнинг бобоси шу даражада илмий салоҳиятга эга бўлиб, фарзандларига илм ўргатишга шу қадар эътибор қаратганидан у кишининг биринчи ва асосий устози унинг бобоси бўлган бўлса, ажаб эмас.
У Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Исмоил Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий ас-Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Абу Бакр Алоуддин ас-Самарқандий, Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Алоуддин аш-Шоший Ҳанафий, Исмоил ибн Али ибн Фазл ибн Убайдуллоҳ Абу Музаффар ат-Талконий Вариъ Фақиҳ Ҳанафий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Абдуллоҳ ибн Насафий Баздавий, Али ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Абдулжаъфар Абулҳасан Балхий Жаъфарий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Абдулфатҳ Ҳалмий, Абдуррашид ибн Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Абдураззоқ ибн Абдуллоҳ Валволижий Қозий Заҳириддин Абдулфатҳ, Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Фараж ибн Абдулазиз ас-Соғаржий ас-Сафтий Абдулҳамид, Али ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Балхий ас-Сакалкандий каби шогирдларни етиштириб чиқарган. Уларнинг ҳар бири мотуридия калом мактаби
равнақига беқиёс ҳисса қўшувчи асарлар яратганлар.
(Давоми бор)
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
1 Sezgin F. Geschichte des arabischen Schriftums: T. I. – Leiden: 1967. S.22.
2 Риванш. Разум и отношение ислама к философию. М., 1976. С. 12.
[3] Калам и антически-греческие верования. М.: Питер. 2000. С.243.
[4] Риванш. Разум и тоношение ислама к философию. М., 1976. С. 18.
[5] Перушкин. Ислам и илзам. Ростов на-Дону, 1998. С.454.
[6] Лукаред С.В. Ислам. Энциклопедия. Польша-Литва: “Куруш”, 1947. С.46.
[7] Перушкин. Ислам и илзам. Ростов на-Дону. 1998. С.458.
[8] Перушкин. Ислам и илзам. Ростов на-Дону, 1998. С.471.
[9] Каримов И. А. Турикстон, 24-сон. 1998.
[10] Қаранг: Абул Муъин Насафий. Ат-тамҳид ли қоваид ат-тавҳид (Тавҳид қоидаларига муқаддима). Тарж.: Элмурод Ҳожи ўғли. Т.: Мовароуннаҳр, 2006. Б. 4.
[11] Қаранг Тамҳид. Тарж.: Элмурод Ҳожи ўғли. Б. 14.
[12] Ибн Қутлибуғо. Тарожим. Б.232.
[13] Зириклий. 1-том. Б.544.
[14] Қаранг: Тамҳид. Тарж.: Элмурод Ҳожи ўғли. Б. 24.
[15] Ибн Қутлибуғо. Тарожим. Б. 137.
[16] Ибн Қутлибуғо. Тарожим. Б. 141.
[17] Ибн Қутлибуғо. Тарожим. Б. 156.
[18] Муслиҳуддин Мустафо Касталлий. Хошийатул-Касталлий ъалал-ақоъидин-Насафийа. Нашр этилган жойи номаълум, 1326/1928. Б. 401.
[19] Ибн Қутлибуғо. Тарожим. Б. 169.
[20] Ибн Қутлибуғо. Тарожим. Б. 172.
ЎМИ Матбуот хизмати
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан